Саид Алиев. Унутилган муаллиф (1989)

Айрим адабиётшунос ва танқидчиларнинг мақолаларида, мамлакатимизда Андрей Платонов каби ёзувчи ва унинг 50 йилча босилмай қолиб кетган «Котлован» қиссаси каби асар йўқ, деган фикрлар билдирилди. Бу ҳақиқатга унчалик тўғри келмайди, чунки Ўзбекистонда ҳам 50 йилдан зиёдроқ даврда унутилган қиссалар, ёзувчилар бор.

Ўшандай асарлардан бири «Гулисурх» («Қизил гул») қиссаси бўлиб, унинг муаллифи Бухоро инқилобида қатнашган ва Советлар ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун курашган Ҳожи Мирбобо Муҳсинзодадир. 1934 йили Тошкентда Ўзбекистон Давлат нашриёти ўзбек тилида, лотин алифбосида Мирбобо Муҳсинзоданинг «Гулисурх» номли қиссасини нашр қилган (Масъул муҳаррир — Н. Охундий, адабий муҳаррир — Даврон) эди.

«Гулисурх» қиссасини Москвадаги В. И. Ленин номли СССР Давлат кутубхонасида сақланаётган нусхасидан сурат-нусха олдириб, ўқиб чиқдик. Қиссада инқилоб арафасида Бухоро амирлигидаги адолатсизликлар, меҳнаткашларнинг оғир ҳаёти, тараққийпарварларнинг амирликка қарши мардона курашлари ўз аксини топган. Асарнинг бош қаҳрамони камбағал деҳқон ўғли Жуманазар Шарқий Бухоро (Тожикистон)нинг Ғарм вилоятида Орифбой эшигида хизмат қилиб, ўз меҳнат ҳақини ололмайди. У қочиб амирлик пойтахти Бухоро шаҳрига келади. Бунда кишиларни ишлатиб, ҳақ тўламай бойлик орттирадиган балиқпаз Ҳожи Мирбадал қўл остида ишлайди. У билан ҳар йили баҳорда Баҳоваддин зиёратгоҳида бўладиган Гулисурх (қизил гул) сайилига бориб балиқпазлик қилади.

Ёзувчи ўз қиссасида қадимий халқ сайили, унинг ўзига хос томонларини тасвирлаш билан бу сайилдан текинхўр савдогарлар ва риёкор руҳонийлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланганини ҳикоя қилади.

Ҳожи Мирбадал бошда ҳар иш куни учун 2 тангадан иш ҳақи беришни ваъда қилиб, Жуманазарни мардикорлар бозоридан олиб келган бўлса-да, ўз ваъдасида турмайди. Жуманазар икки ярим ой тонгдан хуфтонгача ишлайди. Ҳақини талаб қилганида, жанжалдан сўнг хўжайин зўрға 10 танга беради. Жуманазар Баҳоваддинда Кўсасўфи хизматига киради. Кўсасўфи зиёратга келувчи омманинг соддалиги, ишонувчанлигидан фойдаланиб, уларни алдайди. Шу йўл билан пул-мол йиғади. Жуманазардан фойдаланиб ёлғон-яшиқ «мўъжизалар» кўрсатади. Жуманазарнинг ундан ихлоси қайтиб кетмоқчи бўлганида уни туҳматга гирифтор қилади, миршабларга топшириб, Бухоро зиндонига ташлатади.

1917 йил февраль буржуа-демократик инқилоби бўлиб, Рус подшоси тахтдан қулагач, Бухоро амири ҳам халқ ғазабидан қўрқиб «Баённома» («Манифест») эълон қилади, унда айрим ислоҳотлар ўтказаман, деб ваъда беради. Ёш бухороликларнинг бир қисми бу баённомага ишонмай, уни табриклаш ва намойишга чиқиш керак эмас, деб ҳисобласа, иккинчи қисми, биз кутган ислоҳот даври келди, деб «Баённома» берган амирни табриклаш учун намойишга чиқади. Намойишчилар орасида қиссанинг муаллифи Ҳожи Мирбобо Муҳсинзода ҳам бор эди. Намойишчилар Саррофон тоқидан Хиёбон майдонигача келиб, митинг қиладилар. Унда Файзулла Хўжаев ва бошқалар нутқ сўзлайдилар. Сўнгра саройдан хабар олиб келиш мақсадида 3 кишини фойтунга ўтқазиб саройга юборадилар. Булар сарой олдидаги регистон майдонига келганларида таёқ, темир ва тошлар билан қуролланган бир неча минг муллабачча, мударрис ва амалдорлар шовқин кўтариб, жадидларни жазолашни талаб қиладилар. Уч жадид саройга киргач, қушбеги уларни қаматади, Ҳожи Мирбобони 75 таёқ урдириб, саройнинг Обхона зиндонига ташлайди. Қисса қаҳрамони Жуманазар бу ҳодисаларни ўз кўзи билан кўриб, даҳшатга тушади. Эртаси куни Садриддин Айний ва Мирзо Назруллони ҳам Обхонага келтириб, 75 таёқдан урадилар. Когондан рус аскарлари келиб буларни Обхонадан қутқазиб, Когон шифохонасига олиб борадилар. Жуманазар ҳам қамоқдан қутилиб, шуларга эргашади.

