Яхшиямки, бу ўзимизнинг Рамос, бегона врач бўлганда нима қилардим – нима деб тушунтирардим унга, Рамос ҳарқалай ўзимизники, анча бўлди у билан келишиб олганимизга, шунинг учун кўнглим тўқ – куним битди, деганда, ё менга индаллосини шартта айтади ёки жиллақурса, айлантириб ўтирмай ишора қилади-қўяди. Бояқишга қийин, нега деганда ўн беш йиллик қадрдоним, покер ўйнаб гоҳ бизникида, гоҳ уларникида тонггача қолиб кетганларимиз, шанба-якшанба кунлари оилаларимиз билан бирга шаҳар ташқарисига чиқиб дам олишлар – қариндошдан ҳам яқин бўлиб қолган одамга бунақа оғир гапни айта олишнинг ўзи бўладими! Лекин у айта олади, ҳақиқий дўст ҳеч қачон тилёғламалик қилмайди, чунки йигит киши учун ширин ёлғондан аччиқ ҳақиқат афзал. Касалхонадаги врачларга ярашади ёлғондакам кўнгилни кўтариб, одамни умидвор қилиб қўйиш, уларнинг тасаллиси ўзлари берадиган усти ширин, ичи аччиқ доридан фарқи йўқ.
Узоғи билан уч-тўрт кун, у бундай демаган, лекин ишончим комилки, узоқ қийналиб, итдек азоб чекиб ётишимга асло йўл қўймайди. Нима кераги бор бунинг? Мен унга юз фоиз ишонаман, ўша кун беришадиган дорилар одатдагидек яшил ё қизил тусда экани билан ичи бутунлай бошқача бўлади – ичаман-у, абадий уйқуга кетаман, ваъдасига биноан тўғрисини айтадиган бўлгани учун олдиндан миннатдорлик билдириб қўйганман, ана ўшанда Рамос кароватимнинг оёқ тарафида, ўзини йўқотиб қўйганча бир аҳволда мендан кўз узмай туради, яширмасдан тўғрисини айтганига бироз афсус чекар, ҳечқиси йўқ, сиқилма, оғайни, фақат Лилианага гапириб юрма, уни ўзинг яхши биласан – кўнгли бўш, куйиб адо бўлади бирпасда, тўғрими гапим?! Альфредонинг йўли бошқа, унга бемалол айтишинг мумкин, у қайтанга олдинроқ, Лилиана билан онамнинг аҳволидан хабар олиб тургани ишхонасидан жавоб сўрайди. Кейин-чи, дўстим, ҳамширага айтиб қўйгин, ёзаётганимда халал бермасин, сен тавсия қилган ажойиб дорилардан бошқа оғриқни унутишимга ёрдам берадиган ягона нарса шу. Ҳа, айтганча, вақт-бевақт сўраб қолсам, қаҳва келтириб беришсин, шифохонадаги тартиб-қоидаларнинг жиддийлигидан ўргилдим!
Рости, ёзаётганимда лоақал озгина бўлсин оғриқни унутаман; балки, ўлимга маҳкум этилганлардан сон-саноқсиз мактублар қолишининг сабаби ҳам шундадир, мен энди буни тушуняпман. Бундан ташқари, ўзим тасаввур қилган ва кўнглимдан ўтаётган ҳис-туйғуларнинг қоғозга тушганини кўришни яхши кўраман, шу лаҳзаларда томоғимга бир нима тиқилгандек бўлади, кўнглим тўлиб йиғлагим келади; сўзлар туфайли ўзимни бутунлай бошқача ҳис қиламан, кўнглимга келган нарсалар ҳақида хаёл суриб, шу хаёлларимни қоғозга тушираман, буларнинг бари ёзувчилик касбининг асорати бўлса керак, мен фақат Лилиана келгандагина ёзишдан тўхтайман, бошқаларга эса бунақа илтифот кўрсатиш қаёқда, модомики, улар менга кўп гапириш мумкин эмас, деб ўйлашар экан, нима қиламан ўзимни ҳам, уларни ҳам қийнаб, ҳар хил хаёлга боришмасин яна, деб ҳол-аҳвол сўраб қўяман-да индамай ўтиравераман ишимни қилиб, ана ундан кейин кўрибсизки, улар бири олиб, бири қўйиб бугун ҳавонинг салқинлигию сайловда ким ютиб чиқади – Никсонми ё Макговернми – шулар хусусида берилиб фикрларини билдиришга тушишади, мен уларга халал бермай тинглайман, баъзан эса умуман қоғоздан бош кўтармайман, Альфредо ҳаммасини сезади. Кўнглинг тусаганини қилавер, ёзгинг келяптими ёзавер, – дейди, ўзи эса, хасти нестнамойи бўлиб ўтиради, қолаверса, қўлида газета борми, тамом, бу унинг ҳали-вери кетмайди, дегани. Лекин рафиқамга бунақа қилмайман, у келганда ҳамма ишни йиғиштириб қўйиб у билан чин дилдан суҳбатлашиб ўтираман, гапларини жон-қулоқ бўлиб тинглайман, кўзларига тикилиб жилмаяман, ишонсангиз шунда оғриқ таққа тўхтагандек бўлади, унинг эркалаб, юзларимдан чўлп-чўлп