– Ойижон! Бугунги Зе-де-Канда рақс кечасига боришни жуда-жуда хоҳлаяпман! Нима дейсиз, рухсат берасизми?
– Қизим, Белинья, рақс кечасига бориш учун ҳали ёшлик қиласан. Улғайгин, Сонсентда бўладиган барча рақс кечасида иштирок этасан.
– Ойижон, ҳамма ўртоқларим бораяпти-ку. Мен ҳам бора қолай? Бир ўзим бормаяпман-ку. Қаранг, мана, бўйимнинг ўсганини. Каттаман-ку, – Белинья шундай деб оёқ учида туриб олганини кўрган онаси кулгидан ўзини тутиб туролмади. Вақтнинг ўтишини қаранг. Бамисоли учқур от! Болалари кўз ўнгида жуда тез катта бўлишяпти-я. Кўз тегмасин, қизи хўп етилган-да, гўзаллигини айтмайсизми: сочлари қалин, юзи нақш олмадай. Жуда кўзга яқин-да.
– Ойижон, рухсат берасизми?
– Йўқ дедим-ку сенга, йўқ. Сендан хавотир оламан, қизим.
– Рақс тушганимни бир кўрганингизда борми! Барча рақсларга бемалол туша оламан. Байрамда қандай рақс тушганим ёдингиздами?
– Ёдимда қизим, ёдимда. Қизгинам Белинья, жавоб бермаётганимнинг сабаби, енгилтак йигитлар бошингни айлантирмасин деяпман-да. Сен кимсан Сенто-Антаонинг қизисан-а! Ахир бизнинг қиз ва аёлларимиз ўз хулқ-атворлари билан барчага намуна бўлганлар. Мен сени ўйлаяпман, жон қизим. Ёшлик – бебошлик, дейдилар. Ҳар қадамингни ўйлаб босишинг керак.
– Ойижон, қадамимни ўйлаб босаман. Ақлим жойида. Ахир мен билан дугонам Розинья Ана ҳам боради, у жуда одобли қиз, уни ўзингиз яхши танийсиз-ку. Шу дугонам билан бирга боришимга рухсат бера қолинг. Унинг ёнидан жилмайман. Сўз бераман сизга. Жуда боргим келяпти-да.
Она-бола ёнма-ён ўтирарди. Қиз онасининг қўлларини силаб-сийпар, эркаланар, онасининг бир оғиз “хўп” дейишига интизор, кўзларини унинг оғзидан олмас эди.
Кулбалари ёнида ўтирган эркаклар эринчоқлик билан сигарета чекиб, кечки салқин тушишини интизорлик билан кутишар эди. Қуёш аста-секин ботиб борарди. Пастликка олиб тушувчи ёлғизоёқ йўлда бир қанча ёш-яланг сўзлашиб борарди. Афтидан улар ҳам рақс кечасига ошиқаётган бўлса, ажаб эмас. Бир гапириб, ўн кулар эдилар. Ҳа, ёшлик хўп ажойиб давр-да!
Узоқдан юракни энтиктирувчи қўшиқ эшитила бошлади. Қўшиқчи гитара оҳангига монанд куйларди, аста эшитилаётган қўшиқ кўнгилга хуш ёқар, хаёлни узоқ-узоқларга олиб кетарди.
Сокин ва Миндел тунлари… –
дея бошланувчи бу қўшиқни эшитган она беихтиёр ўз ёшлигини эслаб кетди. Оҳ, ўша ширин дамлар… Қувончли кунлар… Буғдойтепа ёнидаги Таррафал қўрғонидаги ва Паула соҳилларида кечган севги онларини соғинч билан эслай кетди. Рақсга тушган кечаларни эсламай бўлар эканми… Ширин ўй-хаёллар унинг жисми-жонини чулғаб олди.
– Ойижон, рухсат бера қолинг! – ҳамон ялинарди Белинья.
Ўз ёшлигини эслаб, ширин хотираларга берилган она қизининг интиқ кўзларига тикилиб қаради-ю, она экан-да, кўнгли ийиб кетди.
– Йиғини бас қил, қизим! Рақс тушгани борасан, рухсат бераман! Лекин эсингда бўлсин, Сонсент йигитлари рақсга таклиф этсалар, хўп деб ўтирма, тағин. Тушундингми? Дугонангнинг ёнидан бир қадам жилма.
Қоронғулик ён-атрофга ўз чодирини ёймоқда эди, аста-секин салқин тушмоқда эди. Осмонда юлдузлар бирин-сирин кўзга ташлана бошлади. Ой атрофни нури билан ёритган бир пайтда Зе-де-Канда рақс кечаси бошланди.
Чоғроқ рақс зали чароғон қилиб ёритилган эди. Ёш-яланглар гавжум, ҳаво дим, атрофдан турли хил ҳидлар димоққа уриларди.
Маҳаллий йигитлар ҳам аста-секин йиғила бошладилар: улар орасида ишчилар, талабалар ҳам бор. Мусиқа янграй бошлади. Мигелим исмли йигит Белиньяни рақсга таклиф этди.
– Белинья, сенга бу ер ёқяптими? – сўради у қиздан.
– Ҳа, ёқяпти, – жавоб берди Белинья.
– Ўқишларинг қандай? Қайси касбни ёқтирасан?
– Шифокор бўлишни орзу қиламан.
– Белинья, сенга гапирадиган гапларим кўп. Эшитяпсанми, Белинья?
