Юсуф Файзулло. Инсонийлик

ОНАМНИНГ ДУОЛАРИ

Эсласанг, кўнглинг ёришадиган хотиралар кишига ҳамиша ўзгача завқ бағишлайди. Бугун кўнглимнинг қат-қатидан жой олган хотираларим билан ўртоқлашгим келди. Бир ижодкор акамиз Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” китоби ҳақида “дунёда оналарга қўйилган энг буюк ҳайкал” деб таъриф берган эди. Яна бири эса “Ўткир аканинг асарлари нонга ўхшайди, ҳеч кўнглингга “урмайди” деганди. Бугун адибнинг ижоди ҳақида гапирмоқчи эмасман. Бу ҳақда олимларимиз кўп ва хўп ёзишган, ёзишмоқда. Мен у кишидаги инсоний фазилатларни ёдга олмоқчи эдим. Ҳаётимда у киши билан боғлиқ воқеалар жуда кўп бўлган. Раҳбар сифатида ажойиб фазилатларидан бири майда-чуйда нарсаларга умуман эътибор бермасди. Каттароқ муаммо юзага келганда, ходимларни юксак қоя каби ҳар қандай бўронлардан ҳимоя қилишга доим тайёр эди.

Уйланиб фарзандли бўлгунимча ҳар ҳафта дам олиш куни Чустга қатнардим. Катта қизим туғилиб олти ойлик бўлганида уларни Тошкентга олиб келмоқчи бўлдим. Аксига олиб яхшироқ ижара уй тополмадим. Буни сезган Ўткир ака кўнглимни кўтарди. Иложи бўлса у кишиям суриштириб кўришини айтди. Сал ўтмай шанба куни уйларига ўтишимни тайинлади. “Шарқ юлдузи” журналига ишга кираётганимда иш тезроқ битсин дебми, мени “етим” деб таништиришган эди. Шу боисми ака қариндош-уруғ, маҳаллада бирор маросим бўлса, мени олиб бориб, меҳмон қиларди. Хуллас, айтган вақтларида уйига етиб бордим. Маълум бўлишича, бир қўшниларининг уйлари бўш, ўзлари “Алгоритм” даҳасидаги янги уйда яшаб туришган экан. Ўткир ака, аёллари Ўлмасхон опа билан бирга ўша мавзега йўл олдик. Қидира-қидира ўша уйни топдик. Яхши инсонлар экан. Устоз ва опанинг ҳурмати боис уйнинг калитини қўлимга тутқазишди.
Ўша куниёқ онамга қўнғироқ қилиб, бош­пана топганимни айтдим. Онамнинг гап-сўзларидан эса бу ишим унча ёқинқирамаганини сездим. Мен Чустга бориб ишлашим, мусофирликда ёш бола билан қийналишимни хоҳламаётганди. Бир амаллаб кейинги ҳафта охиригача келишга кўндирдим. Тез орада навбатдаги шанбада келишларидан хабар топдим. Энди менинг оилам ҳам тўкис бўлади.
Айтилган куни шоҳбекатга чиқиб кутиб олдим. Онам бир олам бўхча қилиб олибди. Шунга қарамай онамда бу ишимга рўйхушлик сезилмасди.
– Болам, – деди оҳиста кетиб бораркан. – Катта шаҳар. Ижара уй. Агар келиним билан набирам бу ерда қийналадиган бўлишса, бир дақиқаям қолдирмайман.
Мен эса бу уйни Ўткир ака аёллари билан шунча овора бўлиб топиб беришгани, ҳали ҳаммаси яхши бўлишини қайта-қайта айтдим. Бу орада ижара уйимга етиб келиб, худди ўзимникидай эшикни очиб ичкарига кирдик. Олиб келган нарсаларни жойлаб, шом киришига яқинлашиб қолганига қарамай, бозорхалтани олиб энди кўчага чиққанимда ҳовли томондан келаётган Ўлмасхон опага кўзим тушди. Қўлларида буғи чиқиб турган катта лаган. Ёнларида ўғиллари Фаррух каттагина картон қутини кўтариб олибди.
– Йўл бўлсин, – деди опа йўлимни тўсиб.
– Уйдагилар келишувди. Шундоқ бозорчага чиқиб келай, дегандим.
– Йўқ, меҳмонларни ёлғиз қолдирманг. Акангиз меҳмонлар келишини айтиб, овқатни кўпроқ қилишимни тайинлаганди. Қани, юринг шовла совиб қолмасин. Кейин бизни таништириб ҳам қўйинг.
Биргалашиб уйга кирдик. Ўлмасхон опа онам билан қуюқ кўришди. Аёлим билан ҳам худди эски қадрдонлардек омонлашиб, эндигина олти ойлик бўлган қизимни ҳам эркалаб қўйди. Сўнг эса қисташимизга қарамай дуо қилинг, мен борай адамиз кутиб қолди, деб ўтиришга кўнмади. Бу онам ва аёлимнинг Тошкентга илк келиши эди. Таомдан сўнг онам қутини очишни буюрди. Унда ёғ, алоҳида-алоҳида пакетларга солинган гуруч, макарон, картошка, сабзи, пиёз, бир килодан кўпроқ гўшт бор экан. Кўзларига ёш қалқиганча қизчамни бағирларига олиб дуога қўл очди.
– Болам, майли, имонли одамлар даврасида экансизлар. Бундай меҳрибон одамларнинг қад­рига етсанг савоб бўлади. Қаерда бўлсанглар ҳам яхши инсонлар хизматида бўлинглар.

