Таниқли ҳинд шоири, йирик олим, ўзбек халқининг катта дўсти Қамар Раисни танимаган ё бу зот ҳақида эшитмаган киши кам бўлса керак. Қаердаки Қамар Раис ҳақида гап очилгудек бўлса, даврадагилар уни кўргани ё у билан яқиндан суҳбатдош бўлгани, жуда бўлмаганда, бу олижаноб инсон ҳақида кўп бор эшитгани билан фахрланиб қўяди. Бу бежиз эмас, албатта. Бирон-бир ажнабийнинг ўзга элда танилиши, дўст киришиб, минглаб одамлар қалбидан жой ола билиши учун, аввало ўзи шунга муносиб бўлмоғи, шунга муносиб бўлиши учун каттагина меҳнат қилмоғи, ва энг асосийси, шу халқни унинг барча ютуқ ва камчиликлари, яхши ва ёмон томонларини дилига яқин олиб, самимий муҳаббат ила севмоғи керак бўлади. Қамар Раис айнан ана шундай фидойи ҳинд фуқароси. Қамар Раисни ўзбек халқи билан бу қадар яқин ошно қилган аслида нима эканига бир оғиз сўз билан жавоб бериш қийин, албатта. Бу саволга жавоб беришнинг жуда осон йўли ҳам йўқ эмас – бу илму урфонга, маърифатга, китобга бўлган беқиёс ҳурмат ва садоқатдир. Агар Қамар Раис дастлаб 1962 йили Тошкентга университет ўқитувчиси бўлиб келгандайин ўнми, ўн бешми, йигирма йил талабаларга дарс бериш билангина чекланиб қолганида эди, уни шунча узоқ йиллардан кейин ҳам университетдан бошқа жойда ҳеч ким яқиндан танимаган бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо бу аллома ўзбек диёрига қадам қўйганидан буён серқуёш мамлакатимиз ҳақида катта-кичик мақолалар, рисолалар, китоблар ёзишга киришиб кетди. Ҳиндистон ва Ўзбекистон – икки қадимий мамлакат тарихини ёшлигидаёқ сув қилиб симирган ижодкор олим ва ўзидаги худо берган зеҳндан, ҳаётий тажрибадан, қалбида булоқдай тошиб турувчи пок муҳаббатдан баракали фойдаланишни ўзига бош мақсад қилиб қўйди. Мана, йиллар тасбеҳ донасидай бир-бир ўтаверди, Қамар Раис ҳам бу доналарга ҳамоҳанг равишда ижод маҳсули – икки буюк халқ ўтмиши ва ҳозирига доир китобларини ўзбек ва ҳинд халқига навбат-банавбат армуғон этаверди. Хусусан, ўзининг Тошкентдаги Ҳиндистон элчихонаси қошида кўрсатган ҳам адабий, ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий фаолиятининг охирги дамларида у қатор китоблар ёзиб, жамоатчилик таҳсинию, олқишига сазовор бўлди.
Қамар Раис ўзининг 65 йиллик олтин тўйини айни Тошкенти шаҳри азимда кутиб олди. Аммо ҳақиқий байрам, албатта, она диёри Ҳиндистонда бўлди. Ватандошлари ардоқли шоири ва олимининг бу қутлуғ ёшини ғоятда муносиб кутиб олдилар: «Қамар Раис: буни умр дейдилар» («Қамар Раис: эк зиндагий», 1998 й. Тахликкар Паблишерз, Янги Деҳли) биографик китобини нашр этиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этдилар.