ўпиб қўйишларига беш кетаман – шунақаям хурсанд бўлиб кетаман, асти қўяверинг, очиғини айтсам, унинг нам лабларидан келадиган райҳон ҳидидан илгари ҳам эсим оғиб қоларди, ана шунинг учунмикин салга чарчаб қоладиган одам Лилиана кўргани келганда тетиклашиб қоламан, умуман унинг қачон, қанақа пайтда келишини олдиндан кўнглим сезади, ҳеч кимга, ҳатто Альфредога ҳам сездирмай иложи борича тайёргарлик кўраман, соқолимни қиртишлаб олган куним лабларига ботса керак, бояқиш жонгинамнинг. Тўғриси, менга куч бағишлаётган ҳам, тасалли бераётган ҳам Лилиананинг сабр-бардоши! Агар унинг кўзларида чорасизлик, руҳан адо бўлаётган аёл қалбининг умидсизлиги акс этаётганини кўриб қолсам борми, тамом, менинг юрагимда ўчай-ўчай, деб липиллаб ёнаётган ҳаёт шамъи ўша заҳоти сўнади; дармонсиз, унинг таскинбахш бўсаларини ҳис қилишга қурбим етмай, сўзларини тинглашга ҳолим келмаган кунлари у келиб-кетгандан кейин одатдагидек уколлар ва кўнгилга урган далдаю овутишлардан иборат муолажа бошланади ва мен беихтиёр аламимни яна ёзишдан оламан. Лилиана шикаста хаёлларимни ўзи билан бирга олиб кетолмайди, минг афсус, юрагимнинг тубида ҳеч қандай шаклда ифодасини топмай чўкиб ётган туйғулар фақат шу дафтарда ўз ифодасини топиши муқаррардек туюлади, холос. Биронта одам дафтаримни олиб ўқишга ботинолмайди, уни бемалол ёстиқ тагида ёки тортмада сақлашим мумкин: “Инжиқлик бўлса ҳам ҳамширалар, хонани деярли ҳар куни тозалаб кетувчилар ва ҳатто муолажа қилувчи шифокорлар ҳам тегмаслигини тушунтириб қўй”, – дея Рамосдан илтимос қилганман; доктор Рамос менга халал бермасликни буюрган, тўғри-да, уни тинч қўйиш керак, шўрлик шу билан овунар балки.
Демак, ё душанба, ё сешанба, чоршанба ёки пайшанба куни дафн маросими. Авжи ёз палласида Чакарита, ҳеч бир муболағасиз айтаман, иссиқдан ёнади, йигитлар роса қийналади ўзиям, тасаввур қиламан, Пинчо икки ёни тугмали, қоплама кифт ўрнатилган костюмда, қачон кийса Акосто аския қилиб кўзини очирмасди, ўзи-чи, доим енгил куртка кийиб юрадиган Акосто дафн маросими, бунинг устига, яқин дўстини сўнгги йўлга кузатиб қўяётибди – костюм кийиб олган бўлади, бу ҳам етмагандек галстукда, кўрсанг – қотасан! Фернандито ҳам шу, қисқаси, ажралмас уч оға-ини ботирларнинг ҳаммаси шу ерда бўлади, сўнг албатта Рамос – маросим тугамагунча у ҳеч қаёққа кетмайди, охиригача қолади шу ерда, кейин Альфредо – у Лилиана билан ойимни қўлтиқлаб олганча уларга қўшилиб юм-юм йиғлайди. Астойдил, буларнинг ҳаммаси самимий, чунки ҳаммалари мени қанчалар яхши кўришларини биламан, улар менга қаттиқ ўрганиб қолишган эди, бир кун кўришмаса еганлари ичига тушмасди – энди нима қилишади, ҳайронман; бақалоқ Тресанинг дафн маросимидай бўлмайди – унда улфатчилик қилиб юрганимиз ҳурмати оиласи олдидаги бурчимизни адо этишга боргандик, холос, шу сабабли бир маромда давом этиб келаётган одатий ҳаёт қучоғига қайтиш, тезроқ унутиш истаги кучли эди. Энди бунақа бўлмайди. Тўғри, одам банда, чарчайди, қорни очади, айниқса, Акостога оғир, у: “Қорним пиёзни пўсти бўлиб кетди”, – дейди шикоятомуз, лекин, кўз тегмасин, иштаҳаси карнай уни, бу жиҳатдан ҳеч ким унинг олдига тушолмайди; бироқ дўстларига жонлари ачишиб, шундай ёш, авжи кучга тўлган пайтда унинг ўлиб кетишини лозим кўрган тақдирни ҳар қанча лаънатлашмасин, барибир, ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳаёт давом этяпти, метрога тушиш ҳалиям ҳузур бағишлайди, уйга боргач, муздеккина сувда чўмилсанг енгил тортиш тугул баданинг, ҳатто руҳинг яйрайди, роҳатланасан, виждонинг озгина қийналгани баҳарнав – иштаҳа билан овқатланасан, лекин бунақа оғир кун, аза, мотам олдида бошлар қуйи эгилган, гулчамбарлардан анқиётган ҳид, кетма-кет чекилган сигаретлар ва қабристоннинг энсиз йўлкаларидан беҳол, оҳиста юриб боришлар очлик туйғусини босолмайди, ҳар доим шундай бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади, ёлғон гапиришдан нима фойда, мен ҳам шундай қилган бўлардим. Фернандито, Пинчо ва Акостоларнинг газакхонага боришларини тасаввур қилишнинг ўзи бир гашт, улар бирга боришади, албатта, чунки бақалоқ Тресанинг дафн маросимидан кейин ҳам шундай қилган эдик, улфатлар бирга бўлгани дуруст бунақа оғир кунда, яхши мусаллас ичса озгина бўлсин ғамни унутади одам, калла-пойча ейишса керак; жин урсин, улар қандай ўтиришгани кўз олдимда шундай гавдаланса денг: дастлаб Фернандито қадаҳни шахт кўтариб ичади-да, худонинг ўзи кечирсин, деб колбасанинг катта бир бўлагини оғзига солади, Акосто кўзини ғилай қилиб унга қарайди, лекин Пинчо ўзини тутиб туролмай кулиб юборади, шунда Акосто, умуман олганда, Акосто одамшаванда йигит, уларга ўзингни художўй қилиб кўрсатишнинг ҳожати йўқ, дегандек, Пинчога қўшилиб ҳиринг-ҳиринг кулади, сўнг кулавериб ёшланган кўзларини артади-да, сигарет тутатади. Бири олиб, бири қўйиб мени эслаб кетишади, орамизда бўлиб ўтган гап-сўзларни узоқ эслашади, ҳаётимизда рўй берган қанчадан-қанча ҳодисалар, бизни бир-биримизга боғлаб турган меҳр-муҳаббат, оқибатдан иборат ришталар ҳақида, дафъатан Акосто ёки Пинчонинг ёдига тушган гина-кудрат, аразлаб гаплашмасдан юрган пайтлар тўғрисида армонлар ва умидлар, ушалмаган орзулар борми – ҳамма-ҳаммасини эслашади. Хайрлашиб кетиш оғир бўлади уларга, чунки худди шу кунларда яна кечаги, ўтган кунги, қисқаси, шу кунга қадар давом этиб келган эски ҳаёт яна уларни ўз қаърига олади, ўзга илож йўқ – уй уйига, тепа тўйига – жаноза тугади, тамом. Хайрлашиш кўмиш маросимидан кўра оғирроқ. Альфредо бундан мустасно, у бизнинг даврадан бўлмагани учун эмас, асло, лекин унинг бошқа вазифалари бор, у Лилиана билан ойимнинг ҳолидан хабар олиб туради; буни на Акоста, на бошқаси эплайди, ҳаёт ошна-оғайнилар ўртасида алоҳида муносабатлар ўрнатар экан, ҳаммалари бизнинг уйимизда кўп бўлишарди, ойим дўстларимнинг барини бирдай яхши кўрарди, уйимизга қайси бири кириб келмасин, боши кўкка етарди, лекин Альфредонинг ўрни тамомила бошқа эди, у келса уйимиз тўйхонага айланарди, оила аъзоларимнинг ҳаммаси хурсанд; ўзи ҳам кетишга ошиқмасди, ойим билан гулкўчатлар ва дори-дармонлар хусусида соатлаб гаплашарди, Почони ҳайвонот боғи ёки циркка олиб боришни канда қилмасди; ўзи бўйдоғ-у, барчанинг кўнглини олишга ҳаракат қилади, ойимнинг тоблари қочганда, албатта, пишириқ ёки шоколад келтирар, қарта ўйнаб зериктирмасди, лекин ҳаммадан ҳам Лилианани бошқача кўрарди – қисқаси, у чин дўст эди, бу ёғига, айниқса, икки кун кўзёшларини яшириб юришига тўғри келади, балки Почони дала ҳовлисига олиб борар, лекин ишончим комилки, боргани билан тезлик билан изига қайтади – ойим билан Лилианани кўзи қияди дейсизми? Бу ҳам етмагандек, оилада эркак киши нима қилиши лозим бўлса, ҳаммасини зиммасига олади, нолимайди, дафн маросимини ўтказувчи ташкилот билан келишиб, тартиб билан зарур-нозарур иримларнинг ҳаммасини ўтказади, ҳолбуки, айни пайтда кекса отам Мексикадами, Панамадами айланиб юрган бўлади, бояқиш маросимга етиб келадими, йўқми, номаълум, шу сабабли Лилианани айнан Альфредо олиб боради қабристонга – ойимнинг боришига рухсат беришмаса керак – Лилианани қўлтиқлаб олганча, унинг аъзойи баданидаги титроқни ҳис қилган кўйи, бир вақтлари бақалоқ Тресанинг рафиқасига мен нималар деган бўлсам, худди ўшандай бефойда, аммо зарур сўзлар билан таскин-тасалли беради ва бекорчи сафсата, ҳатто савоб бўладиган ёлғон-яшиқ гапларни эмас, йўқ, шунчаки: “Мен ёнингдаман”, – дейди, – шунинг ўзи катта гап.
Энг ёмони, қайтиб келишаётганида қийин бўлади уларга, унгача – маросим ва гуллар, таъзия билдириб узатилган қўлларни сиқиб қўйишлар, сағана олдида сукут сақлаб туриш, дафн маросимини ташкил этган ходимларнинг аниқ хатти-ҳаракатлари, алоҳал, ижарага олинган автомобил, айниқса, уйга қайтиб боргач, ишхонадан қилинган телефон қўнғироқларига жавоб бериш, Лилиананинг кўнглида ҳаётга умид уйғотувчи Рамоснинг юпатишларисиз ҳеч нарса татимайди, Альфредо унга қаҳва қайнатиб беради ва: “Почо дала ҳовлига борса маза қилади ўзиям, ўтган сафар борганида маза қилиб пони минган, бошқа болалар ва пеонларнинг болалари билан ўйнаганди”, – дейди, лекин ойим билан Лилианага қарамаса бўлмайди, Альфредочалик бизнинг уйни яхши биладиган ким бор, ҳеч бир иккиланмай айтаман, у бир пайтлар қарта ўйнаб, бор пулини ютқазиб, аламига чидаёлмай роса коньяк ичиб, ўчиб қолган Фернандитони олиб кириб ётқизган менинг хонамдаги диванда тун бўйи бедор ўтириб чиқади. Лилиана бир неча ҳафтадан буён якка ўзи ётиб, қаттиқ чарчаганидан ҳамма ёғи қақшаб оғрийди – ухлаш қаерда дейсиз, Альфредо Лилиана билан ойимга тинчлантирувчи дори беришни унутмайди, Сулема хола ҳаммага жўка гулидан қўшиб дамланган олма чой ичиради, Альфредо ғамхўрлик билан уни жим-жит хонага ётқизади-да эшигини зич ёпиб қўяди, сўнг ўзиям диванга ёнбошлашидан аввал яна битта сигара тутатади – у ойимнинг олдида чекишга ботинолмайди, чунки тутундан ойимнинг йўтали хуруж қилиши мумкин.
Начора, шунисига ҳам раҳмат, жиллақурса, Лилиана билан ойим ўзларини бу қадар ёлғиз сезишмайди ёки ундан баттари, азадор хонадонга таъзия билдириш учун мўр-малахдай ёпирилиб келадиган узоқ қариндошларнинг ҳамдардлиги, ачинишларидан холи бўлишади, кўпинча бир қават юқорида яшайдиган, тўйда ҳам, азада ҳам бизникида бўлишига ўрганиб қолганимиз, Сулема хола билан оиламизнинг қадрдони Альфредо шу ерда қолишади; эҳтимол, бошида, бир соатлардан кейин қариндошларнинг қучоқлашиб кўришишлари ва баландпарвоз оҳангда ҳамдардлик билдиришларига чидагандан кўра жудолик аламини ҳис қилиш енгилроқ кечади; ишончим комилки, Альфредо уларни бу издиҳомдан асрай олади, Рамос ойим билан Лилианани кириб кўради, уларга уйқу дори ёзиб беради, Сулема холага эса ҳапдори қолдиради. Ниҳоят, қоронғу тушиб уйни сукунат ва зулмат қоплайди, ёлғиз черков қўнғироқларининг садоларию гоҳи-гоҳи аллақаердан машина сигналларининг овози эшитилади, умуман олганда, бу ерлар тинч, бешовқин. Бедорлик туфайли карахт Лилианани ҳам секин-секин уйқу домига тортади, у чуқур-чуқур эснайди, сўнг баҳайбат мушукка ўхшаб ғужанак бўлиб олади, битта қўли атир ва кўз ёшларидан нам тортган ёстиқда, иккинчи қўлининг билаги эса худди уйқудаги гўдак сингари юзи билан чаккаси остига жажжигина ёстиқ қўйиб беришганидек ётади. Ухлаётган Лилианани айнан шундай тасаввур қилиш осон ва яхши, чунки Лилиана биринчи кун тугаб кечаги кунга айланаётганини ғира-шира ҳис қилганча зим-зиё ғорнинг ёки ер ости йўлининг адоғида турибди, дарпарда оралаб ўтаётган нур, боя Сулема хола жавонни очиб қора кўйлаклар билан юзни тўсиш учун тўр пардалар олаётганда хонани тўлдириб, деразадан тушаётган пайтдагига қараганда рўй берган ҳодисага нисбатан дилларда уйғонган энг сўнгги, бефойда норозилик туфайли ҳамда жудолик уқубатларига чидаёлмаётган кўзларини тўлдирган, лиммо-лим қўшилиб кетган ёғдуга нисбатан тамомила ўзгача эди. Бундан буён тонг нури узуқ-юлуқ тушларидан ситилиб чиққан хотиралар оғушида уйғонишидан аввалроқ унинг хонасини ёритади. Мана шу ёлғизликда, шу тўшакда ва мана шу хонада бутунлай ўзгача бошланажак кунда, тамомила ёлғиз қолганлигини ҳис қилиб ётганида, Лилиана эҳтимол ёстиққа юзларини буркаб юм-юм йиғлаб юборади, ажабо, ҳеч ким уни юпатгани келмайди, тўйиб-тўйиб йиғлаб олсин, дегандек биров хабар олмайди ҳам, фақат анчадан кейин, оппоқ чойшаб ичра уйқусираб ётганида шавқсиз, бефайз кун, қаҳва, оҳиста сурилган дарпарда илгакларининг шиқирлаши, Сулема хола, кунгабоқарлар билан отлар, роса уриниб ахийри тўрга туширган сузгичлари кенг, каттакон лаққа балиқ, шунингдек кафтига зирапча киргани ва дон Контрерас яра-чақаларнинг бир зумда заҳрини оладиган малҳамли мато ёпиштириб қўйгани ҳақида айтиб бериш учун дала ҳовлидан қўнғироқ қилаётган Почонинг овози ҳаёт давом этаётганидан дарак беради. Альфредо Лилианани катта хонада кутиб ўтиради, қўлида ҳар доимгидек газета, у ойингиз тинчгина ухлади, Рамос ўн иккида келади, деб ўзича кўнгил олган бўлади ва тушдан кейин Почони кўриб келиш учун дала ҳовлига уни таклиф этади, бунақа иссиқда дала ҳовлига ёки умуман шаҳардан ташқарига чиқиб кетган маъқул, умуман олганда, ҳатто ойимизни бирга олиб кетишимиз мумкин, тоза ҳавонинг одамга таъсир қилиши аниқ, балки ҳаммамиз ҳафтанинг охиригача ўша ерда қолармиз, Почо роса хурсанд бўлади-да. Бирга боришга рози бўлишадими, йўқми Лилианага барибир, буни ҳамма тушунади, унинг нима дейишини ҳам билишади, тонг отади, оппоқ тонг, индамай нонушта қилишади, тўқимачиларнинг иш ташлаганлари ҳақидаги суҳбатга беғамгина бепарволик билан қўшилишлар, “яна бир пиёла қаҳва тайёрлаб беринг”, деган илтимослар ва яна улаб қўйилган телефон ёнига бориб гаплашишлар, хориждаги қайнотасидан келган телеграмма, муюлишда иккита машина тўқнашиб кетгани туфайли шовқин-сурон кўтариб, ҳуштак чалишади, девор ортида шаҳарга хос одатдаги ҳаёт қайнаб-тошади, соат икки ярим, ойим ва Альфредо билан дала ҳовлига бормаса бўлмайди, ҳар қалай, қанақа зирапча экан ўзи, бола бола-да, барибир, ҳар нарса бўлиши мумкин, Альфредо машина ҳайдайди, дон Контрерас бунақа пайтда ҳар қандай врачдан кўра яхшироқ билади нима қилишни, деб ойим билан Лилианани хотиржам қилади, Рамос-Михиа қишлоғининг кўчалари, қуёш олов пуркайди, деворлари оҳак билан оқланган салқин хоналарга кириб жон сақлаш, соат бешга бориб матэ ичиш, алоҳа, Почо ўзи тутган балиқни кўрсатади: “Балиқнинг ойқулоғи сасий бошлаган, лекин ўзи чиройли, жуда баҳайбат, дарёдан тортиб чиқариш роса қийин бўлди-да, ойи, қаранг, тишларининг ўткирлигини, қармоқнинг ипини узишига оз қолди, алдаётганим йўқ, қаранг тишларини ўткирлигини”. Худди фотосуратлар ёпиштирилган альбомни варақлаётгандек ёки фильм кўраётгандек бўласан, қиёфалар ва иборалар, шавқсиз, завқсиз ҳаётини тўлдиришга ёрдам бергандек гўё ҳаммаси бирин-сирин кўз олдингдан лип-лип ўтади, қаранг, сеньора, Кармен қанақа қовурдоқ қилганини, бирам латиф ва лаззатли, бир тишлам бўлсаям олинг, лаҳм гўштдан тайёрланган, озгина аччиқ-чучук билан, бошқа емасангиз ҳам майли, бунақа иссиқда томоқдан ўтиши ҳам қийин, мен ўзим билан ҳашоратга қарши сепиладиган дори олиб келганман, эҳтиёт-шарт деб, айниқса, бунақа пайтда чивин қайнайди бу ерда. Альфредо Лилианага бир оғиз гапирмайди, Почонинг қўлини силаб ўтиради: “Қалай, оғайни, балиқ овлаш бўйича чемпион бўлибсан-ку, эртага каллаи саҳарда туриб бирга борамиз овга, менам омадимни бир синаб кўрай, эҳтимол, сенга ўхшаб зўрини тутиб қоларман, айтишларича, шу ерлик бир деҳқон уч килолисини тутиб олганмиш”. Шийпон ғир-ғир шабада, ойим ҳалинчак курсида мизғиб ўтиришлари ҳам мумкин, дон Контрерас тўғри айтибди, яранг арзимаган экан, ҳаммаси яхши, қани, хол-хол понида қанақа юришингни бизга ҳам кўрсат-чи, қаранг, ойи, чопишини, мен сираям қўрқмайман, биз билан борасизми эртага балиқ овлагани, мен ўзим ўргатаман сизга, мени айтди дерсиз, жума куни ҳаво зўр бўлади, роса балиқ овлайдиган кун, Почо дон Контрераснинг ўғли билан кимўзарга пойга ўйнашади, қоқ тушда ўтириб нари-бери овқатланишади, ойим жўхори сўтасини тозалашга қарашади, Карменга, балога йўлиқсин, сира тузалмаётган қизининг йўталига қарши нима қилиш лозимлигини ўргатади, жазирама ёз тафти ўтириб қолган бўм-бўш хонада тушдан кейин мизғишади, дағал чойшабда ётиш бироз ноқулай, шийпонда ўтиришганда қоронғу тушади, чивинлардан безор бўлиб гулхан ёқишади, Альфредо унинг ёнгинасида одоб доирасидан чиқмай ўтиради, қойил қолиш керак унга, заррача малол келадиган ортиқча гап қилмайди, савол бермайди, қойил қолиш керак Альфредога, ёнида ўтиргани билан Почодан ортмайди сира, ҳамманинг кўнглига қарайди, ҳаммаларидан бир хилда ровиш олади, жим-жит бўлиб қолишганда, нима дейишни билади доим, ноқулай вазият юзага келишига йўл қўймайди, фурсатни бой бермай лимонад очиб, финжонларга қуйиб узатади, дастрўмол олиб беради, янгиликлар, иш ташлашлар ва Никсон ҳақидаги хабарларни тинглаш баҳонасида радио қўяди, бошқа нимаям кутиш мумкин, тавба, қанақа мамлакат бу ўзи?!