ЖОН ДЎСТИМ

Журналда фаолиятим давомида оддий мусаҳҳиҳдан масъул котиб даражасигача етдим. Бу орада болаларим ҳам уч нафарга етди. Биз эса ҳамон ижара уйда яшардик. Охири Ўткир акага дардимни айтдим. Ака бироз ўйланиб қолди. Ке­йин эса бу масалани ҳал қилиш керак экан, деди кўнглимни кўтариб. Сўнг мунғайиб қолганимни кўриб: “Шоир сиз кўнгилни чўктирманг, ман бир суриштириб кўраман. Худо хоҳласа ҳал қиламиз”, – деди ишонч билан.
Менга эса шу гап керак эди. Елкамдан тоғ ағдарилгандай эди. Чунки энди менинг муаммом аканинг муаммосига айланганди.
Бир гал журнал иши билан нашриётга бориб, анча қолиб кетдим. Таҳририятга чиққанимда ходимлар Ўткир ака йўқлаганини айтишди. Дарров хоналарига кирдим. Ким биландир телефонда гаплашаётган экан. Қўли билан стулни кўрсатиб ўтиринг ишорасини қилди. Суҳбатдоши каттароқ одам чоғи.
– Жон дўстим. Шу йигитга ёрдам қилайлик. Ўзи яхши ижодкор. Кейин савоб ҳам бўлади.
Шу гаплардан кейин гўшакни қўйиб менга юзланди.
– Адҳамбек ака билан гаплашдим. У киши имонли одам. Ҳозир илгаригидек ишхоналарга уй ажратиш йўқ экан. Аммо бир иложини қиламиз, деб ваъда берди.
Маълум бўлишича, Ўткир ака менинг масалам бўйича ўша вақтдаги Тошкент шаҳар ­ҳокими Адҳамбек Фозилбековга қўнғироқ қилган экан. Хонада ишлаб ўтиргандим, яна раҳбар чақираётганини айтишди. Яна телефонда гаплашаётган экан.
– Э, катта раҳмат. Бало бўлсаям олади. Жон ­дўстим, борингизга шукр, – деди ака гўшакни қўяркан.
– Айтдим-ку, Адҳамбек ака ажойиб инсон. ­Кооператив бўлсаям олаверадими, деди. Мен олади дедим. Хонангизда бўлиб туринг, телефон рақамингизни бериб қўйдим. Ишхонадан ҳам имкон даражасида ёрдам қиламиз.
Бу воқеа 1994 йилнинг ўрталарида бўлган эди. Хонага кириб ишониб-ишонмай турганимда телефон жиринглади. Шошиб гўшакни кўтардим. Нариги томондан аёл кишининг ёқимли овози эшитилди:
– Сизни “Фароис” фирмасидан безовта қиляп­миз. Белтепа, Ибн Сино мавзелари ва Сирғали туманида тайёр уйларимиз бор. Ҳужжатларингизни олиб келсангиз, маъқул топган жойингиздан уйни расмийлаштирамиз.
Ўша пайтдаги менинг аҳволимни узоқ йил бола-чақаси билан ижарама-ижара юрган одам билади. Таниш-билишлар кўмаги билан биринчи бадални тўлаб уйли бўлдим. Қолганини эса ке­йинчалик ишхонам тўлаб берди. Энг қизиғи, шу ишнинг бошида турган Ўткир ака ҳазиллашиб бўлса ҳам қилган ишини бирор марта ёдга олмади. Бундай ёрдамлардан нафақат мен, кўпчилик баҳраманд бўлишган.

ҲАЁТДАГИ НУРЛИ КУНЛАР

Ўткир ака “Шарқ юлдузи”да ишлаган пайт­ларини ҳаётидаги энг нурли кунлар деб айтганди. Вақти келиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида икки чақириқ қўмита раиси бўлиб ишлаган чоғларида ҳам журнал ишларига алоҳида эътибор билан қарарди. Юмушлари кўплигига қарамай журналга келган ҳар бир қўлёзмани синчиклаб кўриб чиқарди. Яна бир фазилати – дўстларига ҳамиша содиқ эди. Бир гал ёнларига борганимда кимдир қўнғироқ қилиб, қандайдир мукофотга у кишини тавсия этишмоқчилигини билдирди. Айнан ўша мукофотга у киши билан тенгдош, ҳаммаслак яна икки киши қўйилганди. Ўткир ака аввал мулойимлик билан, кейин эса қатъий туриб номзодини қўймасликни илтимос қилди. Сўнг бу ҳолдан ажабланганини ҳам яширмади.
– Одамлар ҳам қизиқ, – деди у киши бироз жиғибийрон бўлиб. – Ҳар икки номзод ҳам бу мукофотга лойиқ. Бунинг устига яқин дўстларим бўлишса. Мен қандай қилиб даъвогар бўлишим мумкин?

ЧИН ДЎСТ

Ҳаёт қизиқ экан. Навбатдаги депутатлик ваколати тугагач Ўткир ака бир муддат уйда бўлиб қолди. Мен одатдагидек ҳафтада бир-икки ўтиб, ё қўнғироқлашиб турардим. Бир куни таниқли журналист, аканинг курсдош дўсти Алиназар Эгамназаров қўнғироқ қилиб қолди.
– Юсуфжон, – деди у киши салом-аликдан ­кейин. – Эртага дам олиш куни. Вақтингиз бўлса, “Чилонзор” метросида кўришайлик. Ўткиржонникига ўтиб ҳол-аҳвол сўраб қўйсак яхши бўларди.
Дам олиш куни Алиназар ака билан адибникига ўтдик. Дўстлар дийдорлашуви ҳамиша мароқли. Икки курсдош, икки дўстнинг гаплари тугай демасди. Гурунг асносида Ўткир аканинг бир гапини эшитиб қалқиб тушгандек бўлдим.
– Алиназар, – деди Ўткир ака қўлидаги пиёлага маъюс термиларкан, – уйда ўтириб қолганимга уч ойдан ошганда остонамни ҳатлаб кириб келган дўстларимдан биринчиси сиз бўлдингиз. Манави шоир барака топсин, йўли тушганда тез-тез йўқлаб туради, – деди мен томонга ишора қилиб. Бу гапдан сўнг Алиназар ака ҳам чуқур ўйга тўлиб қолди. Мен ҳайратда эдим. Кечагина шу одамнинг қўлидан портфелини олиш ёки шляпасини илгичка илиб қўйиш талаш, айримларга шараф эди-ку. Одамларга нима бўлаяпти?
Ўша куни оқсоқолникида узоқ ўтирдик. Уларнинг талабалик давридаги бўлиб ўтган воқеаларни тинглаш ниҳоятда мароқли эди. Публицист сифатида Алиназар акага ҳавасим келарди. Инсонийлик фазилатларини кўриб меҳрим янада товланди. Кейинчалик “Театр” журналида бош муҳаррир сифатида фаолиятларини давом эттира бошлаганларида ҳам Ўткир ака билан тез-тез хабарлашиб турдик.

