• Юқорига кетган йўл, пастга ҳам тушади; мусибат ортидан бахт ҳам келади.
• Тутилмаган балиқ доим катта бўлади.
• “Ширин, ширин” деганинг билан оғзинг ширин бўлиб қолмайди, болангни “ақлли, ақлли” деганинг билан бошига ақл кириб қолмайди.
• Яхши отни тоғ емиради, яхши одамни — ароқ.
• Итлар йўқ жойда чўчқа ҳам ҳурийди.
• Китобсиз уй кўзсиз одамга ўхшайди.
• Кураш бўлмаган пайтда полвонлар кўпаяди.
• Чавандоз бешикдалигидан маълум.
• Мусибат ва кулфат олти кунда, бахт ва хурсандлик юз кундан сўнг келади.
• Камбағал доим ёрдам беради, етим доим далда бўлади.
• Тутундан қочиб ўтга тутилди.
• Тежамкорлик ҳаёт учун фойда, эҳтиёткорлик — бадан учун.
• Бефаҳм бош қўлга озор беради.
• Яқиндаги ҳўкиз узоқдаги қайиқдан афзал.
• Бой бойликдан, ботир курашдан тўймайди.
• Бирлик доим ғалаба қозонади.
• Катта ишлар кичик нарсалардан бошланади.
• Катта тошни кичиги билан йўнадилар.
• Катта айиқ кучлироқ бақиради.
• Омон бўлсанг мулк топилади.
• Югурик дарё денгизга етиб боролмайди.
• Очлик замонида эчкининг боши ҳам давлат, тўқлик замонида қўйнинг боши ҳам ахлат.
• Меҳмондўст оилада одам йиғилади, сувўтларига бой дарёда — балиқ.
• Очкўзнинг ошқозони тошни ҳам ҳазм қилади, итнинг ошқозони суякни эритади.
• Севгининг кўзи йўқ.
• Ўзга юртнинг итлари ҳам бошқача ҳурийди.
• Туяга эгрилиги кўринмайди, одамга — бадхулқлари.
• Вино ва тамаки — яқин қариндош.
• Ошиқ тошбақа денгиздан ҳам сузиб ўтади.
• Бўри ва қўзи бирга яшолмайди.
• Қарға чўлда ҳам, водийда ҳам қора.
• Вақт ҳар нарсадан қиммат.
• Қимматбаҳо тошларнинг кичигини, ноннинг каттасини ол.
• Танлаб-танлаб кўрига учради, текшириб-текшириб кирга ўтирди.
• Ўт-ўлан ўсса — ернинг кўрки, қариялар йиғилса — тўйнинг.
• Қарға қаерда бўлса ҳам лочин каби учолмайди.
• Галасидан айрилган қуш, онасидан айрилган улоқча йиртқичларга ем бўлади.
• Ғазаб инсонни, тоғ отни синайди.
• Бақироқ ит тишламайди.
• Давлат қонун билан тик туради.
• Сўз бердингми — бажар, бошладингми — охиригача ишла.
• Сершох дарахт тоғнинг кўрки, чиройли қиз — уйнинг.
• Узун нутқ — сафсата, қисқаси — донолик.
• Ақл билан киролмаган жойга кўз билан боролмайсан.
• Ўлжа кечикмайди, бола туғиш ҳеч қачон кеч эмас.
• Узун этак оёқни чалғитади, узун тил бўйинни кесади.
• Осмонга тош отма, бошингни ёради.
• Беришса — ол, ҳайдашса — кет.
• Олов бўлмаса тутун ҳам бўлмайди.
• Кеч қолсанг кўп нарсани йўқотасан, ошиқсанг бахтли бўласан.
• Агар сени қўй сўйиб кутиб олишган бўлса, сен уларни ҳўкиз сўйиб меҳмон қил.
• Мусибат кўрмаган ўзгаларнинг азиятини билмайди.
• Асал бор жойда пашша ҳам бўлади, қиз бор жойда — куёв.
• Очкўзга подани ишониб бўлмайди, хасисга — овқат тайёрлашни.
• Эчкининг шохи осмонга, туянинг думи ерга етишини кутиш шарт эмас.
• Айбинг учун ўзинг жавоб бер.
• Ёзда йиғилган қишда фойда.
• Қариликда олинган илм — кулга ёзилган битик, ёшликдаги билим — тошга ўйилган ёзув.
• Олтинни тозаласанг янада ёрқин бўлади, кўмирни тозаласанг янаям қораяди.
• Қуёшнинг ҳам доғи бор, яхши одамнинг ҳам камчилиги бўлади.
• Пўлат пичоқни майда нарсалар синдиради.
• Қарзи бор бойимайди, тиррақи эчки семирмайди.
• Шарафни бир умр излаб, бир кунда йўқотадилар.
• Оч бўлсанг, мой — хазина, касал бўлсанг, дори — хазина, совуқотсанг, пўстин — хазина.
• Тўқлигингда қўйнинг думбаси ҳам қаттиқлик қилади, очлигингда буғунинг шохи ҳам юмшоқ.
• Отнинг тўртта оёғи бўлгани билан у ҳам қоқилади.
• Сигир шакарнинг таъмини билмайди.
• Сигирга эгар ярашмайди, аёлга — вино.
• Итнинг оғзига тушган суяк бутун чиқмайди.
• Астойдил қидирган одам доим топади.
• Мусибат чекмаган бахт қадрини билмайди.
• Қўшнисидан умид қилган овқатсиз қолади, бошқалардан умид қилган — пулсиз.
• Игнани ўғирлаган бияни ҳам ўғирлайди.
• Темирни қайноқлигида бос.
• Қари итнинг ҳуриши — эрталабгача, қариянинг айтгани — бир умрга.
• Айтиш осон, бажариш қийин.
• Дангаса ўтириб чарчайди, меҳнатсевар ишлаб яйрайди.
• Тулки тушида ҳам товуқ санайди.
• Чучмал таъмдан аччиқ яхши.
• Юз гўзаллигидан қалб чиройи афзал.
• Ўн марта ваъда бергандан бир марта бажарган афзал.
• Кўп ейиш — саломатлик учун зарар, кўп ухлаш — иш учун.
• Сукут — розилик аломати.
• Хотинсиз эр — соқолсиз така.
• Ҳаммани бирдек рози қилиб бўлмайди.
• Қудуқ остида балиқ бўлмайди, мақолда ёлғон бўлмайди.
• Темирда занг бўлганидек қариндошлар орасида нодони ҳам бўлади.
• Денгизда дарға, қуруқликда сарбон керак.
• Хатолар ўргатади.
• Ўзга юртнинг баҳори ҳам қора, ўз юртингнинг қиши ҳам яшил.
• Лапашанг бўрини қўзичоқ ҳам масхаралайди.
• Ёққан ёмғир тинади, келган меҳмон кетади.
• Айтган сўзига эмас, қилаётган ишига ишон.
• Ўзингни кийим билан эмас, илм билан беза.
• Кўр ҳўкизни қудуққа яқинлаштирма, мастга ароқни кўрсатма.
• Ўғри ой нурини ёмон кўради, ёмон — яхшини.
• Томирсиз ўт ўсмайди.
• Қарилар устидан кулма, сен ҳам қарийсан.
• Ҳали туғилмаган болага темир бешик ясама.
• Қарз йўқлиги — бойлик, саломатлик — бахт.
• Ўз болангдан ҳам ширин нарса йўқ.
• Илмдан ортиқ бойлик йўқ.
• Олов ва сув — катта мусибат.
• Битта учқун бутун ўрмонни кул қилиши мумкин.
• Кузги осмон — юганланган от, баҳор осмони — юганланмаган от.
• Эшакни қулоғидан танийдилар, аҳмоқни — сўзидан.
• Ҳўкиздан сут олиб бўлмайди.
• Чириган ўтиннинг тутуни кўп, шалвираган араванинг — ғичир-ғичири.
• Ёмон уруғдан катта ҳосил кутма.
• Инсон меҳнатдан ёшаради.
• Чўчқадан қундуз туғилмайди, аҳмоқдан яхши гап чиқмайди.
• Хатолар пушаймонликка олиб боради.
• Йўқолган сигирнинг сути мўл.
• Пиёда отлиққа ўртоқ эмас.
• Нодон егани ҳақида, доно кўргани ҳақида гапиради.
• Олиш осон, бериш қийин.
• Бошқаларга ёрдам берсанг сенга ҳам ёрдам беришади.
• Ёрдам берсанг — унутадилар, зарар берсанг — эсдан чиқармайдилар.
• Ҳақиқат сувда чўкмайди, ўтда ёнмайди.
• Ҳақ гап — шердан кучли, адолатли инсон — олтиндан қиммат.
• Ҳақиқатдан қўрқиб бўлмайди, ёлғон сўздан қўрқиш керак.
• Қаттиқ момоқалдироқдан сўнг ёмғир ёғмайди.
• Қўрқоқ от ўз соясидан ҳам чўчийди.
• Оғиз омбор эмас, қулфлаб бўлмайди.
• Кучли билан курашма, бой билан тортишма.
• Ўзингнинг битта ёмонинг бировнинг иккита яхшисидан афзал.
• Ўзингнинг сувинг бировнинг мойидан афзал.
• Кўр ғилайнинг устидан кулган экан.
• Сўз сўзни туғади, сигир — бузоқни.
• Катталарнинг маслаҳатига қулоқ сол — ҳаётда йиқилиб қолмайсан.
• Ўлимга олиб борувчи касаллик билдирмай бошланади.
• Одамга ўз ҳиди билинмайди.
• Кўрлар орасида кўзингни қис, чўлоқлар орасида оёғингни кўтарма.
• Қари бўрини алдаб бўлмайди.
• Эски дўст янгисидан афзал.
• Бирлашган қирқ бошли тўда алоҳида ов қилаётган йўлбарслардан кучли.
• Қуриган дарахт — ўрмон учун ортиқча, ёмон қиз — оила учун дардисар.
• Тинч юрсанг узоққа борасан.
• Фақатгина аҳмоқ ўзини мақтайди.
• Дунёдаги энг тез нарсалар учта: инсон фикри, отилган ўқ ва нигоҳ.
• Меҳнат — бахт.
• Қўрқоқ ўн марта ўлади.
• Яхши отнинг эгаси кўп бўлади, яхши одамнинг — дўсти.
• Ёлғончининг доим гувоҳлари бўлади.
• Ёлғоннинг оёғи қисқа.
• Бошқаларни ҳурмат қилган ўзини ҳам ҳурмат қилади.
• Ақл қариликда эмас, кўрган, эшитган ва ўқилган илмда.
• Сувга йиқилганга ёмғир қўрқинчли эмас.
• Отни қўйиб юборсанг — ушлаб оласан, айтилган сўзни тутиб бўлмайди.
• Яхши дўст тош девордан мустаҳкам, яхши от — лочиндан тез.
• Ҳўкизнинг қулоғига сув ҳам, мой ҳам қуйиб кўр — у барибир моллигича қолаверади.
• Тана қаригани билан, қалб қаримайди.
• Кўпга улгурмоқчи бўлсанг, камдан бошла.
• Одамнинг ёмони шомон бўлади, отнинг ёмони — айғир.
• Одам икки марта ўлмайди.
• Қарздорликда яшагандан фақирлик афзал.
• Юзта молинг бўлгандан юз нафар дўстинг бўлсин.
• Кўп гапиргандан кўра кўп еган яхшироқ.
• Ўз номингни булғагандан суягинг сингани афзал.
• Бекорчи суҳбатдан сукут афзал.
• Хондан сўрагандан қоровулдан сўраган яхшироқ.
• Бировнинг хотини булбулдек, ўзингники қарғадек туюлади.
• Бировнинг ақли билан узоққа боролмайсан.
• Заҳарни заҳар билан босадилар, душманни қурол билан енгадилар.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.
Бурятлар (ўзларини баряат деб атайдилар) — Россия Федерациясидаги халқ. Бурятия Республикасининг асосий аҳолиси (286 минг киши, 2010). Бурятлар Монголиянинг шимолида (45 минг киши) ва Хитойнинг шимоли-шарқида (40 минг киши) ҳам яшайдилар. Умумий сони 620 минг киши (2010). Монголоид ирқига мансуб. Бурят тилида сўзлашади. Бурятлар орасида асосан будда — ламаизм, шунингдек христианлик (православие) тарқалган, энг қадимги диний эътиқодлар (шаманизм) ҳам сақланган.