Шарл Ван Лерберг (1861-1907)

Шарл Ван Лерберг (Charles van Lerberghe) — бельгиялик шоир, новеллист ва драматург. Француз тилида ижод қилган шоирнинг илк шеърлари 1886 йилда Парижда чоп этилган “Плеяда” журналида эълон қилинади. У “Ёш Бельгия”, “Валлония” журналлари билан ҳамкорлик қилган. Унинг “Итоаткорлар” пьесаси (1889) М.Метерлинкнинг символизм йўналишидаги драмаси яратилишига туртки бўлган. 1898 йилда Парижда чоп этилиб, шоирга шуҳрат келтирган “Хира хаёллар” тўплами символизм эстетикасининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

“ЁПИҚ БОҒ” поэмасидан

5

Мен бош қўяман бунда қалбингга сенинг,
Дарёда чайқалган баҳордек,
Дарё кенгликлари аро,
Гул унмас у маъвода,
Сув сатҳи узра
Ва шамолда эркин,
Нурли гуллардан бошқа,
Ушбу энтикишларда жонли.
Мен бош қўяман бунда қалбингга сенинг,
Денгиз қушидек,
Толиб гўё ғайратдан,
Қанотларин йиққан,
Дарёга узанмоқ ўзни бўш қўйиб,
Парқут нозик либосда,
Сувнинг аллалашида
Ва дарё уни тебратар
Учқур оҳанг қанотида абадий тўлқин ва кенгликларнинг.

6

Узат қўлларингни мавжимга менинг,
Бу ҳарир пардам менинг товланадиган,
Бу ҳарир пардам менинг ифорли,
Нард, бензой:
Бутун таним менинг бўялган,
Нафас олар у,
Оёқларим менинг
Бўйинсунар хушбўй тўлқинларга.
Тағин не қолди менга бисотдан,
Бу тўлқинлар менинг толим кокилларим,
Бу тўлқинлар менинг тилла сочларим,
Бу қуёшдир мени чорлаган,
Бу қуёшдир ошкор айлаган.

ҚУРБОНЛИК

Соянгдадир бу гуллар, бу гулларнинг олқиши нурли,
Чунки нурдир аслида гуллар.
Қалбдадир неки мудроқ, кўзлардадир неки дўнса кечага,
Чунки гуллар – Сукут.
Товушига, минбаъд чексиз дарё бўлаги нафаснинг,
Чунки гуллар – Жимлик.

Рус тилидан Шермурод Субҳон таржимаси