Ғазо минтақасининг ғарбида яшаб келган ўн бир ёшли Муҳаммад Астал, тўсатдан уларнинг уйига ҳаво ракетаси келиб урилганда, саккиз ёшли укаси Обид Рабо ва жияни ўн яшар Валид билан уйлари ёнида шакарқамиш чайнаб ўтирган эди. Норасида болакайлар шу тариқа Исроил армиясининг дайди ўқига учиб, дунёдан эрта кетди. Ўн кундан бери Фаластинниг Ғазо бўлгасида давом этаётган уруш фақат Асталлар оиласи ёш аъзоларининг жони билангина чегаралангани йўқ.
Исроил армияси минтақага ҳужум бошлаган илк кундан шу кунгача давом этаётган мазкур босқинчилик урушида жами 500 га яқин фаластинлик ҳалок бўлди, минглаб одам яраланди. Бевақт умри хазон бўлганлар орасида аёллар, болалар ҳамда тинч аҳолининг кўплаб вакиллари бор.
27 декабрь, 2008 йил. Эрталаб соат ўн бир яримда Исроилнинг 50 нафар Ф16 русумли қирувчи самолёти ҳамда АҲ-64 Апаче вертолёти Ғазо минтақаси чегарасига ёриб кириб, 50 дан зиёд бинога 100 дан отиқ бомба ташлади. Орадан ярим соат ўтиб яна Исроилнинг 60 нафар қирувчи самолёти ва ҳарбий вертолёти Ғазо осмонида пайдо бўлиб, 60 дан ортиқ нишонга ракета бомбаларини ёғдирди. Шу куни Ғазо тупроғига ташланган 100 тоннадан зиёд ракета бомбаси, расмий маълумотларга кўра, 228 фаластинликни ҳалок этган, 780 нафарини яралаган. Қурбон бўлганлар орасида ёш болалар ҳамда тинч аҳоли вакиллари бор.
Исроил расмийларининг баёнот беришича, Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг мазкур ҳужуми Ғазо минтақасидан Исроилга қарата отилаётган ракета зарбаларини ва уларнинг марказларини йўқ қилиш учун амалга оширилган. Мазкур ҳужум 1967 йилги Араб-Исроил урушидан бери юз берган энг катта талофат ва йўқотиш келтирган босқинчилик ҳужуми сифатида эътироф этилмоқда. Кун фаластинликлар томонидан «Қора шанба генотсиди» дея ном қозонди.
Шу куни Ғазони назорат қилиб турган Хамас гуруҳи ҳарбий кучлари ҳам Исроилга қарата жавоб ракеталарини отишган. Ҳужум оқибатида бир нафар Исроиллик ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган.
28 декабрь. Якшанба куни Исроил ҳарбий кучлари томонидан жами 25 ҳаво ҳужуми амалга оширилди. Қурбон бўлганлар сони уч юзга яқинлашди. Ғазо шаҳрида бир оиланинг беш нафар қизи бомба остида ҳалок бўлган. Портлатилган бинолар орасида бир неча ташкилот ҳамда Ал-ақсо телеканали биноси ҳам бор. Фаластинликлар чегарани куч билан ёриб, Миср ҳудудига ўта бошлашди.
29 декабрь. Ғазо Ислом университети Исроилнинг олти ҳаво ҳужумига учраб жиддий шикаст кўрди. Фаластиннинг Ғазодаги Ички Ишлар вазирлиги биноси ҳам ракета зарбалари остида яксон бўлди. Халқаро Қизил Хоч жамиятининг маълум қилишича, минтақа шифохоналари ярадорлар билан тўлиб кетган ҳамда мавжуд тиббий шароит уларнинг барчасини даволаш имкониятига эга эмас.
Шу куни Исроилга қарши Хамас ракеталари учирилиши оқибатида Исроилнинг ичида бир неча инсон ҳалок бўлди.
Исроил Ҳарбий Разведка етакчисининг айтишича, Хамаснинг ракета зарбалари бериш салоҳияти ҳужумлар оқибатида 50 фоизга камайган. Лекин Хамас қўл остида ҳануз қуролланган мунтазам 20 000 жангчи бор.
Сенегал Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Хамаснинг қувғиндаги етакчиси Холид Машъал, Ғазога нисбатан қўйилган тўсиқлар тўла олиб ташланган тақдирда, Исроил билан тинчлик битимини имзолашга тайёр эканини эълон қилган.
30 декабрь. 5 та вазирликни ўзида жамлаган бинолар комплекси тўла вайрон қилинди. Ҳаво ракеталари ҳукумат биноларидан ташқари оддий фуқаролар яшайдиган уйларни ҳам нишонга олган. Халқаро Амнистия ташкилотининг маълум қилишича, Ғазо минтақасида ҳозир тинч аҳоли учун хавфсиз бўлган бирорта ҳам ҳудуд йўқ.
Шу куни Хамаснинг Исроил ҳудудига қарата учирган 24 нафар Қассам русумли ракетаси ҳеч кимни ҳалок қилмаган.
Босқинчилик тугагани йўқ
Ғазо минтақасига уюштирилаётган ҳаво ҳужумлари давом этаётган бир пайтда кечадан бошлаб Исроил ҳарбий кучлари энди қуруқлик орқали Ғазога ёриб киришди. Энди уруш Ғазо ўлкасининг кўчаларида давом этмоқда. Ҳалок бўлаётган фаластинликлар сони эса кун сайин ошиб боряпти. Сўнгги кунлардаги ҳужумларда Ғазодаги Фаластин Парламенти, шунингдек, Таълим ва Адлия вазирликлари бинолари ҳам яксон этилган. Қурбонлар сони беш юзга яқинлашган. Исроил минтақага ёқилғи маҳсулотларининг киришини бутунлай тўхтатиб қўйган. Натижада минтақанинг электр ишлаб чиқарувчи бош станцияси фаолиятдан тўхтаган. Ҳозирда марказий ва шарқий Ғазонинг 650 000 аҳолиси бир сутканинг 16 соатини электр токисиз ўтказмоқда.
1 январь куни Хамас етакчиларидан бири Низар Раяннинг уйига ташланган бомба Низар ҳамда унинг 18 нафар оила аъзосини ҳалок қилган.
Халқаро жамоатчиликнинг жавоби
Дунё давлатлари етакчиларининг аксарияти Исроилнинг Ғазо минтақасига уюштирган босқинчилик ҳаракатини кескин қораламоқда. Россия Исроилнинг хати-ҳаракатини «оқлаб бўлмас иш» дея баҳолади. Франция ва Буюк Британия ҳукумати ҳам Исроил босқинини қоралаган. Туркия Исроилни зудлик билан ҳужумларни тўхтатишга чақирган бўлса, АҚШ, Австралия ва Германия Исроилнинг ишини Хамас олиб бораётган фаолият оқибатида содир бўлганини айтган. Бу борада Европа Иттифоқи президентлигини 1 январьда қабул қилиб олган Чехиянинг тутган мавқеи кўпчиликни ажаблантирди. Унинг қарашича, Исроилнинг бошлаган ҳужуми босқинчилик эмас, балки ўзини ўзи ҳимоя қилиш учун амалга оширилган чорадир.
Европа ва дунёнинг бошқа мамлакатлари бўйлаб Ғазодаги Исроил босқинига қарши оммавий намойишлар ўтказилмоқда. Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Греция, Ирландия, Нидерландия, Испания ва Туркияда ўтказилган намойишларда Исроилнинг босқинчилик ҳаракати кескин қораланиб, Фаластин халқига нисбатан бирдамлик чақириқлари янграган. Парижда «Исроил –қотил» шиори остида 21 000 намойишчи ўтказган норозилик йиғини кун сўнгида тўполонга айланиб, полиция билан тўқнашувлар рўй берган.
Араб давлатлари Ғазо масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига киритишга келишиб олдилар. Улар Исроилга қарши халқаро босим кўрсатилиши лозим деб ҳисобламоқда.
Ғазода қачон тинчлик бўлади?
Ўтган шанба куни бошланган Ғазо босқини куни кеча бошланган янги низо бўлмасдан, балки Араб-Исроил ўртасидаги узоқ йиллик зиддиятнинг узвий давомидир. Мазкур ҳужум Исроил томонидан унга қарата тез-тез ракета бомбалари учириб туришда айбланаётган Хамас гуруҳининг танобини тортиб қўйиш мақсадида бошлангани айтилаётган бўлсада, аслида урушнинг тарихий илдизлари Исроил давлати ташкил топган кун – ўша олис 40-йилларга бориб тақалади. Ўша кундан бери Фаластинда тинчлик йўқ. Исроил-Араб зиддияти мазкур ҳарбий тўқнашувдан олдин ҳам кўплаб ўзаро урушларни кўрди. Аҳвол шу тарзда давом этар экан, бу каби қатли омлар бундан кейин ҳам содир бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Шунинг учун ҳам халқаро жамоатчилик ҳозирда Ғазодаги бу сиёсий инқирозга доимий ечим топиш ҳақида бош қотирмаяпти. Балки зудлик билан ҳар қандай чорани ишга солиб бўлса ҳам, ҳужумни тўхтатиш ҳамда қурбонлар сонининг янада ошмаслигига эришиш уларнинг бош мақсади бўлиб турибди.
Беҳзод Мамадиев