АРМОН

Ўткир ака яна жўшқин ижодий фаолиятга қайт­ган эди. Адашмасам Қўқон тарихи, Нодирабегим ҳақида тарихий роман ёзиш ҳаракатида эди. Афсуски, тўсатдан келган дард режаларини амалга оширишда қийинчиликлар туғдирди. Бу мавзуда бошқа гап бўлмади.
Ёзувчининг “Аждарнинг тавбаси” номли ҳажвий китоби “Ўзбекистон” НМИУда эндигина чоп этилган кунлар эди. Муаллиф учун ажратилган тўрт дона китобни олиб аканикига йўл олдим. Китоби нашрдан чиққан ҳар қандай ижодкор қувончини бошидан ўтказган яхши билади. Мамнуният билан китобни варақлаб чиққач биттасига оналари учун дастхат ёзиб алоҳида жавонга олиб қўйди. (У киши ҳар бир янги китоблари чиққанда биринчисини оналари учун дастхат ёзиб, алоҳида жойга олиб қўйишига кўп бор гувоҳ бўлганман. Албатта, бунда онасининг руҳи шод бўлишидан умидворлик бор.) Иккинчи китоб суюнчи сифатида “Минг йиллик укам Юсуфбекка” деган дастхат билан менга насиб этди. Бу орада Ўткир ака уч-тўрт бора Ўлмасой опага шоир овқатланмай кетмасин, деб қайта-қайта тайинлади. Дастурхон тузаш билан овора опа: “Вой-вой, шу болангиз бирор марта овқатланмай кетганми, – дедилар ҳазил аралаш ва китоблардан бирини қўлга олдилар.
– Адаси, – деди опа ўпкаландек оҳангда. – Сиз кўпчиликка дастхат битиб, китоб совға қилгансиз. Лекин менга бирор марта дастхат ёзиб китоб совға қилмагансиз.
Шу гапларни айтиб опа ошхонага томон йўналди. Ака эса ҳайрон бўлганча бир нуқтага тикилиб қолди. Кейин эса менга юзланди. – Бундоқ ўйлаб қарасам, ростдан ҳам кеннойингизга китоб совға қилмаган эканман. Келинг, шу хатони тўғрилаб қўяйлик.
Шу тариқа учинчи китобга навбатдаги дастхат битилди: “Мендек аждаҳо билан сабр-тоқат ва матонат билан яшаганингга минг бор ташаккур.
Муаллиф: Аждар Ҳошимов”.
Навбатдаги боришимда эшикни очган Ўлмасхон опа назаримда ниҳоятда ҳорғин кўринди. Шоша-пиша тинчликми, деб сўрадим.
– Акангиз кечаси билан оғриқнинг зўридан мижжа қоқмай чиқди. Яқинда кўзлари илинди.
– Ундай бўлса безовта қилмай, – дедим ва ортимга қайтдим.
Адашмасам 2013 йилнинг 23 майи эди. Пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги Маданият ва истироҳат боғида Республика китоб байрами катта тантана билан бошланди. Унда мамлакатимиздаги кўплаб илғор матбаа корхоналари ўз маҳсулотларини намойиш этишга бел боғлаган эди. Расталардаги болалару катталар учун чоп этилган ранг-баранг китоблар кўзни қамаштиради.
