Ишончли манбалардаги маълумотларга кўра, Алишер Навоий ёшлигида фиқҳ илмидан мукаммал таълим олган. Самарқандда эса аълам уламо Хўжа Фазлуллоҳ Абулайс хонақоҳи ҳужраларидан бирида истиқомат қилиб, фиқҳдан икки йил таҳсил кўради. Ҳиротда у ўша даврдаги устозларидан бири Мавлоно Фасиҳиддин Низомийдан фиқҳ ва фалсафадан дарс олади.
Демак, Навоий фиқҳ илмининг жамиятдаги ва инсон ҳаётидаги аҳамиятини тушунган. Шу боис “Фарҳод ва Ширин” достонида:
Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт Камол ар касб этарсен, бемалол эт –деб шаҳзода Шоҳғариб мирзога мурожаат этади. Улуғ шоир шаҳзодани ҳар нарсанинг моҳиятини билиш учун фиқҳ, ҳадис, тафсир – уч илмни қунт билан ўрганишга чақиради ва “бу уч илм сен бил” деб устозларча даъват қилади. Яна Шоҳғариб мирзога бу уч илмдан ташқари тиб, тарих, ҳикмат илмига майл қилишни, уларни ўрганишни маслаҳат беради. Навоий келажак авлодга – ёшларга ўз шеърларидан бирида “Камол эт касбким, олам уйидин”, дея самимий истак билдириб, комилликка интилган ёшларни ҳам уч илмни ўрганишга тарғиб қилади.
Навоий бу уч илмни ҳам билган, қадрлаган, улардан наф топган. Шунингдек, тиб илмини пухта билгани сабабли “Ҳайрат ул-аброр”нинг “Учинчи ҳайрат”ида инсон организмининг тузилиши, унга хос хусусиятларни нафақат бадиий, балки тиббиётга мос ҳолда реал тасвирлаб кўрсатган. Тарихий асарларни ҳам ижодкор, ҳам муаррих сифатида мукаммал ёза олган. Ҳикмат илмининг билимдони сифатида ўзи яратган ва ўзлаштирган ҳикматлари билан асарларига бадиий зеб бериб, умрбоқий маъно-мазмун, ғояларни сингдира олганки, XXI аср навоийшунослигида “Навоий шоҳбайтлари” деган янги бир йўналиш пайдо бўлди.
Навоий асарларига нафақат бадиий-эстетик жиҳатдан, балки ҳуқуқий, ахлоқий, ижтимоий тасаввурни англашнинг манбаи сифатида ҳам қараш мумкин. Ўттиздан ортиқ асарларида улуғ шоир XIV — XV асрлардаги сиёсий ва ҳуқуқий ғоялар — одамларнинг ҳуқуқий онг даражаси, мулкий, ахлоқий, оила-никоҳ муносабатларини тартибга солувчи ижтимоий нормалар, жиноят ва жазо масалалари ҳақида кенг маълумотлар беради. Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал каби машҳур ахлоқий учлик Навоий сиёсий ва ҳуқуқий тушунчаларининг асосини ташкил этади. “Одил шоҳ” (“Салотинлар зикри”) ҳукмронлиги остидаги кучли давлат ғоясини илгари сурган Навоий адолатли жамият қуриш билан боғлиқ умидларини Ҳусайн Бойқаро билан боғлар экан, кейинчалик “Вақфия” асарида шундай ёзади: “…ул Ҳазратнинг қуллуғида неча навъ хизматким, дунё суди андин пайдо ва охират беҳбуди андин ҳувайдо бўлғай, ўзумга лозим туттум ва неча навъ ишким, халойиқ дуосиға боис ва Холиқ ризосиға сабаб бўла олғай, қошимда муқаррар қилдим. Ва Тенгри иноятидин бу ишлар борча муяссар бўлди”.
Навоийдаги ҳуқуқий қарашлар ва фикрларнинг ҳаётийлиги боиси, биринчидан, улуғ шоирнинг фиқҳ илмини кенг ва чуқур билиши бўлса, иккинчидан, ҳуқуқ ижодкори, ташаббускори ва ижрочиси сифатида ўттиз йилдан ортиқ давлат ишларидаги фаолиятидир. Навоий шоҳ саройида юксак обрў-эътиборга — подшоҳга таъсир этишдек нодир ҳуқуқ ва имкониятга эга бўлган. Бу ҳақда Хондамир Ҳусайн Бойқаронинг Навоийга ёзган мактуби асосида “Макорим ул-ахлоқ”да қуйидагича маълумот беради: “Ўзлари биладиларки, ҳеч қачон ўртада такаллуф ва ўзгалик бўлмай, ҳамма вақт сўз шу тариқа кечардики, ул салтанат таянчининг хотирига, хайрихоҳлик ва яхши фикрда бўлиш йўли билан, нимаики келса тўққиз мартагача уни айтишга ижозат берилган эди. Бизнинг ҳам ҳамма вақт хотиримизга нимаики келган бўлса, меҳрибонлик юзасидан изҳор қилардик”.
Масалан, Ҳусайн Бойқаро Хоразм вилоятини обод қилиш учун Хуросондан уч минг хонадонни Хоразмга кўчириш ҳақида фармон чиқаради. Амир Навоий фуқароларнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиб, давлат манфаати учун қаттиқ туриб, юксак маънавий бир жасорат билан халқни Хоразмга кўчириш масаласи тўғрисида ҳукмдорга тўққиз маротаба эмас, ўн марта арз қилиб, охири натижага эришади. Ҳусайн Бойқаро уч минг хонадон ўрнига бир қисм, яъни ихтиёрий борувчиларни кўчиришга қарор қилади. Бу ҳақда ишончли тарихий манбаларда асосли маълумотлар қуйидагича талқин этилади: “Навоий арз қилади: “Ўзингиз менга берган фармонингизга биноан, ҳар бир иш ўринсиз воқеъ бўлса, тўққиз галгача айтишга ҳақлидирман. Халқни Хоразмга кўчириш масаласи тўғрисида тўққиз мартаба арз қилдим, натижа бермади. Балки бу аҳволни йўқотиш жиҳатидан ўнинчи мартаба ҳам сизга бош оғриғи бўлдим ва ўз муддаоимга мувофиқ жавоб тополмадим. Эндиликда яна бир карра ўз илтимосимни такрорлаш билан қабул қилишларини умид қиламан”.
Адолатли ҳукмдор ўз жавобида: “Мен биламанки, Сиз бу борада давлат манфаати учун қаттиқ туриб олдингиз, бироқ салтанатимиз тонги ёриша бошлашидан илгарироқ у мамлакатни обод қилишга қаттиқ киришмоқни ният қилиб қўйганлигимиздан, бу масаладан бутунлай қайта олмайман. Энди Сиз маъқул кўрсангиз, уч минг уйликдан тўрт донги (олтидан тўрт қисми, яъни учдан иккиси) қолиб, икки донги(учдан бири)ни юборишга ҳукм қилдим”, дейди.
Навоий туркий тил ва унинг равнақини қонун билан мустаҳкамлашда, давлат тили сифатидаги мақомини тиклашда “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам”, дея тил миллатнинг миллат бўлишдаги омиллардан бири эканини уқтирди. Жомий “Ҳафт пайкар” хотимасида Навоий ўз ижоди билан адабиётнинг, сўз санъатининг ривожига улкан ҳисса қўшгани ҳақида ёзади: “Қаламинг очқичи билан сўз эшигини очдинг. Равнақдан қолиб кетган ва хорлик бурчагидан ўрин олган “туркий” сўзга сен янгидан обрў бердинг. Уни ижод майдонига олиб чиқдинг. У сенинг раъйинг нуридан сафоли бўлди, лутфинг навосидан наволи бўлди”.
Бу ўринда шоир асарларида берилган “Сўз”, “Қалам” ҳақидаги фаслларни эслаш ҳам ўринлидир. Улуғ шоирни машҳур якқалам — рамзий образнинг ижодкори дейишга ҳақлимиз. Навоийнинг якқалами дунё саодатининг калити, нафақат ижодкорни, балки эл-юртни муроду мақсадга элтувчи куч, қудрат, сиёсат, қонун, илҳом манбаи, Ҳақ инояти. Якқалам шоирнинг ижод майдонида қозонган зафарларини давлат ва сиёсат майдонидаги мақоми билан бирлаштира олган рамзий образдир. Демак, Якқалам — илҳом, маҳорат ҳамда яхши бир сиёсат — давлат тили ҳақидаги қонун ижроси, “Хамса”нинг ҳам тимсоли. “Мен туркий шеъриятда байроқ кўтариб, бу мамлакатни бир қалам остида бирлаштирдим”, деган донгдор шоир фикрларини “Ҳайрат ул-аброр” достонининг “Низомий мадҳида”:
Ганжа қуёшики, кўтаргач алам, Айлади сўз мамлакатин якқалам —дея Ганжа қуёши, яъни Низомий байроқ кўтариб, сўз мамлакатини бир ҳукмронлик остида бирлаштирганлигини фахр билан ёзади. Низомий якқалами Навоий талқинида илк “Хамса” ижодкорига ишора ҳамда чуқур эҳтиром рамзидир.
“Ҳайрат ул-аброр”нинг “Учинчи ҳайрат”ида эса якқалам зарбини дунё халқларини ҳамжиҳатликка чорловчи куч-қудрат сифатида ҳамда ўзаро тенглик, ўзаро келишув каби халқаро ҳуқуқ тамойилларини ҳайрат билан, ички бир қониқиш билан ёзади:
Меҳр чу машриқ сори урди алам, Олди жаҳон мамлакатин якқалам.Дунё ҳуқуқ тизимида мусулмон фиқҳига хос бўлган ягона ҳуқуқ — вақф ҳуқуқи ҳақида кўплаб ҳужжатлар мавжуд бўлса-да, Навоийнинг моҳиятан икки қисмдан иборат “Вақфия”си фақат тарихий ҳужжат сифатидаги асар бўлиб қолмай, балки мемуар характердаги сюжетлар, лавҳалар, бадиий тасвирий чизгилар, шеърлар ҳам жамланган ягона асардир. Асарда “Нафъинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур” каби мақсади, муддаоси Ҳақ, халқ ва адолат йўлидаги фаолияти билан намуна бўлган муаллиф образи қўлланганки, у Навоий шахсиятидаги нурли чизгиларни намоён қилади. Реал ижтимоий муносабатлар билан боғлиқ равишда шахсга, мулкка қарши жиноятлар таснифини бадиий талқин қилган. Вақф ҳуқуқи ва қоидаларининг дахлсизлигини тушунтириш мақсадида назмдан ҳам ўринли фойдаланган.
Бу қоидани кимки тузар, бор ўлсун, Тенгри бори ҳолатда анга ёр ўлсун. Ким бузса, бузуқлуққа сазовор ўлсун, Ҳақ лаънату қаҳриға гирифтор ўлсун.“Ғаройиб ус-сиғар”нинг 7 байтли “қаро” радифли ғазалида баъзи нопок фақиҳларни фиқҳ тизимидаги фаолиятидаги адолатсизликни танқид қилиб, покликка, адолатга ундаб шундай мисраларни ёзган:
Ғайирдин қилғил замиринг сафҳасин пок, эй фақиҳ, Тобакай қилмоқ фиребу макр ила дафтар қаро.Ўз даврида “Хайрул башар амир”, “Дарёдил амир” унвонларини олган Навоий асарларида учрайдиган “адл ва дод (эҳсон) ила тузмоқ”, “қонун-қоида қўймоқ”, “қоида ва русум тузмоқ”, “адолат ва шафқат қонуни”, “акосира қоидаси”, “яхши ойинлар ороға киюрмоқ”, “одил ҳукм”, “ростлик, тўғрилик сиёсати”, “шаръ қонуни”, “ихрож ҳукми” каби ҳуқуқий тушунчалар баъзи ўринларда Навоийнинг кўрсатмалари шаклида бадиий талқин этилган.
Ёзувчи ва навоийшунос Ойбек Навоийнинг “…бизнинг мамлакатда ҳукумат мавжуд, ҳукмдор мавжуд, қонун ва ҳуқуқ мавжуд” каби фикрларини “Навоий” романининг 2, 15, 23 — 36- бобларида бадиий маҳорат билан кўрсатган. Адиб буюк тарихий шахс – Навоийнинг мамлакатни обод ва фаровон қилиш, адолатли давлат тузумини барпо этиш йўлидаги ғайратини тарихий-бадиий жиҳатдан ёритиб берган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Хондамирнинг “Хулосат ул-ахбор” асаридаги “Ҳиротнинг ички ва ташқи қисмидаги бинолар, мўътабар жойлар қайди” фасли асосида фикрласак, Навоийни моддий ва маънавий меросни асраш ҳақидаги лойиҳалар ташаббускори, хайру саховат бинокори, ҳомийси дейишга ҳақлимиз.
Буробия Ражабова,
ЎзР ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 37-сонидан олинди.