Узоқ вақт, ҳатто қайта қуришнинг илк босқичида ҳам жумҳуриятимизда бир қолипдаги фикрлаш ҳукмрон мавқега эга эди. Кейинги бир-икки йил ичида ҳар қалай кўпчилик ўзининг юрагида неча замонлардан бери сақлаб келаётган дард-касофатларию эзгу-ниятларини тўкиб солишга журъат этмоқда. Вақт нуқтаи назаридан олиб қараганда, фикрлар ўсиши шу қадар тезобки, кечаги жасоратли гап бугун оддий туюлаётир. Кеча амалга ошиши мумкин бўлган ишлар бугун рўёбга чиқмоқда. Ўзбекистон ССР Олий кенгаши депутатларининг сўнгги анжуманида Мустақиллик баённомасининг (декларация) қабул қилиниши, июн ойидаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятлари раҳбарларининг Олмаотадаги учрашувидан кейин халқимизнинг дардига мустажоб бўлгандай бўлди. Таниқли жамоат дастлаб Олмаотада бўлган учрашув ҳақида кетди.
Э. Воҳидов. Олмаота учрашуви ҳар томонлама муҳим аҳамиятга моликдир. Тили яқин, дили яқин, ерлари бир-бирига туташ, бир дарёдан сув ичиб, тўю маъракаси қувончи ва кулфати бир бўлиб келган ўзбегу қозоқ, туркману тожик, қирғизу қорақалпоқ халқлари 1924 йилдаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон жумҳуриятларининг чегараланиши билан бир-биридан сунъий тарзда ажратилди. Улуғ давлатчилик шовинизмининг бешафқат болтаси минг йиллардан буён сайқал топган қон-қариндошчилик дарахтининг илдизига болта урди. Она Туркистон майда-майда бўлакларга ажратилиб, бир-бири билан бевосита марказ орқали алоқа қила бошлади. Шу кунгача бир-бирларига ола қараш нималигини билмаган оғайнилар, «сеники-меники» дея арзимаган нарсалар устида тортиша бошлади. Ер-сув талашиш у ёқда турсин, ҳатто ўтмишдаги даҳоларни ҳам тинч қўйишмади. Миллатлар ўртасига нифоқ солиб, уларни ўз измига бўйсундириш — Сталин сиёсатининг кўзлаган мақсади эди. Бир-бири билан томорқаси туташ қўшнилар ўз қондош тилларида сўйлашиш ўрнига ўрис тилида сўзлашга ўтишди. Ўртада меҳр-оқибат, ҳурмат-эътибор кўтарилди. Олмаотадаги йиғин шу маънода муҳимки, жумҳуриятлар келажакда ўз тақдирларини ўзи белгилашса улар якка-якка ҳолда кўзланган муддаога эриша олмаслиги аниқ. Негаки, уларнинг иқтисодиёти қайсидир жиҳатлари билан бир-бирига боғлиқ. Иттифоқ доирасидаги аҳволимизнинг ўзи шунақа. Мабода ҳудуд халқлари бирлашгудек бўлишса, унга ҳеч қандай куч таҳдид сололмайди. Ахир бу заминда қанчадан-қанча қазилма бойликлар бор. Бу тупроқда хамма турдаги ноз-неъматлар етиштирилади. Узоқ бир жумҳуриятнинг фабрикасини пахта билан таъминлаб, улардан гўшт олиш ўрнига Қозоғистон билан алоқа қилсак маъқул эмасми? Ҳам яқин, ҳам қулай.
Мухбир. Эркин ака, эзгу ишнинг кечи йўқ дейишади-ю, аммо Олмаота учрашуви барибир кечикиб бўлди. Эҳтимол, у бироз илгарироқ ўтганда Ўшдаги фожиа содир бўлмасди.
Э. В. Жуда, жуда кеч. Ўшдаги фожианинг асл моҳияти ҳам, умуман миллатлар орасидаги нифоқнинг илдизи хам шовинизмга бориб тақалади. Бу бир томондан, миллатнинг ўзлигини унутиш, тарихдан узилиб қолиши бўлса, иккинчиси ўзга миллатларга нописандликдир. Бугунги кутилмаган фожиаларнинг бош сабабини шундан қидириш керак.
М. Гапингизга юз фоиз қўшилган холда бир фикрни қистириб ўтмоқчиман. Рўй бераётган миллий низолардан кимлардир манфаатдор деган гаплар бўлаяпти. Наҳотки шу рост?
Э. В. Бирон бир далил-исботсиз бундай дейиш нотўғри. Аммо кишини таажжублантирадиган жойи шуки, олис қитъанинг кичик бир мамлакатидаги воқеаларнинг миридан-сиригача хабардор бўлган, ернинг тагида илон қимирласа билишларини пеш қиладиган Давлат хавфсизлик қўмитаси, қолаверса милиция, партия, совет идоралари нима учун юз бераётган фожиалардан доим ғафлатда қолишади? Нима учун фожианинг асосий айбдорлари халқ ва давлат олдида жавоб бермайди? Ўзаро қонли низоларнинг олдини олиш Давлат хавфсизлик қўмитасига тааллуқли эмасми? Давлат хавфсизлигини таъминлаш, халқ хавфсизлигини таъминлашнинг ўзи эмасми? Фарғона ёки Ўшда бўлиб ўтган фожиалар бирданига рўй берган эмаслиги, уларга пухта тайёргарлик кўрилгани матбуотда неча марта ёзилди. Менимча, саволлар шу тарзда қўйилгани маъқул.
М. Эркин ака, Олий кенгашимиз ошкоралик қўмитасининг раиси сифатида бизда ошкораликнинг бугунги аҳволи тўғрисида нималар дея оласиз? Ошкоралик қўмитаси томонидан қандай ишлар қилинди?
Э. В. Ўзбекистонда илгаригига нисбатан ошкоралик, ўз фикрини эркин айтишда ўзгаришлар бўлди. Олий кенгашимизнинг сессиялари ойнаи жаҳон орқали тўла-тўкис кўрсатилаётгани хам бунга мисол. Аммо ошкораликнинг аҳволини марказий ҳудудлар билан солиштириб кўрсак, ҳали бизда йўқ ҳисоби. Дастлаб ўз эътирозимни оммавий ахборот воситаларига билдирмоқчиман. Отахон газеталаримиз «Совет Ўзбекистони», «Правда Востока» газеталари хамон эски қолипдан чиқолмаяпти. Оммавий-ахборот воситалари устидан партия яккаҳокимлигини тугатиш фурсати келди. Яқинда ошкоралик қўмитаси Олий кенгашининг газетаси «Халқ сўзи»нинг ташкилий томонлари ва низомини ишлаб чиқди. Шуни айтишим мумкинки, бу газета ҳар жиҳатдан партия матбуотига нисбатан мустақил бўлади. Шунингдек, жумҳуриятимиз матбуоти ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам ошкоралик қўмитасида ишлаб чиқилмоқда. Қабул қилинадиган қонунларда эркин фикр, ошкоралик, фикрлар турли хиллиги, устивор бўлмоғи лозим. Токи оммавий ахборот воситаларида ҳеч бир ташкилот, гуруҳ яккахокимлик қилмасин.
М. Эркин ака, бошқариладиган бозор иқтисодиёти деяпмиз, хусусий мулкчилик деяпмиз, аммо СССР Вазирлар кенгашининг раиси Н. Рижковнинг СССР Олий кенгашига қилган маърузасида нарх-наволарни икки-уч баробар кўтариш ҳақида гап бўлди. Нарсаларни қимматлаштириб дурустроқ натижага эришишга кўзим етмайди.
Э. В. Аввало бошқариладиган бозор иқтисодиёти ҳақида тўхталмоқчиман. Нарх-навони ошириш бу бозор иқтисоди дегани эмас. Бизда бозор иқтисоди ҳозир ҳам бор. Фақат носоғлом бозор, давлат монополиясига айланган бозор ҳамда чайқов бозори. Чет эл аёллар туфлиси то омборхонадан магазинга, ундан чайқовчига ўтгунча неча марта қўлдан-қўлга алмашади. Натижада харидор буюмни ҳақиқий баҳосидан 4-5 марта қимматига сотиб олишга мажбур. Соғлом бозор сиёсатига ўтилганда меҳнат ўзининг қадр-қимматини топади. Хўжасизлик барҳам топади. Дунё мамлакатларидан бу борада ўргансак арзийди, уларда ҳамма нарсанинг эгаси бор. Биз инсон меҳнатини инсон тасарруф қилмайдиган жамият қурамиз, деб охир-оқибат шундай бўлдики, давлатнинг ўзи ашаддий қулдорга айланиб қолди. Одам бу меҳнатидан манфаатдор бўлмай, аксинча қанча кўп меҳнат қилсанг, давлат шунча юлиб қолишга ўтди. Тасаввур қилинг, бизда меҳнаткаш ўз меҳнати пировард қимматининг бор-йўғи 25—30 фоизини иш ҳақи сифатида олади. Илғор капиталистик мамлакат ишчиси қилган меҳнатининг 80 фоизини олиши мумкин. Ишлаш шароити, техника даражасини солиштириб кўрадиган бўлсак, манзара янада ойдинлашади. Давлат бир томондан жамиятни, ҳалолликка, олижанобликка чорлаб, иккинчи томондан уни қон қақшатаверди. Соғлом бозор иқтисодиётининг ўтиш жараёнида корхоналарни фуқароларга сотиш, хусусий мулкчиликка кенг йўл очиш зарур. Манфаатдорлик ҳисси бўлмас экан, ишимиз олға силжимайди. Жамиятимиз ҳаммани бир қолипда фикрлашга мажбур қилишдан ташқари, ҳаммани бир хил кун кечиришга мажбур қилди. Оч бўлсак хам, яланғоч бўлсак ҳам тинч юрайлик. Ҳеч вақт беш қўл баравар эмас. Кимдир оёқ-қўли чаққон, тезроқ ишлайди, кимдир ўртача, икковининг меҳнатини бир хил баҳолаш асло мумкин эмас. Табиат кимгадир бировнинг йўл-йўриғи билан ишлаш қобилиятини, кимгадир бошқариш, ишбилармонлик иқтидорини берган. Бу — қонуният. Табиатнинг қонунлари эса исбот талаб қилмайдиган аксиомадек гап. Инсоният шаклланишидан буён кечган барча тузумларда амал қилинган хусусий мулкнинг социализм шароитида йўқотилиши, одамлардан завод-фабрикадан тортиб товуғигача тортиб олиниши — фожианинг боши шунда.
М. Суҳбат асносида мустақиллик борасида анча гаплашдик. Сиз жумҳуриятимизнинг мустақиллигини қандай тасаввур қиласиз?
Э. В. Ўзбекистон оғир иқтисодий, экологик, тушкун ижтимоий аҳволда. Оддий меҳнаткашларнинг ҳаётида ҳали сезиларли ўзгариш бўлмади. Аҳолининг ҳеч бир табақаси мақтовга арзирли хаёт кечирмаяпти. Ўзбекларнинг 80 фоизи қишлоқда яшайди. Уларнинг кўпчилиги ночорликда тирикчилик ўтказаяпти. Халқимизнинг умумий сиёсий-ижтимоий даражасини ҳам шунга боғлаш мумкин. Эл-улуснинг руҳини фақат иқтисодий тангликни тугатиш билангина яхшилаш кифоя қилмайди. Халққа хар томонлама — хам маънавий, ҳам моддий рағбат зарур. Мустақиллик тўғрисида баённома (декларация) қабул қилинди. Бу яхши иш. Аммо ҳали биронта жасоратли иш қилишга ботинолганимиз йўқ. Қоғоздаги мустақиллик эса халқ кўнглини бехуда хотиржам қилади, холос. Маънавий мустақиллик аввало иқтисодий мустақиллик заминида яратилади. Иқтисодиёти қудратли бўлмаган давлат маънавий инқирозга маҳкум. Шунингдек, маънавий жиҳатдан орқада қолиш ҳам иқтисодиётнинг оёғига тушов. Сиёсий, иқтисодий ва маънавий мустақилликка интилиш — жумҳурият тараққиётида янгича босқичга ўтилганидан дарак беради. Олмаотадаги учрашувдан кутилган мурод: агар эртами-индин мазкур ҳудуд жумҳуриятлари ўз мустақилликларини қўлга киритсалар бир-бирларининг ёрдамисиз ҳеч нарсага эришолмаслиги аниқ. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, марказ орқали режалаштириш оқибатида узоқ йиллардан буён ҳар бир жумҳурият ишлаб чиқаришнинг маълум бир соҳасида ихтисослашган.
М. Ўзбекистон иқтисодиётининг орқада қолишига унинг фақат хомашё манбаига айланиб қолганлигини сабаб қилиб кўрсатиш тўғрими?
Э. В. Дунёда шундай мамлакатлар борки, фақат бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришларига қарамай фаровон яшашади. Жумҳуриятимиз ёлғиз пахтанинг ўзидангина катта даромад қилиши шубҳасиз. Фақат пахтанинг харид нархи тўғри баҳоланса, меҳнат сарфиётига соғлом нуқтаи назардан қаралса, ўзбек деҳқонининг ҳам косаси оқариши мумкин. Буғдойнинг нархи уч карра оширилганда пахтанинг нархи атиги 46 фоизга кўтарилса, бу куппа-кундузи қилинган йўлтўсарликдан бошқа нарса эмас. Келажакда жумҳуриятимизда пахта, пилла ва бошқа махсулотларни қайта ишлайдиган пировард махсулот тайёрлайдиган корхоналарни кўпайтириш зарур. Бу бир томондан ортиқча ишчи кучларини меҳнатга жалб этса, иккинчи томондан меҳнат сарфиётига лойиқ даромад олишга имкон туғдиради.