Суратда: (чапдан) Садриддин Айний, Мирзо Абдулло ва Мирбобо Муҳсинзода.

Қиссада тарихий ҳақиқатнинг бадиий тасвирини кўрамиз. Жуманазар, Ҳожи Мирбадал умумлашган тўқима образлар бўлса-да, 1917 йил апрелидаги намойиш ва ёш бухороликларнинг 75 таёқдан урилишлари, уларнинг рус аскарлари томонидан қутқазилишлари тарихий ҳодисалардир. Бу қисса муаллифнинг биринчи бадиий насри бўлганидан ва, умуман, 30-йилларда ўзбек ҳамда тожик насри энди шаклланаётганидан «Гулисурх»да айрим бадиийлик жиҳатидан бўш ўринлар, натуралистик лавҳалар йўқ эмас. Бироқ шундай воқеаларни ўз кўзи билан кўрган тарихий шахс томонидан ёзилганлиги асарга бўлган қизиқишни орттиради. Асар ҳам бадиий, ҳам тарихий-этнографик, ҳам лингвистик (ўзбек тилининг Бухоро шеваси) материал сифатида қимматга эга.

Мирбобо Муҳсинзода ким?

Унинг ҳақида Бухоро инқилобчиларининг етакчиси Файзулла Хўжаевнинг уч жилдлик асарларида, машҳур ёзувчи Садриддин Айнийнинг 1921 йилда ўзбек тилида ёзган ва адабиётшунос ҳамда таржимон Раҳим Ҳошим томонидан тожик тилига таржима қилиниб, 1987 йилда Душанбеда босмадан чиқарилган «Бухоро инқилоби тарихи», шунингдек айрим тарихчиларнинг китобларида маълумотлар мавжуд.

Бу сатрлар муаллифи ЎзССР Олий Суди ва ЎзССР прокуратурасига хат билан мурожаат қилиб, улардан жавоб олди. ЎзССР прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия катта маслаҳатчиси Д. С. Непомняшчий 1989 йил 8 февралда имзо чеккан 13/277—88 рақамли жавоб хатида ёзилишича, Ҳожи Мирбобо Мирмуҳсинов (Мирбобо Муҳсинзода) 1868 йилда Бухоро шаҳрида бахмал тўқувчи косиб оиласида туғилган. 1917 йил февраль инқилобигача қоракўл териси билан савдо қилган. 1930 йилларда адабий-ижодий ишлар билан шуғулланган. 1936 йилда уни НКВД ҳибсга олиб, унга «аксилинқилобий ҳаракатда қатнашиш ва Советларга қарши ташвиқот олиб бориш» айбини тўнкаган. Бухоро область суди президиумининг 1957 йил 23 декабрида қабул қилган қарорига кўра Мирбобо Муҳсинзода устига қўйилган айбларни исбот қилувчи далиллар бўлмаганидан у (вафотидан кейин) оқланган.

Юқорида эслатилган китоблар ва Мирбобо Муҳсинзодани билган кишиларнинг сўзларига қараганда, у 1917 йилнинг апрелида амир одамлари томонидан 75 таёқ урилгач, Когонга келиб, шифохонада даволанади, кейин кўпгина ёш бухороликлар билан Самарқанд ва Тошкентга келади. 1918 йилда Тошкентда Бухоро Коммунистик партияси тузилиб, унинг Марказий Комитети сайланганда, Мирбобо Муҳсинзода Марказий Комитет аъзолигига киритилади. У партия топшириғи билан Бухоро инқилобига тайёрланувчилар орасида иш олиб боради. 1920 йил сентябрида Бухоро халқ инқилоби ғалаба қозонгач, М. Муҳсинзода масъул лавозимларда хизмат қилади. БХШЖ (Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти)да касаба уюшмаларини ташкил қилишда фаол қатнашади, жумҳурият касаба уюшмалари президиумининг аъзоси сифатида иш олиб боради.

1922 йил январида БХШЖ Ҳукуматининг қарори билан Шарқий Бухоро ишлари бўйича Мухтор Вакил лавозимига тайинланиб, босмачиларга қарши кураш фронтига юборилади. Жуда қийин иқтисодий ва ҳарбий шароитда у раҳбарлик қилган отрядлар босмачиларга қарши кураш олиб боради.

Ҳали Москва, Тошкент, Душанбе архивларидаги ҳужжатлар холисанлилло ва хайрихоҳлик кўзи билан қаралиб чиқилганда кўп масалалар ойдинлашади.

Мирбобо Муҳсинзода «Гулисурх»нинг сўзбошисида асарни қандай ёзгани, унга кимлар ёрдамлашганини миннатдорлик билан таъкидлайди:

«Мен бу «Гулисурх» ҳикоясини фантазиялар каби хаёл оламидан эмас, балки, ўша асрдаги турмуш кўринишларидан, ҳақиқий ҳаётда қарама-қаршиликлар ўртасида (танлаб. — С. А.) олдим.

Бу асар менинг биринчи адабий фаолиятимнинг намунасидир. Бу асарнинг материалларини тўплашда марҳум Ҳалим Ашуров тўла ёрдамда бўлиб, ишлаш жиҳатидан ўртоқ Муҳаммаджон Мухторзода ёрдам этганлар».

Бунда эслатилганлардан биринчиси — Ҳалим Ашуров (1897—1933) Бухоро инқилобида фаол қатнашиб, Совет ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида кўп хизматлар қилган. Иккинчиси — Муҳаммаджон Мухторов (1908—1971) «Васфий» тахаллуси билан ўзбек ва тожик тилларида ёзган шеърлари Ўзбекистон ва Тожикистон матбуотида босилар эди. М. Васфий ҳам 30-йилларнинг охирида қатағон азобини бошидан кечирган. У киши узоқ йиллар «Бухоро ҳақиқати» ва «Ҳақиқати Ўзбекистон» газеталари редакцияларида ишлаган иқтидорли журналист ва таржимон ҳам эди.

Мирбобо Муҳсинзоданинг Қосим деган ўғли 1940 йилда Бухоро ўқитувчилар институтини битириб, Вобкент районида ўқитувчилик қилади. Ўша йилларда Вобкент райони халқ маорифи бўлими мудири вазифасида ишлайди. Унинг тенгдоши ва ўртоғи, ҳозир пенсионер Ғулом Ҳалимовнинг сўзларига кўра, Қосим ўз хоҳиши билан Тошкент вилоятига бориб, у ердаги мактабларда ўқитувчилик қилиб юрган. Бу сатрлар муаллифи Тошкент вилоятидаги мактабларнинг бирига хат ёзиб, Қосимни биладиганлар бўлса, жавоб ёзсин, деб мурожаат қилди. Хат Қосим билан узоқ йиллар бирга ишлаган кекса ўқитувчи Абдураҳим Эсонбоев ва Қосимнинг қизи Дилбар Қосимовна Мирбобоевага бориб тегибди. Улардан яқинда хат ва Қосимнинг расмини олдик.

Меҳнат ветерани А. Эсонбоев ва Дилбарнинг ёзишларича, Қосим Мирбобоев 1914 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, Улуғ Ватан урушида қатнашиб, кўзи хираланиб қайтиб, Тошкент вилояти мактабларида ўзбек тили ва адабиётидан дарс бериб юрган. Уйланиб фарзанд кўрган. 1973 йилда вафот этган. Ҳозир хотини Салима — пенсионер экан. Набиралар инқилобчи ва ёзувчи боболари ҳақида деярлик ҳеч нарса билмас эканлар.

Ҳа, Сталин ва унинг атрофидаги бағритош, лаганбардор, шуҳратпараст демагоглар ҳукм сурган йилларда ижтимоий адолат оёқ ости қилинди. Ўша мудҳиш йилларда Мирбобо Муҳсинзода каби инқилобда қатнашиб, Совет ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида жасорат билан хизмат қилган, халқ тили билан айтганда, сув келтирганлар хор-зор, Ежов ва Берия каби кўза синдирганлар азиз бўлиб, ўғил ўз отаси ҳақида гапирмасликка, набиралар эса ўз инқилобчи ва ёзувчи боболарини билмасликка мажбур бўлган эдилар.

Қайта қуриш, демократия, янгича фикр юритиш, қонунчиликнинг тикланиши туфайли ижтимоий адолат ғалаба қилмоқда. Чинакам ватанпарвар гражданлар ўз халқи дилидан жой олиб, ҳурмати жойига қўйиладиган, уларнинг авлоди ёруғ юз билан бошларини кўтариб юрадиган замон келди.

«Гулисурх» қиссасини янгидан бостириб чиқариш ва унинг муаллифи хотирасини абадийлаштириш (Бухоро шаҳридаги кўчалардан бирига унинг номини бериш) зарур. Хусусан Бухоро халқ инқилоби 70 йиллигини нишонлаш арафасида бундай тадбирларни амалга ошириш хайрли иш бўлур эди.

Саид Алиев, филология фанлари доктори, профессор

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 10-сон