Азиз Несин. Нозик барометр (ҳикоя)

Менинг азиз бир дўстим бор.
Нима ҳақда ёзишимни билмай, бир куни ишхонада хуноб бўлиб ўтирган эдим, бир одам кириб келди. Кирди-ю, югуриб олдимга келиб, пешанамдан чўлпиллатиб бир ўпди.
— Қойилман, мард йигит экансан! — дея ҳайқирди у.
Мардлигим ўзимга ҳам маълум бўлгани учун илтифотига эътибор бермадим. У гапида давом этди:
— Ўзинг ҳам зап ёзувчисан-да. Қаламингдан заҳар томиб туради-я!
Заҳар томиб турадиган қаламим учун бир куни заққум ютишим мумкинлигини ўша кезда бутунлай унутиб, ширин сўзларига маҳлиё бўлиб қолдим.
— Боплайвер бу хумпарларни! Қанча урсанг, шунча оз уларга! Бу ярамасларга фақат сенинг қаламинг бас келади. Асло тап тортма! Ҳа, дадил бўлавер!
Шу-шу у билан иноқлашиб кетдик. Эҳ, ҳарқалай биз ширин гапнинг қулимиз-да.
Файласуфлар одам боласига турлича таърифлар беришган. Лекин менинг ўйлашимча, одам — бу ўзини инсон деб юрган эшакнинг ўзи. Нега десангиз, ўшанда мен одамлигимга бордим. Дўстимнинг ширин гапларига учиб, қаламимга яна зўр бердим. Ҳали-ҳали эсимда — эртаси куни прокурорга рўпара бўлдим. Ундан бир амаллаб қутулиб келаётган эдим, мендан маслаҳатини аямаган бояги ошнамни кўчада кўриб қолдим. У мени кўрмади.
Ёнидаги иккита шеригига уқтираётган гаплари қулоғимга чалинди:
— Шунақа ҳам ёзиб бўладнми, азизим?! Ахир бу хиёнат-ку! Ахир у ажнабий одам эмас-ку!
Орадан анча вақт ўтди. Бир куни ўша ошнам ўпкасини қўлтиқлаганича олдимга югуриб келди. Олдингидан ҳам зўрроқ меҳрибонлик билан бўйнимга осилди:
— Кечаги фельетонингни роса мириқиб ўқидим, дўстим. Ўзиям антиқа чиқибди. Қаламингга худо қувват берсин. Ватанимизни сизлар қутқариб қоласиз. Асло бўш келма, дадил ёзавер.
Чиндан ҳам одам дегани ўзини инсон ҳисоблаб юрган эшакнинг ўзгинаси экан. Ватанимизнинг омон қолиши менинг фельетонларимга боғлиқ экан-да, дедиму, ёзадиганимни ёзиб ташладим. Бу гал бир эмас, икки полициячи оёғимни ерга теккизмай ўтирган жойимдан тўғри терговга олиб борди. Сўроқ бериб қайтар чоғимда яна ошнамнинг ҳасратини эшитиб қолдим. У ёнидаги одамга зўр бериб гапини маъқуллаётган эди:
— Афандим, мамлакатдаги аҳволни яхшилаш келиб-келиб шунга қолибдими? Бунақа ишга тумшуғини суқиб нима қилади? Ҳар ким ўзининг чегарасини билиши керак-да, ахир. Чегарадан ташқари чиқишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бунақа қилаверса терговга тушиш эмас, дорга осилиши ҳеч гап эмас-а!
Бу сафар ҳам жазодан омон қолдим. Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деганларидек, энди анча эҳтиёт бўлиб, йўқ нарсаларни ёзиб юрдим.
Эшитсам, азиз дўстим яна мендан рози эмасмиш.
— Биламиз, биз бунақа одамларни, — деб юрганмиш у. — Бир чўқишлик ҳоли бор экан, мана энди адойи тамом бўлди. Бундай ёзувчилар бир марта ялт этади-ю, кейин сўниб кетади. Бўлмаса икки марта терговга тушдим, деб аллақаёқдаги бўлмағур нарсаларни ёзиб юрармиди.
Иложим қанча, дўстимнинг гапи тўғри. Бир пайт ўзи ҳам келиб қолди.
— Бу хомкаллалар ҳажвия нималигини тушунишмайди. Сен, ошнам, ёзувингдан қолма. Ҳа, дадил бўл, бир гап бўлса, бу ёқда биз бормиз, — деди у.
Далда бергани учун миннатдорчилик билдирдим. Модомики орқамизда суянадиган шунақа зўр тоғ бор экан, суянамиз-да. Эртасига тўппа-тўғри полиция қўлига тушдим.
Қамоқдан чиққан куним кўчада дўстимга рўпара келдим. Суюнганимдан бағримга босай деб, ўзимни ташлаган эдим, лип этиб гавдасини четга олди. Зарб билан бориб дўкон ойнасига урилдим. Ўзимга келиб қарасам, ошнам тушмагур жуфтакни ростлаб қопти.
Энди эҳтиёт бўлиб, енгилроқ ёзмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Шундай қилдим ҳам.
— Ҳа, энди, эртами-кечми шунақа бўлиши керак эди. Эсиз, эсиз, бу бечора ҳам пулга учиб, сотилиб кетибди-да, — дўстим шунақа деб менга ачиниб юрганмиш.
Дўстларимни ҳеч хафа қилгим келмайди. Яна қаламимга зўр бердим. Биринчи гал енгил қутулдиму, лекин иккинчисида оёғим осмондан келди.
Анча вақт ишсиз тентираб юрдим, кирмаган кўчам, учрамаган идорам қолмади. Охири минг азобда бир жойдан зўрға иш топдим. Сал ўзимга келиб, орқа-ўнгимни энди олиб юрган эдим, яна ўша ошнам кўриниб қолди.
— Қойилман сенга, жуда серғайрат, жуда ботир одам экансан. Азизим, сен йўқни бор қиладиган кишисан, — дея сайраб кетди, сўнгра мен билан хайрлаша туриб қўшиб қўйди. — Биласанми, шу кунларда бир оз пулдан сиқилиб юрибман. Менга юз лира топиб беролмайсанми?
Дўстимга кўпроқ ёрдам кўрсатолмаслигим учун узр айтиб, сўраганини бердим.
— Асти қўрқма, орқага чекинма, сенинг қилаётган ишинг — бу халқ иши, — деди у чиқиб кетаётиб.
Мен ҳам орқага чекинмадим. Оқибат шу бўлдики, бу гал мени тўппа-тўғри қамоққа тиқиб қўйишди.
Мени кўргани келган бир ўртоғим йўлда дўстимни учратганини гапириб берди.
— Афандим, — дебди у ўртоғимга, — унга кўп насиҳат қилдик, гапимизга кирмади. Ҳар бир ишнинг ўз мавруди бўлади. Кўнглинг нимани истаса, шуни ёзишинг мумкин, лекин йўли билан, мавриди билан қилиш керак-да. Мана оқибати нима бўлди: қулоғидан чўзиб, авахтага тиқиб қўйишди.
Мен чинакам дўст, асл оғайни мана шунақа бўлиши, юрагида бор гапни очиқ-ёриқ айтиши керак, деб ҳисоблайман.
Қамоқдан қутулиб чиққанимдан кейин анча вақтгача иш қидириб тентираб юрдим. Ниҳоят, бир жойга ўрнашдим. Ўзимга ўзим «ишқилиб бу ёғига эҳтиёт бўл» дедим-да, ишни бошлаб юбордим. Қаламим ҳам жойида, қимирлаб турибди. Умрингдан барака топкур дўстим бир маҳал мендан хабар олгани келиб қолди.
— Буюрсин, дўстим, буюрсин, — деди у мени кўра солиб. — Жойинг ўзингга ярашиб турибди. Ёзишни фақат сенга чиқарган, сенга. Бу ёғига ёзавер энди, ҳа, ёзавер. Сенинг ёзган нарсаларингни халқ ўз фикрининг ифодаси деб билмоқда. — Кейин икки қўлини баланд кўтариб, хонада ўтирганларга эшиттириб ҳайқирди: — Сен доно одамсан, афандим, доносан.
Кета туриб «Ишимнинг мазаси йўқроқ…» дея гап бошлаган эди, бу ёғини эшитиб ўтиришни ўзимга эп кўрмай, дарров ёнимни титкилаб кўрдим.
— Айбга буюрмайсан, дўстим. Икки юз лира пулим бор экан, шуни баҳам кўрамиз.
Жаҳли чиққанга ўхшади:
— Ҳазилингни қўй, азизим. Сенга худо етказсин. Менга сал кўпроқ пул керак эди.
— Юз эллик лира етадими?
— Ҳаммасини беравер.
— Майли, ола қол. Менга атиги ўн лирасини қолдирсанг бас.
— Унақа қилма, дўстим. Ҳаммасини беравер.
— Худо ҳаққи, ёнимда бошқа пул йўқ. Лоақал ўзимда беш лира қолсин.
— Иложи йўқ-да, азизим. Жуда зарур менга.
— Майли ундоқ бўлса ола қол. Менга кечки овқатга икки ярим лира берсанг бўлади.
— Ия, шунча пул ишлаб, кунинг икки ярим лирага қолдими?
— Нима қилай, хонаси шунақа бўлиб қолди. Хўп, бу ёғини бир илож қиларман, сигаретга етадиган қилиб қолдирсанг бўлар.
Дўстимни жўнатгач, қилган нокаслигим учун ўзим уялиб кетдим. Унга кўпроқ ёрдам кўрсатсам арзимайдими?
Шу зайлда ўзимга ўзим дашном бераётган эдим, тўсатдан дўстим тутақиб кириб қолди:
— Бу нима қилганинг? Пулинг юз саксон икки ярим қуруш кам-ку?!
Ловлагидек қизариб кетдим.
— Кечирасан, узр. Лекин ўзим ҳам қанча берганимни билмай қолибман.
— Қани, қолганини бу ёққа чўз! — деб ўшқирди у.
Ўшқирса, ҳаққи бор, берган пулим кам чиқибди. Етмаганини биттасидан қарз олиб бердим. У кета туриб, насиҳат қилишни унутмади:
— Қаламингни чархла, тиғи ўткир бўлсин, бу виждонсизларнинг кўксига ханжар бўлиб ботсин!
Қаламим ҳаддан ташқари ўткир бўлиб кетган экан шекилли, бу гал мен ишлаб турган газетани ёпиб, ўзимни яна авахтага тиқишди.
Темир панжарали камерада ётибману, лекин дўстимнинг барча гаплари варақа сингари менга етиб турибди.
— Баттар бўлсин, — дебди у менинг қамалганимни эшитиб, — чегарадан чиқиб кетишни ким қўйибди унга. Ўзинг бир мижғов ёзувчи бўлсанг. Қадамингни билиб бос-да, занғар. Орқа-ўнгингга қарамай, нима қилиб қўйдинг асти? Биласанми, бу замонда аввал у ёқ-бу ёққа қараб олиб оғиз очиш керак-да! Тил деган суяксиз нарса, қўйиб берса нималар демайди у. Тилнинг узуни— бошнинг калтаги. Мана энди жазосини тортсин, бу хомкалла. Зора энди ақли кирса!
Начора, дўстим тамоман ҳақли. Жазомни тортишим керак экан, тортдим. Қамоқдан қутулиб чиққанимда энди жазо тортадиган ҳолим қолмаган эди.
Тўғри чиқиб, дўстимнинг олдига бордим.
— Оғайни, жуда нозик пайтда келдинг-да, — деди у, сўнгра қўлидаги соатига қаради. — Биттаси билан ваъдалашган эдим, шунга боришим керак.
Биргалашиб кўчага чиқдик.
— Сен қайси томонга борасан? — деб сўради мендан.
— Ўзим ҳам билмайман. Қаёққа бўлса ўша ёққа кетавераман.
Дўстим тутоқиб кетди:
— Қанақа беқарор одамсан ўзинг? Борар жойингни билиб юрсанг бўлмайдими.
— Азбаройи худо, ҳали ўйлаб кўрганимча йўқ эди. Манови томонга юрсам ҳам бўлади, — дедим чапдаги кўчага ишора қилиб.
— Буни қара, шу ерда ажрашар эканмиз-да, майли, сени йўлдан қўймай, мен бу ёққа бораман, — деди-да, тескари томонга бурнлиб кетди.
Узоқ вақт ишсиз юрдим. Шу орада бир неча марта дўстимни йўқлаб, уйига ҳам бордим. Лекин бафуржа гаплашгани имкон бўлмади — ё уйида бўлмайди ё ҳаддан ташқари банд бўлади.
Бир куни озроқ қарз сўрамоқчи бўлиб уйига бордим, лекин анча вақт сўрагани тилим бормай туриб қолдим.
Уч-тўрт марта қултиллатиб туфугимни ютдим. Энди юрак ютиб, «Сен яқин дўстимсан, сенга айтмасам, кимга айтаман. Икки кундан буён ичимга бир бурда ҳам нон киргани йўқ» демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдим, сапчиб ўрнидан турди, буфетга яқинлашиб бир стаканга тўлдириб вино қуйди.
— Гаров ўйнайман, умрингда бунақа винони татиб кўрмагансан, — деди у стаканни менга узатар экан.
Оч қоринга тушган вино кўзимнинг ола-куласини чиқариб юборди.
— Шу кунлари жуда толиқиб юрибман, — аҳволидан нолиб кетди дўстим. — Шу вақтгача уйимдан ичкилик аримаган эди. Кеча кечқурун битта дўндиқча билан гаплашиб қўйган эдим, бугун уйга келмоқчи. Яхшилаб кутиб олиш керак, ҳайронман, ёнимда сариқ чақа пул йўқ. Агар пулинг бўлса…
— Афсус, бир мирим ҳам йўқ.
— Ҳамма вақт қуриб юрасан-да. Мана қирқ йил бўлибди, қачон сўрамай, ҳамиша пулинг бўлмайди.
Нима қилсамикин? Шунақа оғир пайтда дўстингга ёрдам бермасанг, қачон берасан?
Дўстим:
— Энди бир амаллаб озроқ пул топиб бермасанг бўлмайди! — деган эди, миямга бир фикр келиб, ирғиб ўрнимдан турдим.
Сотиб емаган буюмларимдан битта авторучка қолган эди, ўшани ярим баҳосига бўлса ҳам пуллаб келдим. Қўлимга арзимаган пул тушди, дўстим учун йўқдан кўра ҳарна-да.
— Уҳ, келдингми, — эшикнинг олдида кутиб олди дўстим. — Дарров бориб бифштекс, дўлма билан икки шиша вино олиб кел!
Югуриб бориб, айтганларини келтирдим. Қорним очганидан кўзим тиниб кетяпти, тик туришга мажол йўқ. У эшик олдида қўлимдаги нарсаларни олди, кейин бирма-бир буларнинг пулини ҳисоблашга тушди. Авторучкани қанчага пуллаганимни суриштириб билгач, мендан сўради:
— Юз ўн қуруш пул ортиб қолган бўлиши керак. Қани ўша?
— Мен айтган меҳмон хотин келиб ўтирибди, — деди у мендан ортган пулни олгач. — Бўлак танишлар ҳам бор. Агар сен уйга кирадиган бўлсанг…
— Тўғри, кийимим…
— Бир томондан, кийиминг тўғри келмайди, иккинчи томондан, ўзинг биласан, замон нозик.
— Гапинг тўғри, иложим қанча, — дедиму бетига қарамай кетиб қолдим.
Яна аллақанча вақт сарсон бўлиб юргандан кейин, ниҳоят бир ишга кириб олдим. Газетамизнинг биринчи сони чиққан куни дўстим меҳрибончилик қилиб мендан ҳол-аҳвол сўрагани келиб қолди.
— Бу сафар сен шу ишнинг худоси эканлигингни кўрсатиб қўйдинг. Баракалла, сендаги бу катта куч-ғайрат, қўлингдаги бу зўр қалам, юрагингдаги бу ўчмас ўт, сендаги бу…
Оғзига келган гапни қайтармай, роса бидиллаб бергач, бир пайт ботинкаснни нақ бурнимга тиққудек қилиб кўрсатди:
— Кўряпсанми буни, шуни кийиб бўладими, ахир?