М. Эркин ака, кейинги пайтда чекка-чеккадан халқимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилганлигининг гувоҳи бўлдик. Ўйлаб қоламан, наҳотки халқимиз шу ҳақоратларга муносиб бўлса?
Э. В. Бўлиб ўтган кўнгилсизликларни эслаш ҳар қанча оғир бўлмасин, воқеликдан кўз юмиб бўлмайди. Халқимиз айбсиз айбдор қилинди, унинг номига номуносиб тамғалар тақилди. Энг алам қиладигани, жумҳуриятимиз тараққиёт даражасида «Учинчи дунё» мамлакатларидан ҳам орқада қолди. Келгусида барча жабҳаларда туб бурилиш бўлмас экан, юқоридагидек гаплар барҳам топмайди. Инсоний меҳр-оқибат, диёнат, эрк, имон-эътиқод, қадр-қиммат топталган юртдан файз-барака кетади.
М. Сиз «Эрк» демократик партиясининг фаолларидан бири сифатида, КПССнинг XXVIII съездидан нималарни кутгандингиз? Умидларингиз оқландими?
Э. В. Партиянинг навбатдаги съездидан ёлғиз мен эмас, бутун мамлакат умидланиб катта ўзгаришларни кутган эди. Афсуски, умидларим рўёбга чиқмади.
М. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганидан буён бир йилга яқин фурсат ўтди. Ўзбекистон халқ депутатлари олий кенгашининг анжуманлари ўзбек тилида ўтмоқда. Лекин кўпгина идоравий ишларда ўзбек тилининг ўрни хамон сезилмайди. Шу жиҳатдан қонун қабул қилинишидан қанчалик қувонмайлик, барибир унинг ижросидан кўнгил тўлмаяпти.
Э. В. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани нечоғли ижобий аҳамият касб этмасин, қонун ижроси тўғрисида қайғурмасак бизда ҳамма вақт бўлганидек қоғозда қолиб кетаверади. Жумҳурият олий кенгашининг мажлислари давлат тилида ўтаётганлигига қарамасдан, кичкина бир корхонада маҳаллий миллат вакиллари кўпчиликни ташкил этишса-да, кундалик мажлислар ўрис тилида олиб борилиши ғоятда ачинарли. Бу борада ҳам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди, деб хотиржам юрмасдан, фаол ҳаракатни давом эттириш керак. Бу ҳар биримизга, айниқса зиёлиларимизга боғлиқ.
М. Сиз Ўзбекистоннинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?
Э. В. Эл қатори мен ҳам халқимизнинг эртанги куни яхши бўлишидан умидворман. Бугун жумҳурият аҳлининг фикри ҳам шундай. Иқтисодий, сиёсий мустақиллик — ҳаммамизнинг дастуриламалимиз шу бўлиши керак. Бунинг учун даставвал маориф, матбуот, адабиёт ва санъат соҳаларида туб бурилишлар зарур. Моориф соҳасида қилинадиган ислоҳотлар бу ишларнинг энг муҳими.
«Бир колип»даги фикрлашдан воз кечиш, ўз тарихимизни, урф-одатларимизни таълим-тарбия соҳасида тиклашимиз шарт. Адабиётда ҳам сийқа фикрлардан воз кечиш, адабий меросга бўлган эскича қарашлардан холи бўлиш керак. Агар шу ислоҳларни кўнгилдагидек амалга оширолсак, миллий ўзлигимизни англаш жараёни тезлашади. Ҳар бир кишининг мустақил фикрлай олиши бу йўлдаги муҳим қадамдир.
М. Сизга энг сўнгги саволим. Шунча суҳбатлашдигу, адабиёт ҳақида, шеърият хақида бирон нарса демадингиз. Жамоат ишларидан ортиб ижодий ишингиз билан шуғуллана олаяпсизми?
Э. В. Жамоат юмушлари кўп вақтимни олиб қўяётганига қарамай ижодий иш қилишга ҳам имкон топишга харакат қилаяпман. Аммо жудаям вақт тиғиз. Шу йил нашриётда тўпламим чоп этилмоқда. Яна янги асарлар ёзиш ниятларим бор. Соғ-омон бўлсак бу ёғини ҳам кўраверамиз.
М. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Э. В. Раҳмат.
Суҳбатни Абдумажид Азим олиб борди.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 9-сон