Китоб 478 бетдан иборат бўлиб, 33 та рангли суврат билан музайян этилган. Тўпловчи таниқли ҳинд (урду) олими Салмо Шоҳин (аслида Қамар Раиснинг яқин қариндошларидан) бўлиб, у 50 га яқин турли муаллифларнинг Қамар Раис ҳақида ёзган мақолаларини жамлаган. Муаллифлар орасида жаҳонга таниқли ёзувчилар Сажжод Заҳир, Жаганнат Озод, Мужтабо Ҳусайн, Нигор Азим хоним, танқидчилар Сония Черникова (марҳума), Муборак Шамим, Исматуллоҳхон, профессорлар Лутфурраҳмон, Амир Орифий, Насир Аҳмадхон, фан докторлари Холид Улвий, Шафиқа Фурқат, Рож Баҳодир Гоур, Камол Аҳмад Сиддиқий ва бошқалар номини кўришимиз мумкин. Китоб беш қисмдан: Кириш, («Ибтидаия»), Шоир шахсияти («Шахсиятнама»), Танқидий мақолалар («Нақднама»), Қамар Раис шеърларидан намуналар («Шеърнама») ва шоирнинг шахсий ҳаётига оид мақолалар («Акси заат»)дан иборат. Мақолаларни ўқир эканмиз, аввало Қамар Раиснинг болалик даври кўз ўнгимизда намоён бўлади. Дастлабки сатрлардаёқ Қамар Раиснинг асли исми Мусоҳиб Алихон экани, Қамар Раис унга адабий тахаллус бўлиб қолганидан воқиф бўламиз. Ҳиндистонда номи кўпчиликка маълум ёзувчи, шоир Муборак Шамим Қамар Раисни болаликдан билар, бирга ўқиб, бирга униб-ўсганлардан – у дўсти ва ҳамқишлоғининг шажарасини тўлиқ келтиради: Мусоҳиб (Алихон) Қамар Раис ибн Мавлоний Абдул Алихон Соҳиб ибн Муҳаммад Алихон Соҳиб ибн Муҳаммад Алихон Соҳибхон ибн Муаззам Алихон ибн Муҳаммад Аъзамхон ибн Мукаррамхон ибн хон Аҳмадхон.
Кўриниб турибдики, Қамар Раис на фақат ҳинд афкор оммаси орасида, балки оддий жамоа ичида ҳам ўзига яраша дурустгина нуфузга эга шахс экан.
Шоирнинг шеърият бобидаги истеъдодидан халқимиз ўтган асрнинг 60-70-йилларидаёқ воқиф бўлган эди. Ўшанда Қамар Раиснинг унча катта бўлмаган шеърлар тўплами Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилганди. Бироқ сал нарига бориб Қамар Раис ўзининг бутун истеъдоду салоҳиятини илмга, тадқиқотга, таржимага ва китобатга бағишлади. Бу ҳақда унинг ўзи шундай деганди: «Мен барибир минг чиранганим билан Мирзо Ғолиб бўлолмайман. Халқларимизга ҳалол хизмат қилишни ўзимнинг олий бурчим деб ҳисоблайман». Бу мардонавор иқрор ҳар қандай ижодкорнинг дилидан чиқавермайди. Дарҳақиқат, таржимончилик, танқидчилик борасидаги ишларини номма-ном саналса, ўзи бир китоб бўлгулик.
Биз сўз юритаётган «Қамар Раис: буни умр дейдилар» китобининг ўзбек халқи учун яна бир қимматли жойи шундаки, унда Ўзбекистон илм даргоҳларида Қамар Раис олиб борган фаолият тавсифлари билан бир қаторда йирик ўзбек ижодкорларига тааллуқли мақола ва сувратлар ҳам берилганки, бу икки халқ маданияти тарихидан ўзига хос ўрин эгаллаши табиий. Ўзбекистонда шарқшунослик фани, хусусан, ҳиндшунослик урушдан кейинги йиллар авж олди. ТошДУ Шарқ факультети (эндиликда Шарқшунослик институти)да ўз вақтида Мухтор Авезов, Пиримқул Қодиров сингари машҳур ёзувчилар, Шоислом Шомуҳамедов, Раҳмонберди Муҳаммаджонов каби олимлар таълим олганлар. Шарқ мамлакатларидан юзлаб мутахассис олимлар келиб, йиллаб бу ерда дарс берганлар ва бу анъана ҳозир ҳам давом этмоқда. Китобдаги сувратларни кўздан кечирар эканмиз, бир суврат айниқса эътиборимизни ўзига тортади. Унда давра бошида Ойбек, ёнларида Ҳамид Ғулом, ундан берида Файз Аҳмад Файз, Зулфия ўтиришибди. Орқа томонда тик турган Қамар Раис ва машҳур таржимон, шарқшунос олим Наби Муҳамедовга кўзимиз тушади. (У Файз Аҳмад Файзга таржимонлик қиляпти.) Шугина сувратнинг ўзида бир олам маъно мужассам. Агар Қамар Раис бўлмаганида (суврат шу кишининг Тошкентдаги хонадонида олинган), бу буюк зотлар иштирокидаги бундай гўзал мажлисни биз кўришга муяссар бўла олармидик? Зинҳор! Мана, сизга адабиётдан келадиган савоб иш! Қамар Раис шоир бўлмаганида, ўзбек халқини севмаганида бу тарихий лаҳза абадият саҳифасида муҳрланиб қолармиди? Йўқ! Шуниси эътиборга моликки, бундай гўзал лаҳзалар шоирнинг Тошкентдалик чоғида ҳам, Деҳлидалик чоғида ҳам кунда бўлмаса ҳафтада ё ойда, албатта, бир ё икки карра юз кўрсатиб турар, абадият касб этар эди. Яна бир сувратда Қамар Раис бўлажак ойбеклару зулфиялар – Тошкент дорилфунуни талабалари орасида сувратга тушган. Китобнинг бир боби «Нақднома»1 айнан олимнинг устозлик ва танқид борасидаги ижодига бағишлаганлиги бежиз эмас. Китобнинг сўнгги саҳифасини ўқиб бўлиб, бир зум хаёлга берилар экансиз, кўз ўнгингизда яна икки дўст мамлакат – Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг муштарак акси намоён бўлади. Неча минг йиллар муқаддам шаклланган азалий дўстлик ришталари орасида Қамар Раис ҳаётига бағишланган ушбу йирик китоб ҳам ёрқин заррин ип каби товланиб тургандек ҳис қиласиз.
Ўтган асрнинг 70-йилларида, тўғрироғи, 1973 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида урду тилида «Ўзбекистон шоирлари» («Шуара-е-Узбекистан») баёзи чоп этилган ва урдузабон ҳинд китобхонлари томонидан қизғин кутиб олинган эди. Тўпловчи ва урду тилига сўзма-сўз таржимони камина, бадиий таржимон Қамар Раис эди. Шундан бери дунёда, хусусан, Ўзбекистон тақдирида кўп ўзгаришлар бўлди. Халқимиз мустақиллик нафаси билан яшай бошлади. Албатта, булар барчасини Қамар Раис кузатиб борар, таассуротлари ва кечинмаларини назм ва наср ипларига тизишда давом этар эди. Биз яна ўша эски ҳамкорликка анъана туси берган бўлиб, тағин ўзбек шоирлари шеърларини урду тилида чоп этишга аҳд қилдик. Кўп йиллик машаққатли меҳнатимиз бесамар кетмади. Мана, қўлимизда марғилоний атласдан нусха туширилган муқовали яп-янги китоб: «20-аср ўзбек шеърияти» («Бисвинг садийки узбек шаирий», Ҳиндустаний китаб гҳар, Деҳли, 2001). Жами 204 бетдан иборат.
Олдингидан фарқли ўлароқ, тўпламга бир қатор янги номлар киритилди. Ростини айтиб қўя қолай: шоирлар тадрижини тузишда таржимонимиз (Қамар Раис) анча эркин, ўз билгича йўл тутган. Мундарижа икки қисмга бўлинган. Илгаригидек шоирлар рутбаси ёки ёшига қараб тартиб беришдан воз кечиб, негадир аралаш-қуралаш беришни маъқул кўрган. Бунда Қамар Раис бирон адабий мақсадни кўзлаганми ё ўзбек шоирларининг таржимаи ҳолларидан у қадар чуқур воқиф эмасми, айтиш қийин. Нима бўлганда ҳам китоб олам юзини кўриб ва у ёқда Деҳлида, бу ёқда Тошкентда (Ҳиндистон маданият марказида) унинг тақдимоти ғоят тантанали сувратда амалга оширилиб бўлган эди – буни биз чин дилдан қутлаймиз, албатта.
Китоб унвон варағида биз қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Ғшлар орасида мустақиллик даврида шарқ халқлари тили, маданияти, тарихи ва санъатини тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатаётган Шарқшунос олимларга бағишлайман». Бу йирик ҳинд олимининг Ўзбекистонда шарқ тилларини ўрганиш ва ўргатишда олиб борилаётган муваффақиятли ишлар юзасидан билдирган самимий эътирофи ва эҳтироми! Зеро таржимоннинг ўзи ҳам айнан мана шу институт (илгари ТошДУнинг Шарқ факультети) даргоҳида узоқ йиллар меҳнат қилган, тер тўккан, урду ва ҳинд тилларини қунт билан тарғиб этган эди.
Устоз шоир Ғафур Ғуломдан тортиб эндиликда устозлик даражасига етган Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповгача бўлган ўзбек шеърияти дарғалари билан бир қаторда энди Иқбол Мирзо, Баҳром Рўзимуҳаммад, Усмон Қўчқор, Йўлдош Эшбек каби номларни кўрамиз. Китоб Қамар Раиснинг каттагина «Муқаддима»си билан бошланади. Хусусан, у шундай ёзади: «1991 йилда Совет Иттифоқининг тарқаб кетиши ва Ўзбекистонда миллий давлат барпо этилиши натижасида ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари каби шеърият ва адабиётда ҳам янгича интилишлар намоён бўлди. Ғш авлод давлатнинг янги сиёсатидан илҳомланиб, эски шўролар давридаги тоталитар тузум асоратларидан бир йўла халос бўла бошлади. Шу боис кейинги икки ўн йиллик давридаги ёш ўзбек қаламкашлари ижодида бутунлай янги адабий услуб ва қарашлар шаклланганига гувоҳ бўламиз. Уларда Ўрта Осиёдаги туркий халқларнинг бирлашишига даъват ҳам ўз аксини топган. Ислом динига кенгроқ эркинлик берилганлиги сезилади…» «…Ушбу китоб менинг Ўзбекистонда кечирганим 10-12 йиллик меҳнат йилларим натижасидир. Бу хайрли ишда менга яқиндан ёрдам берган қадрдон дўстим Раҳмонберди Муҳаммаджонов (бу ўринда каминани ҳам тилга олган)дан ғоятда миннатдорман. Ўзбек тилида унча-мунча гапира олсам-да, аммо шеърият тилидаги назокатни, унинг латифлигини ўша тил эгасичалик англаш ва англатиш амри маҳол, албатта…»
Шундан сўнг Қамар Раис ўзбек ва урду тилларидаги ўхшашликлар, ташбеҳлар таржима ишини анча енгиллатганини айтиб ўтади. Кези билан у урдушунос Ансориддин Иброҳимов тузган уч минг сўзлик урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғатини тилга олади. Аммо баъзи тилшунос олимларнинг эътирофича, шеъриятда бундай муштарак сўзлар уч минг эмас, бундан бир неча баравар ортиқлигини таъкидлашади, дейди таржимон. Масалан, шеърий жанрлар: ғазал, қасида, мусаддас, мухаммас ва ҳ.к.лар ҳам иккала тилда бир хил хусусиятга эга. Боз устига мумтоз ва янги мумтоз шеъриятда иккала тил бадиияти ва фантазияси ҳам бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Ташбиҳ, истиора, киноя, талмиҳот, тамсилот, ҳаттоки шеър ичида қўлланиладиган мақолларгача гўё бир-биридан нусха олгандек ўхшаш. Бу ўхшашлик ва муштараклик иккала тилда 15-асрдан буён мавжуд. Шундан сўнг фикрининг далили тариқасида Қамар Раис Бобур шеър ва рубоийларидан қатор мисоллар келтиради.
Умуман олганда, Қамар Раиснинг бу савобли иши ҳар жиҳатдан таҳсинга сазовор. Ўзбекистон мустақиллигининг ўн йиллиги арафасида китобхонлар қўлига бориб тегиши ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этиши турган гап. Айниқса, ҳозирги ўзбек адабиёти (шеърияти) намуналари билан яқиндан танишган ҳинд ўқувчилари учун бу жуда катта маданий воқеа ҳисобланади.
Маълумки, Ҳиндистон тарихида буюк ватандошимиз, бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўрни бениҳоя катта. Ҳатто Ж.Неру, агар Бобур бўлмаганда, Ҳиндистон миллат сифатида ҳам, давлат сифатида ҳам йўқ бўлиб кетар эди, қабилидаги сўзларни айтган. Жаҳон миқёсидаги сиёсий арбоб шундай эътирофларни изҳор этиб турган бир вақтда, афсуслар бўлсинки, буюк аждодимиз ўзининг киндик қони тўкилган тупроғида деярли тупроқ билан битта қилинмоқда эди. Аммо ҳақиқат – эртами, кечми – қарор топар экан! Мирзо Бобур ўз она диёрида яна мирзолик тахтини мусаххар этиб турибди.
Бу ҳол мунаққид Қамар Раис диққатини ҳам четлаб ўтмади. Айниқса, Бобурнинг туғилиб ўсган жойларини ўз кўзи билан кўргач, унинг дилида буюк шаҳаншоҳ ҳақида китоб ёзиш фикри ниш урди. Тўғри, Бобур ҳақида маълумотлар истаганидан кўпроқ миқдорда тўлиб-тошиб ётибди. Ҳар ишни айтиш осон, қилиш қийин деганларидек, Бобур ҳақидаги китобни қандай ёзиш устида Қамар оға узоқ ўйлади. Хўш, ҳиндлар учун Бобурнинг қай жиҳати у қадар яхши маълум эмас? Ҳа, Бобур ўз шеърларини туркий тилда ёзган. Давлат ишларини форс тилида олиб борган. Демак, Бобурнинг шоҳ эмас, шоир сифатидаги суврати ва сийратини очиб бериш лозим!
Қамар оға енг шимариб ишга киришиб кетди. Уйқусиз кечалар, беором кундузлар… Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида гоҳ илмий, гоҳ сиёсий ишлар билан зир қатнаш. Ва ниҳоят – китоб тайёр: «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: шахс, шахсият ва шеърият».
Ҳалигина айтганимдек, нуқул урдуча-ўзбекча муштарак сўзлардан ташкил топган сарлавҳа («Заҳириддин Муҳаммад Бабур. (Шахс, шахсият аур шаирий»), Эдюкейшнл Паблишинг Хоус, Деҳли, 2002.) Китоб жами 128 бетдан иборат.
Китоб икки қисмдан ташкил топган. Биринчи қисмдан 13 та мақола жой олган. Уларда Бобурнинг болалигидан балоғатлик давригача бўлган маълумотлар қизиқарли лавҳаларда баён этилган. Шундан сўнг унинг шеъриятга ихлос қўйгани, ишқий шеърлар, ғазаллар битгани, ўзининг талотўпли замон гирдобида кечирган оғир кунларини қаламга олгани, сиёсий ва маиший ҳаёт ўртасидаги оворагарчиликлари ўз аксини топади. Қамар Раис ўрта асрдаги бошқа мумтоз шоирлар билан Бобур ўртасидаги тафовутга алоҳида эътибор беради. Бобур ҳаётда қандай бўлса, адабиётда ҳам шундай эди – борини ёзар эди. Ғшгина чоғида тахтга ўлтиргани боис, тахт атрофидаги маиший муҳит уни жуда эрта ўз қуршовига олади. Агар унинг ўрнида бошқа ёш бола бўлганида, ким билсин, гўзал канизларга тўла ҳарам уни эрта йўлдан оздирган бўлармиди. Аммо Бобурдаги шоирлик истеъдоди теварак-атрофга ҳушёр боқишга, тожу тахтни, отамерос салтанатни ҳимоя қилишга ундар эди. Бобоси Темур обрўйини тиклашдек буюк вазифани ўз зиммасига олган Бобур қисқагина умрини нуқул олатасир воқеалар гирдобида ўтказди. Шунга қарамай, аввал Кобулда (Афғонистон), сўнгра Аграда (Ҳиндистон) жаҳон тарихида абадий ёрқин саҳифалар бўлиб қолувчи салтанатлар барпо этишга улгурди. Бугунги кунда ҳам Ҳиндистон (ва қисман Покистон)да бирон-бир шаҳар ё кент йўқки, у ерда Бобур ё бобурийлардан қолган муҳташам ёдгорлик қолмаган бўлсин.
Қамар Раис Бобур ижодининг маърифий жиҳатларига эътиборни қаратар экан, унинг сикҳлар раҳнамоси Гуру Нанак билан ўхшаш томонларини қаламга олади ва бу икки даҳо ижодкорнинг ҳинд маърифий маданиятини бойитишдаги хизматларини алоҳида таъкидлайди.