Бир ҳафта кўз очиб юмгунча ўтади, Почонинг қўлидаги яра ҳам битай деб қолди, улар душанба куни эрталаб, ҳали кун исиб улгурмасидан Буэнос Айресга қайтиб келишади, Альфредо уларни уйга қўйиб, ўзи қайнотани кутиб олгани кетади, Рамос ҳам у билан Эсейс тайёрагоҳига йўл олади, Фернандито эса ойим билан Лилианага кўмаклашгани қолади, кимдир бўлиши керак-ку уларнинг ёнида, соат тўққизларда қизини етаклаб Акосто келади, яхши ўйлабди, юқори қават-у, лекин Сулема холаникида Почо иккови зерикмасдан ўйнайди, ҳамма нарса ўзгариб қолгандек, қабристондан қайтиб келишса худди бегона ерга ўхшайди, Лилиана қариялар билан андармон бўлади – бошқа илож йўқ, пича дардини унутади, Альфредо, Фернандито ва Акоста унга кўмаклашади, аммо-лекин Фернандитога қойил қолиш керак, у Лилиана учун, Лилианани деб ўлиб-тирилади, дарҳол гап нимадалигини пайқаб, Лилианага енгил бўлсин учун қайнотасини нариги хонага чиқиб дам олишга таклиф этади, тўғри-да, шунча йўлдан келган кекса одам, йўл азоби – гўр азоби дейишади, рост-да, бирин-кетин ҳамма тарқаб кетади, фақат Альфредо билан Сулема хола қолишади, уйга жимлик чўкади, Лилиана тинчлантирувчи дори ичиб, ухлагани итоаткорона хонасига кириб ўрнига ётади ва ўша заҳоти донг қотиб ухлаб қолади. Эрталаб Почонинг катта хонада шовқин кўтариб у ёқдан бу ёққа югургани, қария шиппакларининг шипиллаган товуши, телефон қўнғироғининг жаранги, ё Клотильда ёки Рамос бўлса керак, ойим иссиқ лохас қилаётганидан ёки ҳаво димлигидан зорланади, нима овқат тайёрлаш лозимлиги ҳақида Сулема хола билан маслаҳат қилади, соат олтида Альфредо, баъзан Пинчо синглиси билан ёки Акоста қизи билан келади, тажрибахонада бирга ишлайдиган ҳамкасблари таъзия билдиргани йўқлашади ва: “Уйда ўтиравериб, тўрт девор ичида қолиб сиқилгандан кўра ишга чиқсанг ёзиласан, – деб тушунтиришади, – жиллақурса, биз учун чиқақол, биласан ўзи кимёгарлар етишмайди, айниқса шу кунларда сен зарурсан, ярим кунга бўлса ҳам, сал чалғийсан”, – деб уқтиришади. Биринчи сафар Альфредо элтиб қўяди тажрибахонага, чунки Лилиана ҳозир машина ҳайдолмайди, сўнгра уни қийнамаслик мақсадида ўзи ҳайдаб борадиган бўлади, гоҳи-гоҳида у ўзи билан Почони олиб кетади-да ишдан кейин ҳайвонот боғигами, киногами боришади, тажрибахонадагилар унга авжи янги вакцина тайёрлашаётган пайтда ёрдами теккани учун миннатдорлик билдиришади, денгиз бўйидаги туманларда юқумли касаллик тарқагани туфайли, тажрибахонада алламаҳалгача ушланиб қолишига тўғри келади, умуман, иш овунтирмай иложи йўқ, ҳамкасблари билан бирдан Росариога хизмат сафарига бориш, йигирма қути ампула, иш мана бундай бўпти, Почо коллежга қатнай бошлаган, Альфредо ҳозирча болаларни арифметика фани бўйича тамомила бошқача ўқитишади, дея хуноби ошади: “Саволларини тушунсам ўлай агар, қариялар дамини олиб ўтиришади, бизнинг давримизда бошқача эди, Альфредо, бизни ҳуснихатга ўргатишарди, чиройли ёзмасликка йўл қўйишмасди, бу боланинг ёзганларини кўр, ажи-бужи – шунақаям бўладими, муаллимлар қаёққа қарашяпти, бу кетишда ишлар пачава-ку”. Лилианага индамай тикилиб ўтириш нақадар яхши, ҳайҳотдай диванда жажжигина бўлиб олган, газета оша кўз ташлаб қўйсанг-у, жилмайишини кўрсанг, сўзсиз тушунасан уни, у қарияларнинг гапи тўғри, дейди ва ўзи эса худди ёш қизчалардек унга узоқ жилмаяди; лекин бу унинг самимият тўла илк кулгуси эди, Почо билан циркка бориб юрганларида шундай қиларди, Почо коллежда дарсларни яхши ўзлаштираётгани учун музқаймоқ билан кўрфазда сайр қилишга эришади. Совуқ кучайиб, касаба уюшмасида ҳам муаммолар кўпайиб, тез-тез вилоятларга боришга тўғри келгани сабабли Альфредо олдингидек ҳар куни келмайди, баъзида Акоста қизи билан хабар олади, якшанба кунлари Фернандито ёки Пинчо йўқлайди, бунга алоҳида аҳамият бериш шарт эмас, чунки ҳамма ўзидан ортмайди, ташвишлари етарли ўзларига, кунлар эса хийла қисқариб қолди, Лилиана тажрибахонадан кеч қайтади, ўнли каср бўйича ҳамда Амазонка дарёсининг ҳавзаси ҳақида ҳеч нарса билолмай боши қотган Почо билан бирга дарс тайёрлашга ўтиради, охир-оқибат у билан ёлғиз садоқатли Альфредо бирга қолади, катта хоналарга қари-қартанг кириб дам олади, ҳаловат истаган вужудлар яйрайди, кечқурун камин ёнида мамлакатдаги муаммолар, ойимнинг саломатлиги ҳақида паст овозда суҳбатлашиб ўтиришганида Альфредо Лилиананинг елкасига қўлини қўяди: “Чарчаяпсан жудаям, шунинг учун сўлғин кўринасан, – дейди, бу ёлғон, лекин барибир бунга жавобан унинг лабларида миннатдорлик туйғулари акс этган табассум уйғонади, – иложини топиб дала ҳовлига яна борамиз, доим бунақа совуқ бўлмайди-ю, тўғрими, доимий нарсанинг ўзи йўқ”. Лилиана унинг қўлини оҳиста олиб қўяди ва сигарет излаб хонтахтага кўз югуртиради, сўзлар ҳеч нарсани англатмайди, Альфредо унга доимгидек термилиб қарайди, қўллари унинг елкаларидан яна қучади, улар бошларини хиёл эгиб, манглайларини бир-бириникига босиб шивирлашади, сўнг шу кўйи узоқ жимиб қолишади, унинг ёноғини беозор бўсалар куйдиради.
Нима қилардинг, бўлар иш бўлди, гапиришнинг ҳожати йўқ. Титраётган бармоқлари орасидаги сигаретни ёқиб олиш учун Лилиана томон энгашиб, сўзсиз умид қилиш керак, холос, эҳтимол, чинданам гапириш шарт эмаслигини аниқ била туриб ҳам шундай қилиш лозимдир, шундоқ ҳам Лилиана ичига чуқур тортади-да, хўрсиниш аралаш тутунни чиқариб юборади ва титраб-қақшаб ҳиқ-ҳиқ йиғлашга тушади, Альфредонинг юзига тегиб турган ёноғини олиб қочмай, қаршилик қилмай ва унсиз кўзёшларини тўкканча эндиликда ёлғиз унинг учун, якка унинг ўзига аён бўлган ҳиссиёт тўлқинига ғарқ бўлаётганини яширмоқ мақсадида унсиз кўзёш тўкади. Сийқаси чиққан ибораларни шивирлаш бефойда, Лилина йиғлаётибдими, бас, тамом, бу унинг чорасизлиги, ўзга иложи қолмаганини англади дегани, бу энг охирги чора – қисмат, бу ёғига ўзга ҳаёт бошланиши муқаррар бўлган чегара! Уни юпатиш, тонг қотиб қолган ҳар бир лаҳзани бир онда чизилган расмлар каби абадийлаштиришдек адоқсиз кун жараёнига ёрдам тариқасида ўтмишдаги осойишта ва хотиржамликдан иборат ҳаловатини тиклаб бериш, ушбу сўзларни дафтарга ёзиш каби мумкин бўлганда эди…
Мабодо, шуларнинг барини амалга ошириш имкони бўлганда эди, бироқ қоронғу тушиб Рамос ҳам кириб келади, у энг охирги тиббий таҳлил натижаларини кўздан кечира туриб талвасага тушиб, аввал чап қўлимни, кейин ўнг қўлимнинг томирига бармоғини босиб юрагим уришига қулоқ солади, таажжубланаётганини яширолмай устимга ёпилган чойшабни тортиб олади-да яланғоч ҳолда аъзойи баданимни кўздан кечиради, биқинимни пайпаслаб кўради-ю, ҳамширага нотайин топшириқлар беради, мен баайни элас-элас ғалати бир нарсани илғай бошлайман, ғалати жуда, чунки бундай бўлиши мумкин эмаслигини мен биламан-ку, Рамос янглишаяпти, буларнинг бари ёлғон, ҳақиқат бутунлай бошқа нарсада – унинг мендан бекитмаган муддатида акс этади ахир, Рамос жилмаяди, гўё умидлари пучга чиққану шунинг учун гарангсиб, буни қабул қила олишга қодир эмасдек унинг яна биқинимни, қорнимни ғалати тарзда пайпаслаб кўриши, бемаъни илинжи, менга ҳеч ким ишонмайди, оғайни, мен бўлсам шуни бўйнимга олишга уриняпман, эҳтимол, чинданам шундайдир, ким билади тағин, мен қаддини ростлаб яна сўлжайиб фармойиш бераётган Рамосга тикиламан, унинг овози шунақа чиқадики, бу тўрт девор ичидаги ғира-шира қоронғулик қўйнида неча-неча кунлар ярим беҳуш ётганимда бирон марта ҳам эшитмагандим ва чиндан шундай эканига аста-секин ўзимни ишонтиришга муяссар бўламан, бироқ ҳозир, ҳамшира чиқиб кетиши биланоқ ундан озгина кутиб туришни, бу хусусда Лилианага айтишдан аввал, унинг уйқусини бузмай, шунча пайтдан буён илк бора ёлғизлик ямламаган тушидан ва бу туш аро бағрига босиб қучоқлаётган кимсанинг қўлларидан ногоҳ юлқиб олмасдан, лоақал эрталабгача кутақол, дея ундан албатта сўраш даркор…
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 1-сон