Рақс кечаси қизигандан-қизимоқда эди. Кимнингдир бақириб гапирган овози эшитилар, кимдир бировни чақирар, теварак-атрофдан алмойи-алжойи ҳазил-ҳузуллар қулоққа чалинарди. Ажойиб рақс кечаси бўлаётган эди.
Бу ерга йиғилганларнинг барчаси ёшлар. Улар мириқиб рақс тушмоқда эдилар.
– Ҳой, йигитлар, қизларни хафа қилманглар! – деди кимдир йигитларни тартибга чақириб.
Енгил-елпи ҳаёт кечиришга ўрганган қизлар оёқларини бир-бирига чалиштириб, қўллари орасига сигарета қистириб олгандилар. Бу ҳол Белиньяга эриш туюлди. Тавба, қандай жойга келиб қолди ўзи!
– Қани, шўхроғидан чалинглар! – деган овозлар эшитиларди ён-атрофдан. Рақс тушаётганлар гавдалари тебранганча, жуфт-жуфт бўлиб рақс тушардилар.
Белинья Мигелимдан ўзини олиб қочса-да, унинг ширин сўзлари қизни ром эта бошлаганди. Қандай қилиб ундан қутулса экан? Кучи етармикан. У билан рақс тушаётган бу йигитнинг қўллари жуда абжир, гавдасини айтмайсизми! Лекин қиз йигитнинг нимасини ёқтириб қолдийкин?
– Белинья, хўп десанг, рақс кечасидан сўнг сени уйингга кузатиб қўяман. Бу ердаги валакисаланг йигитлардан ўзим сени ҳимоя қиламан. Белинья, йўқ дема, – деди-да, Мигелим қизни ўзига тортди.
Қиз чўчиб тушди. Уятдан қип-қизариб кетди.
Мигелим ширин сўзлар билан қизнинг кўнглини овлай бошлади. Бундай сўзларни илк бора эшитган қиз ўзини йўқотиб қўйди. Ўзи билмаган ҳолда йигитни ёқтириб қолди. У билан рақс тушар экан, бу кеча ўзини ниҳоятда бахтли ҳис этди.
– Белинья, сенга ғаройиб гап айтмоқчиман. Фақат рақсдан кейин айтаман.
– Ҳозир айтсангиз-чи.
– Йўқ, бу сир. Юр, бу ердан ташқарига чиқамиз, хўш, нима дейсан?
Қиз йигитнинг тузоғига илинмасликка ҳарчанд ҳаракат қилмасин, лекин айтилаётган ширин сўзлар олдида ожиз қолаётган эди. Йигит тобора уни ўзига ром қилиб, мафтун этиб қўйганди.
Ниҳоят, рақс кечаси тугади.
Рақс тушиб, дилларини ёзган йигитлар кафтларини бир-бирига ишқаб завқ олардилар. Мусиқачилар ҳам рақс мусиқаларини боплаб чалишди-да, ўзиям.
Рақс тушганлар ҳамон бир-бирларидан кўнгил узолмай, ёнма-ён турардилар. Мусиқа ва рақс уларни ипсиз боғлаб қўйдимикан?
– Белинья, юр, яна рақс тушайлик, – илтижо билан деди Мигелим ва қизни қўлтиқлаб олди.
Белинья қизариб кетди. Ҳамма уларга қараб турибди. Уят-да, ахир! Тавба, Мигелим нега ҳамманинг олдида уни уялтиради? Кўринишидан ақлли, ўзини тутиб олган йигитга ўхшайди. Унинг айтганига кўнсам, нима қипти?
Иккала ёш бир-бирига қараб қолди. Ён-атрофдагилар аста-секин тарқала бошлашди. Ташқари салқин бўлгани сабаб улар қўлтиқлашиб кета бошладилар.
– Юр, Белинья, кетдик! – деди Мигелим.
Қаерга? Йўқ, у бу ердан ҳеч қаёққа бормайди. Фақат буфетгагина чиқиши мумкин. Тавба, Мигелим унга елимдек ёпишиб олгани-чи! Қанақа йигит ўзи у?
– Сенга қалбимни очмоқчиман.
У аста қизнинг қўлидан олди.
– Юр, Белинья, сенга ёмонлигим йўқ.
Йўқ, йўқ, бу йигит билан кетмайди. Шу ерда қолади. Бу йигитдан у қўрқади.
– Азизам, Белинья, сенга бир гап айтмоқчиман, холос. Йўқ дема, юрақол.
Бу йигитга ишонса бўлармикин? Йўқ, нима гапи бўлса шу ерда айтаверсин, майли, буфетда айта қолсин.
– Белинья, сўзимни қайтарма.
– Йўқ, йўқ, сиз билан кетмайман.
– Белинья, йўқ демагин.
Белинья истар-истамас йигитга эргашди. Қиз аввалига йигитдан чўчиди. Қаерга бошлаб кетаяпти, ўзи?
Тун қоронғусида атрофдан турли хил овозлар қулоққа чалинарди: нақ Африка мамлакатида янгровчи замонавий мусиқа қалбни жунбушга келтирарди. Атроф ой нурига чулғанган. Мигелим:
– Белинья! – деди-ю, қизни қучоғига олди. Қиз унинг ширин сўзларига учди-ю… Унинг қичқириғи зим-зиё тун қаърида йўқ бўлиб кетди.
Рус тилидан Дилором Азимова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 3-сон