Маърифатнинг чегараси — нафс ва унинг истак-хоҳишидан холи бўлишдир. Тоҳир Мақдисий
* * *
Кимки ботил йўл билан иззат талаб қилса, Аллоҳ уни ҳақ йўл билан хор қилиб қўяди. Абулҳусайн Сирвонийи Сағир
* * *
Ҳар бир нарсанинг занги бўлади, қалб нурининг занги эса тўйиб овқатланишдир. Абу Сулаймон Дороний
* * *
Одамлар билан оловга муомала қилганингдек муомала қил: фойдаларидан баҳраманд бўлгину, куйдиришларидан эҳтиёт бўл! Шақиқ Иброҳим Балхий
* * *
Кимки ўзининг назарида ўзи хор кўринса, Аллоҳу таоло унинг даражасини баланд қилади ва кимки ўзининг назарида ўзи улуғ кўринса, Аллоҳу таоло уни бандаларнинг назарида хор қилиб кўрсатади. Абу Музоҳим Шерозий
* * *
Кимдаки бир яхши хислат кўрсанг ундан ажрамагинки, албатта, унинг барокотидан сенга ҳам наф етади. Ҳамдун Қассор
* * *
Кимнинг кўзига фақат ўз яхшиликлари кўринса, у одамлар нафратига мубтало бўлади, агар фақат ўз ёмонликлари кўринса, одамлар нафратидан эмин бўлади. Маҳфуз Муҳаммад
* * *
Инсоннинг эски чопонда юргани бировнинг янги тўнини кийиб юрганидан яхшироқ. Муҳаммад Ҳамид Тирмизий
* * *
Ўзингни яхши кўришинг — ўзингни ҳалок қилишингдир. Абулҳасан Сойиғ Динаварий
* * *
Тилнинг таваккули даъво қилади, қалбнинг таваккули маъно беради. Абу Жаъфар Фарғоний
* * *
Қалб тириклиги нафсни ўлдириш биландир. Доимо ҳимматли бўлки, ҳиммат ишларнинг қуввати ва манбасидир. Абубакир Тамастоний
* * *
Олийҳиммат бўл! Зотан, кишини жидду жаҳд эмас, юксак ҳиммат камолга етказади. Жаъфат Муҳаммад Нусайр Хулдий Хаввос
* * *
Миянгдаги борини чиқариб ташла, қўлингдаги борини эҳсон қил ва бошингга нима келса хотиржам қаршила. Шайх Абу Саид Абулхайр
* * *
Овқатланишда ўртача меъёрни сақлаш, яъни ўта тўқ ҳам, ўта оч ҳам бўлмаслик яхшидир. Хожа Муҳаммад Порсо
* * *
Барча яхшиликлар уйнинг ичкарисида, унинг калити тавозедир. Барча ёмонликлар ҳам уй ичкарисида, унинг калити эса такаббурликдир. Юсуф Ҳусайн Розий
* * *
Афзаллик истасанг, ҳеч кимдан афзаллик даъво қилма, мум ва малҳам бўлу жароҳат бўлма! Бировдан сенга ёмонлик етишини истамасанг, ёмон сўзли, фикри бузуқ, ёмонликни тарғиб қилувчи бўлма! Жалолиддин Румий
Сайфиддин Сайфуллоҳнинг олтин силсила туркумидан “Буюклар ҳалқаси” китобидан