Дадахон Нурий. Меҳмон (ҳикоя)

Қиш этаги узилиб, баҳорнинг биринчи ойи бошланиши билан соҳил бўйлаб юқоридан илиқ шамол эса бошлайди-да, бир ҳафтага қолдирмай нафаси теккан ўт-ўлан, дов-дарахтлар куртагини бўрттириб юборади. Қайнарсойдаги толларнинг новдадарида қоврилган хандон пистасидай мунчоқ-мунчоқ шодалар пайдо бўлади. Қиш совуғидан қорайиб кетган наъматак шохларига сув югуриб бўйга етган қизларнинг бармоғидай мулойим ва киши диққатини тортувчи бўлиб қолади. Мижози енгилроқ бодомлар ҳаммадан авват гулга бурканиб, ўз кўркини намойиш қилишга тушади.
Мана шу паллалар Боғистонда бўлсангиз борми, табиатнинг уддабуролиги-ю, моҳирона санъатига қойил қолмай иложингиз йўқ.
Айниқса апрель охирлаб, тоғу тошлар ям-яшил либосга бурканиб, қирмизи лолалар қуёш нурида биллур қадаҳдай товланганида бу ернинг файзи жуда бўлакча бўлади.
Илгари шаҳарликлар бу томонларга кам келишарди. Йўл кенгайтирилиб, автобус қатнай бошлаганидан бери уларнинг кети узилмай колди. Айниқса «лола сайли» ишқибозлари жуда кўпайиб кетди. Шанба, якшанба кунлари қишлоқ ва унинг сўлим қир этаклари гавжум бўлади: кимдир мусиқа чалади, кимдир ширасиз овози билан ашула айтади, яна биров ҳали совуқ шашти кесилмаган дарё сувида чўмилади.
Бугун жума куни бўлганиданми, боя Айиқтепада ўтирганларни ҳисобга олмаганда, қишлоқда сайрчи йўқ эди ҳисоб…
Улар довон ошиб анча ичкарилаб кетишган, табиат шавқига берилиб вақт кечга яқинлашиб қолганини сезишмаганди. Изни йўқотиб қўймаслик учун шошиб-пишиб орқага қайтдилар.
— Радиога ҳам ишониш керак! — деди йигит тажанг овозда бир дастадан лола қўлтиқлаб олган жувон билан қизчани шагал қияликдан пастга тушираркан, — тоғли ҳудудларда жала қуяди деганди. Шу сайрга эртага чиқсак ҳам бўларди-я!
— Унда оғайнингиз Азимжоннинг тўйичи!? — ҳозиржавоблик қилди жувон.
— Дарвоқе — Рустам пешонасини тириштириб кафти билан ёмғир томчилар қуйилиб турган юзини сидириб қўйди, — эрталабдан эшиги олдида қўл қовуштириб турмасанг бўлмайди, ошна-оғайничилик.
Аёл қўлидага шамсияни қизча бошига яқинроқ тутиб шивалаб турган ёмғирдан уни ҳимоя қиларкан, эрининг гапига қўшимча қилди:
— Шу оғайнингиз ғалати-да, аёллардай гиначи! Ўтган йили командировкада бўлиб ўғилчасининг туғилган кунида қатнашолмаганингизни ҳали-ҳали таъна қилиб гапиради… Энди тўйни ҳам роса катта қилса керак!
— Қилади-да, магазин мудири… Умуман мана шунақа нарсалар жонга тегди. Отпуска олгандан бери бирон кун уйда тинчгина ўтирмабмиз-а! Ҳар куни биттадан ташвиш.
— Шунинг учун ҳам сизга айтдим-да, бирон ёққа кетайлик, деб.
— Мана, бир кунга бўлса ҳам келдик-ку. Энди уйга етиб олсак, у ёғини бир ўйлашиб кўрамиз. Отпусканинг ҳам ярми кетди ҳисоб.
Ёмғир бир меъёрда эзғилаб ёғиб турар, улар кир бағридаги илон изи, майин шағалли сўқмоқдан келишарди.
Ниҳоят қишлок чеккасидаги автобус бурилиб тўхтайдиган кенг яланглик-бекатга етиб келишди. Бу ер бўм-бўш, ҳатто биронта одам ҳам йўқ эди.
Йигит соатига қаради. «Вақт яқинлашиб қопти» деб қўйди ичида. Эрталаб ҳайдовчи, бемалол дам олаверинглар, соат олтида сўнгги рейс бўлади, ўшанда ўзим олиб кетаман, деганди.
Машина келавермади. Ёмғир авжга миниб, баданни жунжиктирадиган совуқ шабада эса бошлади. Бекат қишлоқнинг анча юқори қисмида, яйдоқ тепаликка жойлашган, атрофда бирон пана жой йўқ эди. Фақат бир ёни майдонга келиб туташган пастлиқдаги томорқанинг нариги этагада қалин дарахтлар ичига кўмилган ҳовли кўзга ташланар, гарчи хали ғира-шира тушишга анча вақт бор бўлса ҳам, у ердаги айвон шипида чарақлаб ёниб турган электр чироғи негадир одамнинг диққатини ўзига тортарди.
Рустам бундоқ ёнига ўгирилиб, қунишганича ўша ёққа қараб турган қизига, сўнгра хотинига кўзи тушди. Назарида боласи совқотаётгандай туюлди.
— Юринглар, сизларни ўша хонадонга ташлаб келаман. Автобус келгунча айвонида ўтириб турасизлар! — деди-да, қизини бағрига босиб, четан девор бўйлаб кета бошлади…
Ғуломжон Унгур этагидаги янги токзорда ишлаётган колхозчиларга қозон-товоқ, чой қайнатадиган бак яна ҳар-хил ашқол-дашқоллар олиб кетаётган эди. Айиқтепа ёнбағрида учта сайрчига кўзи тушди. Бир эркак билан аёл ёш қизчани ўртага олиб, лолаларга кўмилиб ўтиришарди. Қизалоқ қўлини осмонга силкитиб нималардир деди, аммо йигит тракторнинг шовқинида ҳеч нарса эшитмади…
Пешинга борганда ҳаво тўсатдан ўзгарди. Чарақлаб турган қуёш нурлари кўздан қочди. Олис тоғ чўққилари оша бостириб келган қоп-қора булутлар кўк юзига парда ташлади. Сўнгра жала бошланди.
Ғуломжон минг азоб билан тор, қиялама йўллардан ўтиб қишлоққа кириб келганида атрофга қоронғилик оралаб қолганди. Ҳовли этагидаги олмазор ёқалаб оқувчи Пском қутуриб пишқирар, тўлқинлари кўкка сапчирди.
У тракторни катта ёнғоққа тираб тўхтатди, кабинадан сакраб тушаркан, дарё томонга кўз ташлади-да, кўпдан буён бунақа ёғингарчилик бўлмаганди, деган фикр кечди хаёлидан.
Кеч тушган сари хавотири ошиб бораётган Хосиятхон эри келганлигини билиб, бир оз тинчланди. Қозон остидан оловни тортиб, ташқари айвон юзига чиқди:
— Келдингизми, ҳорманг!
Ғуломжон хотини юзидаги сипо-осойишталикдан ҳайрон бўлди:
— Йўлда Исматни кўрдим, бувимиз яна оғирлашиб қоптилар. Нега бормай, бу ерда юрибсан?
— Эшитдим. Уйда меҳмонлар бор, ташлаб кетолмадим.
Буви — Хосиятхоннинг онаси. Куздан буён қаттиқ бетоб бўлиб, бир оёқ-қўли ишламай ётар, айниқса кейинги ой давомида аҳволи хийла танглашиб қолганди.
Ғуломжон хотинига, овқатингни суз-да, кейин у ҳовлига бор, деб меҳмонлар ўтирган хонага йўналди.
«Салом амаки!» Даҳлиздан кираверишдаги эшик қанотига суяниб турган жажжигина мехмоннинг қўнғироқдай овози йигит диққатини ўзига қаратди.
— Ваалейкум ассалом! Ақлли, яхши қиз экансан.
Тўрда ўтирган барваста йигит билан хушрўйгина жувон ўринларидан туриб Ғуломжонга пешвоз чиқишди.
— Уйингизга меҳмон бўлиб келдик, — деди аёл мезбонга яқинроқ турганиданми, биринчи гап бошлаб.
— Жуда яхши-да, кеннойи, одам бор жойга одам келади. Қалай зерикмасдан ўтирибсизларми? — Ғуломжон эркак томон ўгирилди.
— Бу ерни ўзимизники қилиб олдик. Телевизор кўряпмиз. Дастурхон тўкин. Қани аввал танишиб қўяйлик брат. Менинг отим Рустам.
Ғуломжон Рустамнинг қўлини оларкан ўзини танитди.
Ҳаммалари ўтиришди. Орага бироз нокулай жимлик чўкиб, уни аёл бузди:
— Боя эрталаб трактор ҳайдаб кетаётган сизмидингиз?
— Ҳа, мен эдим, сизларга кўзим тушганди, — мезбон йигит томон ўгирилди. — Хуш кўрдик, ака!
— Раҳмат-раҳмат.
— Бир айланиб келайлик дебсизларда.
— Ҳа, лола сайли қилиб чиққандик, қайтиб кетолмай денг, мана шундай сизларга кутилмаган меҳмон бўлиб қолдик!
— Меҳмон мана шуниси билан қизиқда!
— Автобус денг, бу томонга ўтолмабди. Сув осма кўприкка тегай деб оқаётганмиш. Бу, сизларда ҳар доим шунақа тошқин бўлиб турадими?
— Анчадан бери мунақа ёғмаганди.
— Ишқилиб эртага автобус келсин-да. Яна қолиб кетмайлик. Бир нозик оғайнимизни юруғи бор эди…
— Кўнглингиз тўқ бўлаверсин, эрталаб автобус албатта келади. Сув ҳадемай пасаяди. Бу ернинг шароити шу, ҳар канча жала ёғса ҳам икки-уч соатдан кейин ҳеч нарса бўлмагандай тураверади.
Хосиятхон тўлатиб ош босилган лаган кўтариб кириб, дастурхонга қўйди. Чой келтирди. Шундан кейин бошқа кўринмади…
Меҳмонлар биринчи келадиган автобусга илиниш мақсадида барвақтроқ туришмоқчи эди. Аммо тоғ ҳавоси элитдими ёки чарчашган эканми, алламаҳалгача бош кўтармай ухлашди.
Рустам кўзини очганда уй ичи ёришиб кетган, дераза кўзларидан ловуллаб қуёш нури ёғилиб турарди. У шошиб, хотинини уйғотди ва тез кийина бошлади.
Ташқарига чиқиб осмонга кўз тикди-да, ҳайратдан ёқа ушлади. Ғуломжоннинг кечаги гапида жон бор эди. Ярим кечгача қуйиб чиққан шаррос ёмғир, осмонни қоплаб ётган паға-паға булутлардан энди ном-нишон йўк; тип-тиниқ кўк юзидан терак бўйи кўтарилиб қолган қуёш ҳаммаеққа ўз селини ёғдириб турарди. Рустам хузур қилиб керишди, кейин ўпкасини тўлдириб нафас олди.
Шу пайт сўриток остига ўрнатилган сўрига кўзи тушди. Унга тўкин дастурхон тўшалган бўлиб, хонтахта атрофига кўрпачалар солинганди.
Бирдан меҳмоннинг эсига уй эгалари тушди. У ёқ-бу ёққа қараб уларни излаган бўлди. Шу пайт яланглик четидаги ошхонадан бир кампир чиқиб келди-да:
— Яхши ухлаб турдингларми болам! — дея ҳол-аҳвол сўраган бўлди. Кейин йигитдан бирон садо чиқингаи кутмаёқ. — Бемалол ўтириб чой ичинглар, овқат ҳам тайёр. Уй эгалари йўқ экан деб тортинманглар. Мен ҳам шу ҳовлининг эгаси, садағанг кетайлар! — деди.
— Хола, Ғуломжонлар ишга кетган чоғи. Кампир бир оз тутилиб:
— Ҳа… шунақа ўғлим, — деди.
— Бизларам азонда турмоқчи эдигу, ухлаб қопмиз, холажон.
— Ҳечқиси йўқ, дам олишга чиққансизлар, болам! — кампир дастурхонга янги дамланган чой келтириб кўяркан меҳмоннинг кўнглини кўтарган бўлди.
Томорқа этагидаги майдонда шаҳарга қатнайдиган иккинчи рейс автобус келиб тўхтади. Меҳмонлар апил-тапил чой ичиб, энди кетмасак бўлмайди, деб туриб олишди. Кампир қўярда-қўймай, эрталабки насибани ташлаб кетманглар, деб гурунчи тирикроқ бўлса ҳам маставани сузди.
Рустам қўшни кампир орқали уй эгаларига кўпдан-кўп раҳмат айтаркан, ёнидан блокнот чиқариб нималардир ёзди:
— Ғуломжонга бериб қўйинг. Бизнинг адресимиз шу! Шаҳарга тушганда албатта кирсин.
Тепаликдаги бекатдан қизғиш ёнбоши кўриниб турган автобус кетма-кет сигнал берди.
Меҳмонлар унга аранг илинишди.
Машина қишлоқдан чиқай деганда тезлигини пасайтирди-да, кутилмаганда асфальт йўл қиясига чиқиб тўхтади. Шофёр йигит кабинадан пастга тушди. Кейин салонда ўтирган бошқалар ҳам унга эргашиб туша бошлашди.
Рустам аввал нима гаплигини билмай, у ёқ-бу ёққа аланглади-да, нарироқ қир ёнбағридаги сўкмоқдан юқорилаб келаётган эллик-олтмиш чоғли одам тўпига, сўнгра улар ўртасидаги лапанглаб бораётган қизил духоба ёпилган тобутга кўзи тушди. Ёнида ўтирган хотинининг аста тиззасига туртиб, «сизам туринг» деган ишораси уни сергаклантирди.
Автобусда беш-олти хотин-халаждан бошқа ҳеч ким қолмади.
Машинадан тушганлар тез-тез юриб, марҳумни олиб кетаётган одамлар тўпига қўшилишди-да, тобутни елкама-елка кўтариб анча наригача боришди.
Рустам ҳам икки-уч бор тобут дастаги остига елкасини олиб борди…
Бир пайт мош гурунч соқолли кекса одам Рустамга яқинроқ келиб қулоғига шипшигандай деди:
— Бўлар, ўғлим. Отангизга раҳмат, энди қайтайлик, жойи жаннатда бўлсин! — у юзига фотиҳа тортди.
Машинадан тушган кишиларнинг айримлари катта йўл бўйига аллақачон етиб олишган, баъзилари имиллаб ҳозиргина юрган сўқмоқдан орқага қайти-шарди.
— Раҳматли ажойиб аёл эди! — деб қўйди кутилмаганда ҳалиги қария бошини ҳам қилганича Рустам билан ёнма-ён бораркан. — Эри урушга кетиб қайтмади. Бояқиш ёлғиз қизи билан қолган, Бошқа турмуш қурмай бутун умрйни шу қизга бағишлаган. Уни вояга етказди, турмушга берди — бир фарзанди иккита бўлди. Уларнинг ёнига набиралар қўшилди… Энди армонсиз яшаса бўладиган бир пайтда, қаранг-а, ўлим чангал солганини. Ўзи дунё шунақами, дейман, доим бири кам. Ғуломжон ҳам етимликда ўсган, ота-онаси ўрнини шу аёл босиб турарди.
Рустам бошини кескин кўтариб ҳамсуҳбатига қаради:
— Қайси Ғуломжон?
— Дарвоқе, сиз уни танимайсиз. Шу ерлик шофёр йигит. Шундоқ автобус қайрилиб тўхтайдиган майдоннинг пастидаги ҳовли ўшаники.
— Мен танийман у йигитни. Жуда яхши танийман. Наҳот марҳума унинг…
— Ҳа, марҳума унинг қайнонаси эди. Худо раҳмат килсин!
Рустам миқ этмади. Эрталаб юраги сезгандай бўлганди. Унинг хаёлидан йилт этиб «Эрта-индин вақт топиб, кўнгил сўраб келиб кетарман», деган фикр ўтди.
Ҳамма ўз ўрнига жойлашиб бўлганди. Рустам ҳам хотини ёнига чўкиб, қизини тиззасига олди. Автобус ўрнидан кўзғалиб, ғизиллаганича юриб кетди. Аммо кўп ўтмай Пском дарёсига курилган катта кўприкдан берироқда тўхтади. Унинг олд эшиги очилиб бир йигит тушиб қолди.
Бу Рустам эди.