Қулман Очилов. Шириндир зардолулари (ҳикоя)

 Рўзғорда Қосимнинг зиммасига муҳим миссия юкланган. Миссиянинг муаллифи ва раҳбари… Ким бўларди? Хотини-да.
 Якшанба куни нонуштадан кейин у қўлига «Тафаккур» журналининг янги сонини олиб, шиппагини меҳмонхонага қаратиб секин «шиппиллатаётган» эди, ошхона томондан ўз постида доим сергак ва ҳушёр аёлнинг:
 -Яна ухламоқчимисиз? – деган ҳасратли овози эшитилди.
 -Йўқ, -деди Қосим. – Туни билан ухлаб чарчадим. Энди диванга чўзилиб бироз дам олсаммикан, дегандим…
 -Дам олиш ҳам бор бўлсин!- Аёл нам қўлини оқ сочиқчага артганча эрининг ёнига келди.- Диванда яна қоғозга тикилиб ётгандан кўра, бозор томонларга би-ир айланиб келсангиз бўларди.
 -Ўғлинг борсин бозорингга. Қачонгача мен сумка кўтариб, ҳаллослаб юраман!
 Аёлнинг бундай эътирозга жавоби доим тайёр: «Жаҳлингиз чиқмасин, дадажони. Ўғлингиз кеча катта бозор қилиб келган. Шукр, уйда ҳамма нарса бор. Сизга айтаётганим, бозор баҳонасида тоза ҳавода тўрт қадам юриб келасиз. Оёқларингизнинг чигили ёзилиб, қонингиз юришади. Бир йўла раъйатнинг ҳолидан ҳам хабар оласиз. Баҳри дилингиз очилади. Оқшом тушганда оёғим музлаб кетяпти, деб яна жун пайпоқ излаб қолмайсиз…»
 -Раъйатнинг куни менга қолмагандир, – деб унинг гапини бўлди эр. – Ҳолидан хабар оладиганлар кў-ўп…
 -Элга аралашиб турган яхши-да, дадажони. Элда барака бор…
 «Яхшиям бу хотин бор-йўғи кутубхоначи, – деб ўйлайди Қосим ҳар гал жуфти ҳалолининг «якшанба ўгитлари»ни тинглар экан. – Дўхтир ёки файласуф бўлганида нима қилар эдим!»
 «Одамни нуқул уйқу босаверишининг сабаби бош мияда тоза ҳаво – кислород етишмаслигидан. Бу тиббиётда гипоксия деб аталади ва ўз вақтида олди олинмаса, жуда аянчли оқибатларга, инфаркт, инсульт каби оғир хасталикларга, хатто ўлимга олиб келиши мумкин. Тоза ҳавода кўпроқ юриш керак. Оёқ совуқ қотишининг сабаби ҳам, дадажони, ҳаракатнинг камлигидан…»
 Ҳа, хотини дўхтир бўлганида Қосимнинг бундай ваҳимали гапларни ҳар куни эшитиши тайин эди. Ҳозир ҳам кам эмас, телевизорда эшитганию газета-журналларда ўқиганини эрига зудлик билан етказиб турибди.
 – Ярим кило думба олишни унутманг, – деди аёл эрининг қўлидан журнални олиб, жигарранг чарм сумкани тутқазар экан. – Ҳамир қориб қўйдим. Сомса пишириб бераман…
 Хуллас, Қосимнинг миссияни бажаришдан – бозорга яёв боришу раъйатнинг ҳолидан хабар олиш – «одамлар билан тўрт оғиз ҳангома қилиб келиш»дан бошқа чораси қолмади. Оёғига чарм чориғини илиб, оқ футболкаю жинси шимини кийиб, бошига енгилгина пахталик шляпасини қўндириб, туманли Альбиондан келиб, серқуёш кўчаларимизда яйраб юрадиган беташвиш сайёҳлардек секин йўлга тушди. Фарқи – бўйнида кафтдеккина фотоаппарату елкасида сузмахалтадек сафартўрваси, қийиқ кўзларини офотобдан яширадиган қора кўзойнаги йўқ.
 Бозоргача уч ярим чақирим. Яна шунча юриб, ортга қайтилади. Бир чақиримча юриб савдо қилинади. Билгичларнинг фикрича, бандаси кунига камида беш чақирим юриши керак. Шунда у саратонда ҳам кечаси қалин жун пайпоқ кийиб ухламайди.
 Офтоб ҳали унчалик забтига олганича йўқ. Беш қаватли уйнинг олдидаги маҳалланинг келинлари, қиз-жувонлари, аёллари, илоё умрлари узоқ бўлсин, супирган дарвозалар олдига эрталаб сепилган сувнинг салқини сезилиб турибди.
 Бозор гавжум, раъйат мамнун: ҳаммаёқда пишиқчилик, мўл-кўлчилик, арзончилик. Ўтган ҳафта минг сўм деб ўтирган картошкасини жаллоблар бугун етти юзга сотганига ҳам хурсанд. Пиёзфурушлар бир кило картошканинг пулига икки кило пиёз оламан десангиз, жонини ҳам қўшиб беради. Жавзои сабзи олтиндек товланади. Гўшт растасида йигирмага яқин дўкон бор. Бирортасининг пештахтасию дори, илгагию музлатгичида бўш жой йўқ – ҳаммаёқ гўшт. Қосим циркчиларнинг машқи нега пастроқ деб ажабланиб юрарди. Ўйлаб кўрса, барча истеъдодли кўзбойлоғичу масхарабоз, жонглёр устасию арслон ўйнатувчилар ўзини қассобчиликка урганга ўхшайди. Шунинг учун у тўғри келган дўкондаги тўғри келган қассобдан гўшт олишга кўниккан. Гўштни танлаб, савдолашиб, нархини тортишиб ўтиришдан фойда йўқ. Уйга келиб кўрсангиз, бари бир қўй гўшти дегани эчкиники, лаҳм дегани бошдан-охири пай бўлиб чиқади.
 «Миссия раҳбари» овқат пишираётганида «элликни уриб қўйганига қарамай, мол гўшти билан қўй гўштининг фарқига бормайдиган профессорга» жавраш учун лабларини жуфтлайдию яна ўзини тияди. Қайсидир китобда ўқиган: жуфти ҳалолингизнинг камчилигини юзига солманг, жанжал чиқиб, ўртага совуқлик тушади.
 Айбни қассобларга ағдаради:
 «Қассоб деганнинг ҳаммаси – кўзбўямачи!»
 «Асло гапирма, онаси!..»
 Оиладаги якдилликка нима етсин!..
 Қосимнинг бозордан қайтиш асносида тўхтаб ўтадиган жойи бор. Кекса ёнғоқнинг сояси. Тагидаги харракда ўтириб, бир зум тин олишнинг роҳатига нима етсин. Хилватгина, салқингина. Ўтиришинг билан киприкларингга тош осилгандек бўлади, уйқу тортади. Жиндай пинакка ҳам кетиш мумкин.
 Аммо бу гал «оромкурси» банд экан. Чуваккина икки чол харракда ўтирганча қаршисидаги бўйнига оқ белбоғ ташлаган, афтидан, ҳайдовчи бўлса керак, ўттиз беш ёшлардаги йигитга гап уқтираётган эди.
 Қосим тўрт-беш қадам беридаги ўрикнинг тагига ўзини олди, сояси унчалик қуйиқ бўлмаса-да, ҳарна.
 -Мен сенга айтсам, окаси, -деди оқ тўр қалпоқ кийган чол, – қийшиқми, мийшиқми, чўлоқми, ғилайми, ақллими, нодонми, бари бир, биринчисига етмайди. Биринчисидан, кўз очиб кўрганингдан яхшисини тополмайса-ан!..
 Чўнқайиб ўтирган йигит қора сочлари қулоғи устига чиқиб кетган бошини қуйи солди. Тупирди.
 -Мана мен, уч марта уйландим, – деб гапида давом этди оқ қалпоқли чол.- Уч марта-я! Лекин хотингаям, рўзғоргаям ёлчимадим! Бир умр ёлчимадим, ука! Тутаб ўтдим. Сабаби – биринчисининг қадрига етмадим. Ғўрлик қилдим. Ота-онам йигирмага кирмасимдан уйлантириб қўйган эди. Арзандаси эдим-да. Онамга ўзи топган қиз – келин ёқмай қолди. Овқат пиширишни, кир ювишни билмас эмиш. Шарттаки эмиш. Энди ўйласам, ўн еттига кирган қайси қиз эркаю шарттаки эмас, қайси бири рўзғор ишини бирдан эплаб кетади! Аммо, онам: «Ё мени дейсан, ё хотинингни!» деб оёғини тираб туриб олди. Йигирма ёшли жўжахўроз бўлсам, нимага ақлим етарди. Хотин топилади, она топилмайди, дедим. Топилди. Бир эмас, яна икки марта топилди. Биринчисининг юраги касал экан. Кўзи ёридию узилди, бечора… Қаранг, шунга ҳам салкам қирқ йил бўпти, Ғиёс…
 -Ёдгоржоннинг онаси-да, – деб унинг гапини тасдиқлади яшил бахмал дўппи кийган чол.
 -Ҳа-а, балли! Ёдгор ўғлимнинг онаси. Сўнг Сожида холангни олиб келдим. Бунинг пушти куйган экан. Фарзанд кўрмадик. Йўқ, сен манга айт, укам, қани тўкис рўзғор, қани ҳаловат, қани барака?!. Менга бирортаси ҳам татимади. Ҳа, татимади! Онам бечора ўлими олдидан: «Болам, сени мен бахтсиз қилдим! Сенинг рўзғорингга аралашмай мен ўлай!» деб зор йиғлади. Лекин зорланишдан нима фойда, умр ўтиб кетди-ку!
 -Менинг онам қайтамга ажрашма, деб зор қақшаяпти, – деди йигит яна тупирар экан.- Хотиним ўзимга вообше ёқмай қолди.
 -Нимаси ёқмайди, окаси, нимаси?
 -Маҳмаданалиги. Нуқул ақл ўргатаверади. Олий маълумотли эмиш. Институтда ишлармиш. Мен оддий таксичи бўлсам. Менсимайди мени!
 Йигит ижирғангандек юзини четга бурди.
 -Оббо! Шуям гап бўлдими! Шуям важ бўлдими, а!
 -Ақл ўргатса, ўргатибди-да, – деб ошнасининг ёнидан «от солди» Ғиёс амаки.- Қайси хотин эрига ақл ўргатмайди? Келинга бориб айт: бежанжал яшамоқчи бўлсанглар, бир-бирларингдан камчилик эмас, фазилат қидиринглар! Ақлли хотин, ақлли эр жуфти ҳалолининг камини яшириб, борини ошириб гапиради. Бўлар-бўлмасга у ёқдан бу ёққа гап ташиб, жикиллайвермайди.
 Йигит индамади. Ғиёс чол сертомир қўлларини пашшани ҳайдагандек силкитди:
 -Эркакдир, аёлдир – ҳамманинг кўнгли бор! Ҳа, кўнгли бор! Ҳеч ким ўзини Афлотундан кам кўрмайди. Мана, бизнинг уйда бирор муаммо чиқса, холанг, саксонни қоралаб қолган кампирим, ҳалигача шанғиллайди: «Мен сиз, чолга фалон йили шу ишни мундоқ қилайлик, деганимда гапимга қўлоқ солмаган эдингиз. Мана, оқибати». «Ҳай, онаси, қўявер, дейман, мен ўзи аввалдан беқулоғроқ, нодонроқ бола эдим. Худойимдан ургилай, сендай ақлли хотинни пешонамга ёзган экан», дейман-да, қутиламан.
 -Тўғрисиям шу-да, Ғиёс, -деб ошнасининг гапини тасдиқлади иккинчи чол. – Ўзини билган эркак аёл киши билан гап талашиб, майдалашиб ўтирадими. «Саники тўғри!» дейди. Вассалом! Олам – гулистон.
 -Унда менинг эркаклик, эрлик бурдим қоладими, Аъзам амаки? Бошимга чиқиб олади-да.
 -Бошингга чиққанида қаерга борарди? Гўргаям бормайди. Ўртада икки фарзанд бор.
 -Айтишга осон, – йигит яна тупирди.
 -Хўп, ажрашдинг ҳам дейлик, – деди Аъзам амаки. – Кейин нима бўлади? Кейинги хотининг биринчисидан яхши, биринчисидан ақлли, меҳрибон бўлади, деб сенга биров кафолат хати ёзиб, муҳрлаб бердими?
 -Йўқ.
 -«Йўқ» бўлса, худога шукр де-еб, муросаи мадора қилиб яшайвер. Ҳаммаси жойига тушиб кетади. Ё бирортасини кўз остингга олдингми?
 -Қўйсангиз-чи! – йигит яна тупирди.
 -Ай бола, бунча тупирасан? – деб баравар зориллади чоллар. – Дунёни тупикка тўлдириб юбординг-ку!
 Йигит туриб, асфальтни туфлиси билан артган бўлди.
 -Ҳамма жанжал сенинг ўзингда экан, бола, -деди Ғиёс чол бошини афсус билан тебратиб. – Ўзинг ўр экансан, ўзинг ҳуққи экансан. Отанг раҳматли, жуда мўминқобил одам эди. Қирқ йил битта мактабда бирга ишлаганмиз. Бошланғичга дарс берган. Оғир-босиқ, ақлли одам эди. Сен кимга торгансан, билмайман. Жиззаки чиқибсан…
 Йигит юзини бурди. Яна “чиртиллатди”:
 -Бари бир бирор иш чиқмайди, амаки. Ажрашаман.
 – «Ажрашаман?»- тутоқиб кетди Аъзам чол.- Гўдакларнинг уволидан қўрқмайсанми, сен бола? Ажрашсанг, ажраш! Ажрашишдан арпанг пишиб, хирмонинг тўлса, ажрашавер! Тавба!.. Калланг борми, ўзи?.. Хўп, ажрашсанг, болаларингга ким қарайди? Ўғлинг-ку, майли, эркак одам, ўлмаса, бир кунини кўриб кетар. Лекин қизингга ким қарайди? Ҳа демай бўйи етса, ким уни куёвга узатади? Қандай узатади? Келган совчи эшикдан қайтиб кетади. Ота-онаси бетайин экан, дейди!.. Хотининг ҳам ерда қолмас. Бирортасини топар. Ё эрга тегар, ё жазман тутар. Лекин ўша эркак қандай одам бўлади? Инсофлими? Ё худодан қайтганми? Қизингга кўз олайтирса, нима қиласан? А!?..
 -Нима деяпсиз, амаки? -Йигит туриб кетди. Ранги билинмай кетган оқиш шимининг чўнтагидан кўк пакетча чиқариб, кафтига нос тўкди ва тилининг тагига ташлади. Менга кўзи тушди.
 – Ҳа? Ёқмадими? – Энди Ғиёс чол зуғумга ўтди. – Шунақасини ҳам кўрганмиз, окаси, ҳа, кўрганмиз… Гўдакларнинг уволи тутади. Тутганда ҳам қаттиқ тутади. Икки дунёнг ҳам куйиб кетади, бола. Ўйлаб иш қил!
 -Юришингни қара, – дашномни давом эттирди Аъзам чол. – Ўчоқдан чиққан мушукка ўхшайсан, а! Йигит деган сал ўзига қараб, мўйлов – мўртини тозалаб юрмайдими? Соқолингга тиғ тегмаганига неча ҳафта бўлди?..
 Қосим чолларга салом бериб ўтди.
 Эшикни хотини, кўз очиб кўргани очди:
 – Вой-буй! Шунча нарсани қандай кўтариб келдингиз, дадажони? Чарчаб қолмадингизми, ишқилиб?
 -Сендай меҳрибон хотиннинг эри чарчадим деса, адолатнинг нозик кўнгли ўксийди, онаси, – деди Қосим.- Миссия бажарилди!.. Мана, сенга ўрик ҳам олиб келдим.
 -Вой, ўрик пишибдими?
 -Ҳа, пишибди, – Қосим хотинининг кафтига тўрт дона олтинранг ўрик қўйди.- Бунисини дарахтдан атайлаб сен учун териб олдим!.. «Шириндир зардолулари, қанду асал бекор экан». Ўзлари хотинга ёлчимаган бўлсалар ҳам, Муқимий бобомиз аммо шеърни зўр ёзиб қўйганлар-да!..
 
“Ҳуррият” газетаси, 2014 йил 14 май сони.