Яхшиликни билганга қайиш, ношукурга қайишмоқ қадрни ерга урмоқдир.
* * *
Мард кўп сўраса ҳам озга рози бўлади, номард оз сўрайди, ортиқча берсанг ҳам рози бўлмайди.
* * *
Ёмон дўст сояга ўхшайди. Пешонангга кун туғса, қочиб қутула олмайсан, бошингда булут тўпланса, излаб топа олмайсан.
* * *
Дўсти йўқ билан сирлаш, дўсти кўп билан сийлаш. Қайғусиздан узоқ қоч, қайғулига қучоқ оч.
* * *
Юракнинг маслаҳатига амал қилиб гапирилганда гап ёлғон чиқмайди. Юракнинг айтганига кирмай, нафснинг буюрганини қилсанг, сўзсиз адашасан.
* * *
Кўрган нарсангга қизиқаверсанг: ё бировнинг ўринли, ё бировнинг ўринсиз гапига ишониб кетсанг, ёки тўғри келган нарсаларга кўнгил қўяверсанг – феъл-атворингнинг бузилиб кетиши ҳеч гап эмас.
* * *
Фақат ўзинг учун меҳнат қилсанг, ўз қорни ғамида ўтлаган ҳайвонлардан бири бўласан, инсоният равнақи учун меҳнат қилсанг, Аллоҳнинг севимли бандаларидан бири бўласан.
* * *
Дунё – улкан уммон.
Вақт – тўхтамай елаётган шамол. Олдиндаги тўлқинлар – авлодлар, орқадаги тўлқинлар – аждодлар. Уларнинг давомийлигида абадий ҳаёт яшайди.
* * *
Баҳс – бу ҳам аслида илм ўрганишнинг бир йўли. Бироқ унга ортиқча ҳирс қўйиш ярамайди. Чунки баҳсга ортиқча ҳирс қўйишдан мағрурлик, мақтанчоқлик, хусумат, ёлғончилик, ҳатто арзимаган нарсадан жанжал чиқариш ва бировга мушт кўтариш каби ёмон фазилатлар туғилади.
* * *
Тўқ тиланчи – одамнинг шайтони,
Илмсиз сўфи – мўлтони.
* * *
Худога ҳам, бандасига ҳам хуш келмайдиган, ор-номусни оёқости қиладиган ишлардан ўзини соф тута олмайдиган, беҳуда мақтовларга учадиган, ўзининг қилаётган ишини ўзи сезмайдиган йигитни яхши йигит деб бўладими? Сатқаи яхши йигит кетсин у!
* * *
Агарда сен ҳам ақлли кишиларнинг сафида бўлгинг келса, ҳар куни бир марта, ё ҳафтада бир марта, ҳеч бўлмаса ойда бир марта ўзингга ўзинг ҳисоб бер!
* * *
Иш вақтида айёр, ош вақтида тайёр бўлиб, сиртинг ялтираб, ичинг қалтираб юриб, тирикман дегандан кўра, Худо юборган ҳалол ўлим минг марта афзал.
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 3-сон