— Ҳа, оёғингни қисяптими?
— Ия, кўзинг борми, шуни кийиб бўладими ахир?
Ўзимникини кўрсатишга юзим чидамай, оёқларимни стол остига яширдим.
— Оёққа бирор нарса олмасам бўлмайди, сен энди…
— Пича сабр қилиб тур. Ўзим энди иш бошлаган бўлсам.
— Йўқ, ўт-бетдан пул топиб бермасанг бўлмайди. Шу аҳволда юрсам номусга қоламан-а.
Устига қўшиб бериш шарти билан танишлардан ўттиз беш лира топиб берган эдим, кўнмади:
— Намунча зиқна бўлмасанг? Топган пулингни гўрингга олиб кетмоқчимисан?
Яна биттасидан қарз кўтариб, қўлига олтмиш лира тутқаздим. Кетаётиб дўстим елкамга бир қоқиб қўйдида, энгашиб қулоғимга шивирлади:
— Сени жуда яхши кўраман. Ишонавер, менинг сўзим билан ишим бир. Азизим, сен шундай қилиб ёзишинг керакки, токи қаламингдан чиққан ҳар бир сўз бу беномусларнинг бошига қилич бўлиб тушсин.
Қилич фақат уларнинг эмас, ўзимнинг ҳам бошимга тушди. Бўладиганим бўлди тоза. Энди одамлар кўчада мени кўриб қолишса чумчуқдай тирақайлаб қочадиган бўлиб қолишди.
— Биз унга кўп насиҳат қилдик, лекин гапимизга қулоқ солгани йўқ, — дея гап тарқатибди дўстим, — ўзбошимчалик қилди, қадамини чакки босди. Қалами сал ўткирроқ бўлганда ҳам майли эди, ёзиш нималигини билмайди-ю, қиладиган иши одамларга туҳмат ёғдириш. Қолаверса таниш-билишларининг ҳам бошини балога қўйди. Ўзига яхшилик истамаган одамнинг халққа яхшилиги тегармиди?
Гўё менинг ёзган нарсаларим мамлакатда эркинлик ва демократия бўлишига тўсқинлик қилиб турганмиш. Бу ёғини сўрасангиз, ҳукумат тепасида турган улуғларимиз озгина эркинлик инъом қилай деб турганларида ўртада «лоп» этиб мен пайдо бўлармишману, ҳамма нарсани алғов-далғов қилиб кетармишман. Шундан кейин катталаримиз эркинлик бериш, демократия ўрнатиш фикрларидан қайтиб қолишармиш. Мамлакатда демократияга хилоф жуда кўп қонунларимиз бор-а? Шуларнинг ҳаммаси менинг овозимни ўчириш учун чиқарилган экан. Мени деб халқимиз ҳам жабрга қолаётган эмиш.
Мен тўғри танқидни тан оламан. Қолаверса, ёзувчи деган одам, агар у яхши асар ёзмоқчи бўлса, аччиқ танқидларга ҳам қулоқ солиши керак.
Яқинда дўстимдан бир хат олдим. У хатида шундай дебди: «Дўстим, бу дунёнинг ишлари ўзингга маълум. Ҳозир замон шунақа — тирноқ тагидан кир қидириб юришади. Демоқчиманки, сенинг кунинг менга тушмасин. Мабодо кўчада бир-биримиз билан учрашиб қолгудай бўлсак, ўзимизни танимаганга олиб ўтиб кетайлик».
Менга шу хатни келтирган одам дўстим ҳозир ишсиз юрганлигини айтган эди, «бориб айт, об-ҳавони кузатадиган станцияга учрасин, ўша ерга барометр керак экан» деб юбордим.
Дунёда қандай ажойиб одамлар бор-а! Вазиятнинг қалтислигини кўриб, ёру биродарлари билан учрашиш, кўнгил очиб, суҳбатлашиш лаззатидан маҳрум бўладилар. Бунақа одамлардан қанча керак бўлса шунча топилади. Ростини айтсам, шу тоифадаги дўстларинг бўлмаса, бу ўлимтик дунёда жиндаккина яшашнинг ҳам қизиғи қолмаса керак.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси