Жиззах вилояти Зомин туманида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида “Ёшлар ва экотуризм” форуми бўлиб ўтди. Форумда республикамизда фаолият олиб бораётган ўрмон ва ов хўжаликларида меҳнат қилатган ёшлар, экофаоллар ва журналистлар иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросими бошланишидан олдин Зомин болалар оромгоҳидан Жиззах шаҳри томон йўналаётган Мўйноқ веломарафони қатнашчилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Низомиддин Бакиров форум очилишида ёшларга мурожаат қилиб, экотуризмни ривожлантириш, ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ерларини имтиёзли ижарага олиш, тез ўсувчи дарахтлар (павловния, терак), ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ), доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиб, даромад қилиш ҳақида маслаҳат берди.
Шу куни Зомин миллий табиат боғи ҳудудидаги ярим гектар ҳудудда Янги Зомин ёшлар боғи ташкил этилди. Тоғ ён бағрида жойлашган ушбу боғга жами 50 туп қарағай, чинор ва каштан дарахтлари экилди.
Форум доирасида ўрмон маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда миллий табиат боғлари ва ов хўжаликлари бошқармаси тизим ташкилотлари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Ёшлар ўртасида шахмат, шашка, мини футбол, стол тенниси ва волейбол мусобақалари ўтказилди.
Форумнинг иккинчи кунида тадбир иштирокчилари ва журналистлар учун Зомин миллий табиат боғига пресс тур ташкил этилди. Супа, Шербулоқ, Бобоёнғоқ, Санатория, Шаршара, Ўриклисой, Бобоёнғоқ экотуристик маршрутларига сайр уюштирилди.