Анжуман давомида кўплаб шоир ва ёзувчилар ҳам иштирок этиб, мухлислари билан очиқ мулоқотда бўлдилар. Мен учун энг аҳамиятлиси эса раҳбарлар ва бошқа ижодкорлар томонидан ўша кезлар оғир хасталик туфайли тўшакка михланган севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг эътироф этилиши бўлди. Адибнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китоби яқин йиллар ичида ўн мартадан кўп қайта нашр этилибди. Ёзувчи учун бундан катта бахт борми? Байрамдан кейин бу хабарни эгасига етказишни дилимга тугиб қўйдим. Ўша кезлар акадан тез-тез хабар олиб, бирга ишлаган вақтларимиздаги қизиқарли воқеаларни қўшиб-чатиб гапириб берганимда ака қотиб-қотиб куларди. Кеннойим эса: “Сиз келиб кетган куни кечаси яхши ухладилар, тез-тез келиб туринг, илтимос”, дерди. Энг қизиғи, аканинг хотираси, қаттиқ беморликни бошидан ўтказаётганига қарамай, соатдек тиниқ ишларди.
Хуллас, ўша куни устозникига ўтолмадим. Газетамизнинг эртаси куни чиқадиган сонига байрам тадбири ҳақидаги мақолани тайёрлаб кечгача қолиб кетдим. Эртасига байрамнинг иккинчи куни эди. Уйдан бемалол чиқмоқчи эдим. Бирдан ижодкор укаларимиздан бири интернетда эрталаб Ўткир Ҳошимов вафот этгани ҳақидаги хабарни ўқиганини айтиб қўнғироқ қилди. Ҳушим бошимдан учди. Шуурсиз тарзда ўзимга қадрдон бўлиб қолган Дўмбирободга йўл олдим.
Аканинг кўчасига одам сиғмай кетибди.
– Амаким кеча сизни уч марта сўрабдилар, – деди бу хонадоннинг яқинларидан бири бўлган Хондамир укамиз. – Мавриди бўлганда Фаррухдан бир сўрарсиз.
Бу гапдан кейин ўзимни ёмон кўриб кетдим. Сал кечроқ бўлса ҳам кеча кириб ўтсам бўларди-ку. Бу хонадоннинг эшиги ҳамиша очиқ эди-ку. Устозни сўнгги манзилга қўйиб келгач анча пайт­гача келди-кетдига қараб кўчада қолиб кетдим. Шомга яқин Фаррух билан бемалол гаплашиш имкони пайдо бўлди.
– Дадам сизни кеча уч марта сўрадилар, – деди Фаррух бир кунда киртайган кўзларини бироз юмиб. – Пешин маҳали эди. Гаплашиб ўтирган эдик. Юсуф аканг келдиёв, чиқ, қара дедилар. Кўчадан бошқа одамлар ўтиб кетаётган экан. Сиз эмаслигингизни айтдим. “Ҳа” деб қўйдилар. Тушдан кейин олдиларига кирсам яна ташқарига йўлладилар. “Кўча эшикка қара, аканг келдиёв, яна бирор ким мени ухлаяпти, деса бу Юсуф тожик қайтиб кетишдан ҳам тоймайди”. Бу гаплардан кейин яна кўчага қараб келдим. Сизнинг келмаганингизни айтдим. Отам “Келмабдими?”, дедилар ҳорғин ҳолда. Сўнг оҳиста: “Майли, аканг ҳам бола-чақа ташвиши билан юргандир, безовта қилма”, дедилар.
Бу гапларни эшитиб додлаб юборай дедим. Эринчоқлик қилмай ўша куни борсам нима бўларди. Устоз менга нималарни айтмоқчи бўлганикин?
Булар энди менга ушалмас армон бўлиб қолди.

“ЎзАС”дан олинди.