Ўтган аср охирларида Рам туғилиб ўсган қадимий Айодҳйа қишлоғида содир бўлган қонли воқеа жаҳон жамоатчилигини ташвишга солган эди. Гўё Бобур қадимги Айодҳйа ибодатхонасини бузиб, ўрнига масжид қурдирган эмиш. Мутаассиблик авж олган Ҳиндистон муҳитида бу жуда хатарли гап эди. Барибир фожиани четлаб ўтиб бўлмади. То бу ишда Бобурнинг қўли йўқлиги исбот этилгунча анча-мунча одамнинг ёстиғи қуриди. Демак, Ҳиндистонда ҳам Бобурга турлича қарашлар ҳамон мавжуд экан. Бироқ бу буюк олим, шоир, саркарда, давлат бошлиғининг Ҳиндистон олдидаги хизматлари шу қадар улуғ ва улканки, унинг олдида ҳозиргидақа фитна-фужурлар бир эсиб, дарров тиниб қоладиган шамол ё шабада кабидир.
Хўш, Бобурнинг маҳаллий ҳинд маданияти, хусусан, адабиётига муносабати қандай бўлган? Бу саволга Қамар Раис ўзининг «Бобурнинг урдуча шеъри» номли мақоласи билан жавоб беради. Гап шундаки, Бобур маҳаллий ҳиндий тилини қунт билан ўрганади. Уларнинг сўздаги иккинчи бўғин унлисини ташлаб кетишларини, чунончи «хабар»ни «хабр» дейишларини «Бобурнома»да айтиб ўтади. Ҳозир эслатилган урдуча шеър эса шеъриятдаги «ширу шакар» услубида ёзилган бўлиб, у қуйидагича жаранглайди:
Муж ко на ҳува кучҳ ҳаваси мўнак-о-мотий,
Фикҳ аҳлига бас бўлғувси паъний ва ротий.
Маъноси:
Мен олтину кумушларга ҳеч ҳавас қилмадим,
Фақр аҳлига бир қултум сув ва бир бўлак нондан бошқа ҳеч нарса керакмас.
Мана, беш асрдирки, биргина мисра ширу шакар буюк бобокалонимизнинг мусофир юртдаги ўз фуқароларига муҳаббати нечоғли баланд бўлганлигини исботлаб келмоқда.
Китобнинг иккинчи қисми бутунлай Бобур шеърларининг урду тилига таржимасига бағишланган. Уларни Қамар Раиснинг биргина фикрига эътирозимизни билдирмай ўтсак, тўғри бўлмасди ва бу жоиз ҳам эди. Гап шундаки, азбаройи Бобур ижодини ўрганишга қаттиқ киришиб кетганидан мунаққид Бобурнинг шеъриятда баъзи жиҳатлари билан Алишер Навоийдан ўзиб кетгани ҳақида гапиради. Бу билан дўстимиз ва устозимиз Қамар Раиснинг илмий тадқиқотчилик борасидаги салоҳиятини заррача бўлсин камситишдан йироқмиз. Аксинча, у кишининг ҳар бир катта-кичик ишини ҳар қанча алқасак, қўлласак ҳам оз. Гарчанд Бобур ҳам, Навоий ҳам шеърларини туркийча ёзган бўлишса-да, ҳиндлар учун барибир Бобур яқинроқ, қадрдонроқдир. Бунга шубҳа йўқ. Навоий ҳазратлари ҳар қанча устунлик қилмасинлар, ҳиндлар наздида Бобурнинг замондошидан бошқа эмас. Ҳазрат Навоийнинг ўзбек халқи ва миллати олдидаги буюк хизматларини ҳиндларга англатиш эса турган гапки, талай вақтни талаб этади. Зеро, Бобурнинг ўзи Навоий «кўп ва хўб» ёзганини эътироф этиб, ўз вақтида бу мушкулни осон ҳал қилиб қўя қолганди.
Бундан қатъи назар, Қамар Раиснинг бу навбатдаги китоби Ҳиндистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам бобуршунослик соҳасида олға ташланган катта қадам бўлди.
Олинган сўнгги маълумотларга қараганда, ушбу китоб Покистонда ҳам катта нусхада чоп этилган.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 10-сон