Томас Стернз Элиот (Thomas Stearns Eliot, (1888–1965) ижодига бағишланган юздан ортиқ танқидий ва матншунослик тадқиқотлари мавжуд. Америкалик мунаққид Ирвин Эренпрайс (Irvin Ehrenpreis, 1920–1985) фикрича, “Элиот шеърияти инсоннинг шууригача, чуқур ахлоқий ва руҳий қатламларигача сингиб боради. Элиот яширин, сир тутилган ҳис-туйғу ва фикр-мулоҳазаларимизнинг ўзгарувчан, мантиққа зид табиатини тушунган, ушбу парадоксни ўз услубида ифодалашга ҳаракат қилган. Элиот услуби синтаксис ва маъно бузилишлари билан ажралиб туради, шу тариқа ўқувчининг диққат-эътиборини ўзига жалб қилади, бадиий ижоднинг вазифа ва қадриятларига янгича қарашга ундайди”.
Британиялик адабиётшунос олима, Кембридж университети профессори М.К. Брэдбрук (Muriel Clara Bradbrook, 1909–1993)нинг ёзишича: “Элиот олдида турган икки вазифа шундан иборат эдики, у, шоирлар муаллими Арасту ўргатганидек, кўзгуни табиатга рўбарў тутиб ўз даврининг талқинини топиши, ва шу билан бирга ҳақиқий мукаммаллик намуналарига амал қилиши лозим эди”.
XX аср модернизм адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган франциялик Пол Клодель ва Пол Валери, олмониялик Р. М. Рильке ва Г. Бенн, америкалик Э. Паунд ва Р. Фрост, россиялик Александр Блок (1880–1921) ва Борис Пастернак (1890–1960), англиялик У. Х. Оден, Ғарб ва Шарқ тамаддунлари тадқиқотчиси, мексикалик О. Пас, польшалик Ч. Милош сингари шоирлар қаторида Томас Стернз Элиотнинг ҳам муносиб ўрни бор. Элиот ижоди тимсолида инсондаги зиддиятли хислат ва фазилатлар мужассам этилган десак муболаға бўлмайди. Унинг “Европа заволи” (О. Шпенглер) мавзуида яратилган ўта мураккаб, мунқариз руҳдаги “Ҳосилсиз замин”поэмаси ўз муаллифини XX аср Ғарб шеъриятининг шоҳсупасига олиб чиқди.
Томас Элиот ижодининг илк даврида Эзра Паунд ва Виржиния Вулф каби қаламкашлар билан яқиндан дўстлашади. Бу қаламкашлар ўтмиш билан бугун ўртасида алоқа узилганлигини, замонавий ҳаёт хаосга айланиб бораётганини чуқур ҳис этган ҳолда, диний қадриятларнинг нисбийлигини англаб етган эдилар. Бу ҳолат Элиот дунёқарашида ва унинг ижодида тартиблиликка, уйғунликка интилиш билан мужассамлашиб борди. Айни пайтда бу хусусият Элиот учун нафақат насроний динга имон келтириш, балки XX аср ўрталарига келиб консерватизм тимсолига, қолаверса, насроний маданият соҳибига айланишига ҳам замин яратди. Ушбу анъана “ёғду”сида у шеърият номидан дунё ва ўз-ўзи билан файласуфона суҳбат, жиддий баҳс-мунозара, таъбир жоиз бўлса, драматик диалог олиб боришга қодир Шоир сифатида намоён бўлишига ҳам монелик кўрсатмади. Кўп жиҳатдан ушбу сермазмун ва пурмаъно диалог туфайли “XX аср ғарб формализми” (қатор фанларда шаклни мазмундан, назарияни амалиётдан ажратишга интилувчи идеалистик йўналиш – М.Х.) ҳодисаси вужудга келди.
Шубҳасиз, бундай позиция қарама-қарши нуқтаи назар, бир-биридан кескин фарқ қилувчи, гоҳида маъқулловчи, гоҳида қораловчи қарашларни вужудга келтирган эди. Бугун ҳам Элиот ижоди хусусида маълум бир маъноли фикр йўқлигини таъкидлаш лозим. Масалан, сўл нуқтаи назардан қараганда, Редьярд Киплингдан сўнг Элиотга “инглиз империализми қасиданависи”, “йўқотиб бўлмас иллатларни васф айлагувчи мутакаббир”, “элитар қофиябоз” дегувчи тамғалар босиб келинади. У “маърифатпарварлик ниқоби остидаги жаҳонгир”лиги, “такрорий ижоди”, “иккиламчи шеърият”, “зўрма-зўраки битилган шеърларининг шавқсизлиги”, “шеърларидан совуқлик уфуриб турганлиги” учун кескин танқид остига олинди. Бугунга келиб шоирнинг ушбу, сўзсиз, салбий фикрларга ирқий ва диний масалаларда сиёсий боадаблик етишмаслиги хақидаги айбловлар ҳам қўшилди.
Ўнг нуқтаи назардан олиб қараганда эса, 1948 йил Нобел мукофотига сазовор бўлган Томас Элиот, ўз-ўзидан маълумки, олқишланди, унинг ижодига ҳамду санолар айтилди, мақтов сўзлар қанотида кўкларга кўтарилди. Лекин – қизиқ вазият – нафақат қалам аҳли, айниқса тақлидгўй ва маддоҳлар, балки китобхонлар ҳам Элиотнинг “зиёлиларча нафис ва сиёсатдан йироқ шеърияти” нималардан иборатлигини унчалик ҳам тушунмасдан, борлигича қабул қилиб келдилар. Элиот ўз ижодининг барча баҳсли ва мунозарали жиҳатларига қарамасдан, амалда, замондошлари орасида энг ноёб истеъдод соҳиби сифатида майдонга чиқди. У сўзга, аниқроғи, сўзнинг моддий тус олишига ишончи комил ижодкордир. У мумтоз шеъриятнинг реаллиги, ёхуд унинг мукаммаллиги ва намунавийлигига ишонган шоир. Бу хусусиятлар Элиотни символизм тарафдорлари билан яқинлаштирибгина қолмасдан, балки барча билимларнинг нисбийлигини метафизикларча мутлақлаштириб, воқеликни объектив равишда билиш мумкинлигини инкор этадиган методологик принцип устунлик қилган бир пайтда шоирона дид, санойи нафиса мавжудлиги ва айнан унинг устун туриши хусусидаги фикрни қайсарлик билан илгари суришга ундади. Элиотнинг фикрича, шоирона дид – бу эстетика тамойилларига асосланган дунёқарашлар мажмуи бўлиб, адабиётдаги ўзбошимчалик, парокандалик, меъёрдан чиқиб кетиш, сурбетлик ва беадаблик даврида “яхши ёзилган шеър” ва “ёмон ёзилган шеър” ўртасида аниқ чегара мавжудлиги ҳақида эслатиб турадиган мезондир. Бинобарин, “романтизм”, “декаданс”, “шеърий ҳаракат”, “ҳиссиёт” каби сўзлар Элиот дунёқарашида, воқеликни ҳис этишида, қолаверса, ижодида муайян адабий маънога эга бўлиб чиқди.
Шу билан бирга, Элиот ижоди адабиёт, айниқса шеъриятда бошқа жиҳатлар хам мавжудлиги ҳақида бизни хабардор килиб туради . XX аср адабиётига назар ташласак, Элиот 1920–1930 йилларда ижод қилган кам сонли машхур шоирлар қаторида алоҳида ажралиб туради. Бу ижодкорлар “сўл/ ўнг”, “реализм / модернизм”, “тараққиёт / таназзул” каби антитезаларни бир ёқлама тушунилишдан олиб чиқибгина қолмасдан, балки уларга янгича маъно бағишлаш, янгича тус бериш, аниқроғи уларга замонга хос ва мос нуқтаи назардан ёндашишга муваффақ бўлдилар. Улар адабиёт (наср ва назм – М.Х.) ни “ўнг” томон (Эзра Паунд, У. Льюис, Дриё ля Рошель, Селин, Э. Бертрам, Э. Юнгер )га ҳам эмас, “сўл” томон (Ромен Роллан, Луи Арагон, Г.Манн, Г.Лукач, Б.Брехт)га ҳам эмас, балки “юқори”га, юксакликка йулладилар. Ушбу “юқори”га интилишни экзистенциализм тарафдорлари (Жан Поль Сартр, Альбер Камю) тескари, яъни дунёни шахсий ҳиссиёт орқали англаш, субъектив фикр-мулоҳаза юритиш томон буришди. Шак-шубҳасиз, 1930–1950 йилларда экзистенциализм руҳидаги наср ўқувчиларни ўзига мафтун қилиб, уларнинг диққатини кўпроқ жалб этган эди. Шунга қарамасдан, Г.Грин, Ж.Маритен, Франсуа Мориак, Жан Бернанос, Ж. Грин, С. Вейль, Альфред Дёблин, Николай Бердяев сингари ёзувчи ва мутафаккирларнинг дорилбақога эмас, дорилфанога ишониши, буржуазия тамаддуни “маъбуда”ларидан ихлоси қайтиши, умидлари ҳавога совурилиши мустабид тузумларнинг “меъёрий қадрият”лари каби имон-эътиқод сифатида намоён бўлди. Бошқача қилиб айтганда, сўл ёки ўнгга эмас, “юқори”га интилиш улар учун шахсий эркинлик қарор топиши, яъни ҳаётдан завқланиш, оромбахш табиат ноз-неъматларидан баҳраманд бўлиш, тоза ҳаводан тўйиб нафас олиш, шаффоф булоқ сувидан қониқиб ичиш, илҳом қанотларида шеърият осмонига кўтарилиш, шеърият уммони тўлқинларида сузишни англатарди. Бу жиҳат биринчи жаҳон урушидан олдин адабиётга қадам қўйган ва ижод қилган санъаткорни “биринчи жаҳон уруши дўмбираларининг гумбирлашида” (А. Камю) ўсган ижодкордан фарқлаб турарди. Шунингдек, урушда қатнашган ва унинг оқибатларини ўз кўзи билан кўрган ижодкорни, энг аввало, насроний дин ғоя ва тамойилларига амал қилиб яшаётган Европа маданияти ва санъатидаги бадиий синтез, адабий анъаналарга таянишга ундади.
Алҳосил, Элиот, АҚШдан Буюк Британияга кўчиб ўтиб, Янги Дунё (АҚШ) ва Эски Дунё (Европа) ишбилармонлик (тижорат, саноат, кундалик турмуш тарзи ва ҳоказо) этикаси ҳамда маънавий-ахлоқий мезонлар ўртасидаги кескин тафовутга эътибор қаратибгина қолмасдан, балки биринчи муҳожирлардан, қолаверса XX аср адабиётида “йўқотилган авлод”нинг биринчи намояндаларидан бўлди. Ҳа, Элиот асли польшалик, бироқ Англияда умргузаронлик қилган адиб Жозеф Конраддан фарқли ўлароқ тилини ўзгартирмади, рус эмиграциясининг биринчи авлод ёзувчилари каби сиёсий маслаги ва эътиқоди учун таъқибларда юрмади. Бироқ Элиотнинг танлаган йўли бошқа бир америкалик ёзувчи, умрининг охирида Буюк Британия фуқаролигини қабул қилган Генри Жеймснинг ҳаёт йўлини эслатади, энг муҳими, шахсий ва бадиий тажрибалари хусусида фикр юргизишга ундайди. Гарчи бу йўл Элиотга очиқ-ойдин кўриниб турганлигига қарамасдан, у осонликча танлангани йўқ. Европа ва унинг “муқаддас тошлари”сиз Элиот ўзини ноқулай ҳис этарди, унга бир нарса етишмаётгандек туюларди. Шунингдек, Элиот ватанида ҳам ўзини омадсиз сезар, тасаввурида фақат Европада у ҳақиқий шон-шуҳратга, камолотга эришадигандек туюларди. Таъкидлаш жоизки, Элиот аждодлари ватани бўлмиш Англия тарихи билан хам доимо қизиққан. Ҳатто университетда ўқиб юрган пайтлари дўстлари ярим чин, ярим ҳазил қилиб уни “талаффуз ва фуқаролигидан ташқари ҳақиқий инглиз” деб аташарди. Шоир узоқ ўй-фикрлардан сўнг, ҳаётидаги ҳамма нарсани тарозига солиб, Ғарбий Европада XVI асрдан бошлаб католицизмдан ажралиб чиққан протестант мазҳаби (англикан черкови акидаларига амал қилувчи мазҳаб)ни, 1927 йилда эса Буюк Британия фуқаролигини қабул қилди.
Дарҳақиқат, Элиотнинг ўз диний мазҳаби ва фуқаролигини ўзгартириши хусусидаги руҳий кечинмалари “Кул ранг чоршанба” поэмасида ўз ифодасини топган. Кулранг чоршанба – бу католицизм мазҳабидаги улуғ рўзанинг илк куни номи. Бу – ўз фикр-хаёлларига чўмиш, кечмиш-кечирмишлар билан банд бўлиш ҳамда қилган гуноҳлари учун тавба-тазарру келтириш, қилмишларига пушаймон бўлиш, Худога сажда килиш кунидир. Айни пайтда бу кун – келажакда маънавий покланиш, гуноҳлардан фориғ бўлиш, қалбнинг юксалишдан умидворлик, муродбахш кун ҳамдир. Поэмани шоирнинг дин ва эътиқод кечинмалари, чуқур ўй-фикрларининг мураккаб тасвири деб ҳам талқин қилиш мумкин. Шоир ўз қалби қаърида яширинган ўй-хаёллари хусусида баён қиларкан, уни қийнаётган, юрагига ғулғула солаётган жиддий синов, риёзат билан курашади, дунёни тарк этиб Худога яқинлашишга интилади. Дарвоқе, поэманинг:
Because I do not hope to turn again
Because I do not hope
Because I do not hope to turn
Чунки мен яна қайтишимга ишонмайман
Чунки мен ишонмайман
Чунки мен қайтишимга ишонмайман
(сўзма-сўз таржима бизники)
мазмунидаги нидолардан бошланиши бежиз эмас, албатта. Айни пайтда Биби Марьям ва Дантенинг Беатричеси, жаннатдаги Боғи Эрам ва ўрта асрларга хос бўлган рамзий “уч оқ қоплон” образлари шундай бир самимий ҳис-туйғулар билан тўйинтирилганки, ушбу мавҳум образлар ортида шоирнинг руҳий кечинмалари мавжудлиги аён бўлади.
Элиот дастуриламал сифатида қабул қилган анъанавийлик (эски анъаналарга амал қилиш) ҳамда унинг шахси билан боғлиқ бўлган модернист ёзувчининг насроний динга мурожаат қилиши ўз-ўзидан вужудга келган эмас, балки ушбу қалам устасининг қўлга киритган ижодий ютуқлари сабаб бизга маълум.
XX аср Ғарб шеърияти кўплаб ихлосмандлари шоирнинг “Ж.Альфред Пруфрокнинг ишқий қўшиғи”, “Ҳосилсиз замин”, “Тўрт квартет” поэмаларидан олинган сатрларни ёддан билишади. Шак-шубҳасиз, Томас Стернз Элиот юксак маҳорат соҳиби, нозик дидли шоир сифатида оламшумул шуҳрат қозонди. Унинг ҳаёти ҳақида янги-янги китоблар ёзилмоқда, ижодига бағишланган тадқиқотлар яратилмоқда. Рус шоирлари ичида ҳам Элиот ихлосмандлари кўп. Улар (масалан, Нина Берберова, Иосиф Бродскийлар) фақат таржима килиш билангина чекланиб колмасдан, балки Элиот сатрларидан илҳом ҳам олган деб айта оламиз (Анна Ахматованинг “Қаҳрамонсиз поэма”, И. Бродскийнинг қатор шеърларини эсланг). Нафсиламрини айтганда, Элиот шеърияти ҳали ўзбек заминига кўчиб келганича йўқ. ХХ аср Ғарб модернизм дарғаларидан бўлган шоир ижодидан ўзбек тилига ҳали кўп-кўп таржималар қилинишига умид боғлаб қоламиз. Ҳозирча эса ушбу “хамир учидан патир” қабилидаги илк таржималарни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Шоир Ҳумоюн уларни рус тилидан ўзбекчалаштирган.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон