Любомир Симович (1935)

Любомир Симович (Љубомир Симовић) – шоир, носир, драматург, таржимон. Серб фан ва санъат академияси аъзоси. “Славян элегиялари” (1958), “Хўроз уч қичқиргунча” (1972), “Шанба”, “Уммоний идрок” (1982), “Нон ва туз” (1985), “Игна ва ип” (1992), “Зулмат сабоғи” (1995), “Тухум пўчоғи” (1998), “Нуқта” (2000) ва бошқа шеърий тўпламлар муаллифи. 2008 йили ўн икки жилдли “Танланган асарлар”и нашр қилинган. Рус, инглиз, поляк, румин, итальян шеъриятларидан таржималар қилган.

АВТОПОРТРЕТ

Остонамда гувлаб ўсар,
ўсар томлар, тарновларда,
ўсар оққуш, қичитқи ўт,
уйим қолган зич қуршовда!
Мен ухларман тошдек қотиб!

Чумолилар олган асир –
кафтларимда эрк йўқ ортиқ!
Мен ухларман тошдек қотиб!

Қишлоқ оралаган беор
суворий ул –
аскари бор, лак-лак, қатор,
Ғоз-ўрдакни хўб тутарлар,
Мол-ҳолни ҳам обкетарлар!
Мен ухларман тошдек қотиб!

Дарвозамни синдиришар,
Боғлашади оёқ-қўлим,
Доғлашади ғариб дилим.

Этадилар нақ хароба,
Қазноғимда излаб бода!
Мен ухларман тошдек қотиб!

Кўринмас бир ёвқур ботир,
Қилар хитоб, эй, дўсти хоб!
Шону шараф, озодлик-чун,
Қонунлар-да ишламоқ-чун
Қўлга қурол тутинг шитоб!
Мен ухларман тошдек қотиб!

Жарга отарман яроғим
Зафар қучсин қор –
чироғим!
Бошим
столга эгилган!

Ўз дунёмда тошдай қотиб,
Тамом ғафлатга-да ботиб…
Оҳ, муддаом ухлаш шу кез…
Чироқларни ўчиринг тез!

КЎКДАН ТУШГАН МЕҲМОН

Совқотган елкамга ташлаб жунрўмол,
акашак қўлларим ишқаб ўтирсам,
шиппагим илганча, қандайдир бир зот
печкамиз ёнида исинар эди.

Аёллар тараша ташлаб ўрлатар,
ўчоқда чой, товуқ ичак-чавоғи,
оқ толнинг чўғи-ку мисоли малҳам
қариган танани этар яроғли,

унга ертўладан май келтиришар,
токчадан қурт урган пишлоқ илиниб,
занглаган пичоқ-ла дарров тилимлаб,
у эса намчил нон, нокни хоҳламай,
тарвуз тухумини чақади шодон.

У чақиб ҳозирча, еб-ичар экан,
Орада ғудраниб қилганда дуо,
Мен ойна ортида –
англаганимча
зулматда чақчайиб, ялангоёқ, оч:
бир талай ўтинга қор белги қўяр.

СТОЙКОВИЧЛАР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Жаллоднинг дағдағаси ҳазилмас, жўра,
қанча разилликлар бижғиган юҳо?
Кучига ачинмай кунлаб калтаклар,
танамиз титилиб, йўл бўлгунча то,
этлар учиб, оқаради суяклар.
Юракдан калтаклайди ярамас одам,
завқланиб, оёғида турса-да зўрға,
шунда ҳам, воажаб, ҳаммамиз ўктам,
тирик очиқ гўрда.
Оёқ-қўлларимиз етганча боғлаб,
бизни тиклаб қўйишади девор ёнига.
Нишонмиз ўқларга! Ўқлар ҳаволар!
Миялар қақшаган, қўрғошин қуйилган қонига.
Ниҳоят, кеч тушди.Ўқчилар дам олар палла.
Йўлга тушишади биз билан, бизнинг борар жойимиз юрак.
Худди ишдан ҳориб қайтгандайдирмиз
отувдан четан деворли уйларимизга.
Аёлларимиз гарданимиз илитар,
кўйлакларимизни алмаштириб яшил ўтларга.
Ютоқиб кечлик қиламиз, рўзғор ташвишларига ботамиз кейин:
томни сувамоқ, деворни қайтадан кўтармоқ керак,
жомда ёмғир сувин йиғмаса бўлмас,
чўзилмоқ олдидан дейман хотинга:
эрта мени уйғотгин эрта –
бешдан кечикмай бўлай қатлгоҳда, осарлар.

На чироқ, на шуъла – қатлгоҳда порлаймиз.
Арқонлари пишиқ, дори – навқирон.
Худо ҳаққи, нолисак, бўлар-ку гуноҳ.
Осишади алмаштирмасдан, ҳунарларин ишга солишиб чунон.
Кечки таомгача осиқ турамиз – жонимиз тарк этмас танамиз!
Жаллодларнинг ўзларича жинлари қўзир –
баримизни михлаб қайтадан, ҳақоратлаб мушфиқ онамиз.

Эртаси кун. Аравада ўтин келтириб,
тўкиб ташлашади дорнинг остига, қип-яланғоч илгакка илдиришади
ва ёқишар тутантириқни.
Бир ҳафта округда гулханлар ўрлайди,
уйлар қириндига тўлиб қолар нақ томигача.

Ёниб битар бари. Тирик, соппа-соғ, тутунлардан чиқамиз
кўриб ҳушдан кетган бўғоз аёллар қанча,
Шоҳ кўриб ишонмас ўзининг кўзига:
Наҳот шу рост бўлса, ҳе, оналарингни!..
Буни қандай тушунмоқ керак?
Бизни ғилдирак остига бостиришар, тўрт буклаб,
парча-парчалаб – даҳшат!
Тепиб-эзиб, отиб туширишар, кесишар.
Бирон-бир сабаби бордир. Нимага – номаълум.

Ҳакамлар тишларин ғижирлатишар,
жиғибийрон излашар жазо:
жаллодлар қатл қилинар,
ўқчилар кеч отилади бехато,
бизни ўлдирмоқ бўлганларнинг итқитилар ўзлари.
Биз бўлса тирик ва соппа-соғ!
Воқеа-ку, майли, олийжаноб кишилар шипшийди:
“Ҳеч бир натижасиз шунча уриниш!”

Бари борар телба-тескари.
Уйқу олдидан хаёлга келтирмоқ даҳшат: шубҳасиз,
биз ҳам мангу ўлмайдиган эмасмиз,
қани, бўлмаса бир
очунни
қаҳқаҳадан зириллатайлик?

Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси