Бир томондан, мухторият азалий рақиби Исроил билан ўз тарихий ҳудудлари учун курашмоқда. Иккинчи томондан, мамлакатнинг ичида мухторият раиси Маҳмуд Аббос етакчилигидаги ФАТХ ва Исмоил Хония раҳбарлигидаги ХАМАС ҳаракатлари ўртасидаги ҳокимият учун кураш қуролли тўқнашув даражасига етган.
Фуқаролар уруши остонасига келиб қолган жафокаш мамлакат учун бундай шароитда сулҳпарвар раҳбар жуда ҳам зарур. Кўплаб таҳлилчилар асли адабиёт профессори бўлган бош вазир Исмоил Хониянинг зиёли ҳукумат раҳбари сифатида мавжуд ихтилофни бартараф этишига умид билдиришган.
Исмоил Абдулсалом Аҳмад Хония 1962 йили Ғазо секторидаги қочоқлар лагерьида дунёга келди. Келгусида Фаластин ҳукумати раҳбари бўлажак йигитчанинг болалик даври ғоят қайғули ва суронли даврларга тўғри келди. Исмоил Хония ҳам илк ватани бўлиб қолган масканда яқинларидан айрилди. Ғам-қайғу, қийинчилик ва уқубатлар болакайни жуда эрта вояга етказди.
Тенгдош дўстлари болаликданоқ қўлга қурол олиб, озодлик курашига ҳозирлик кўра бошлаган пайтда Исмоил Хония илм йўлидан боришга аҳд қилди. Ўрта мактабни тамомлагач, бўлажак етакчи Ғазодаги ягона олийгоҳ Ислом университетининг адабиёт факультетига ўқишга кирди. Дорилфунундаги таҳсил даврида у илм қилиш баробарида сиёсий ҳаракатларда ҳам иштирок эта бошлади. Ўша пайтларда мустақил Фаластин давлати тарафдори бўлган ХАМАС ҳаракати эндигина ташкил этилган ва кенгайиб бораётган эди. Хония ҳам ана шу ҳаракатнинг сиёсий қанотига қўшилди.
Исроил ХАМАС ташкил топганидан то шу кунгача яҳудий давлатига ўзини душман деб эълон қилган ҳаракатга қарши аёвсиз курашиб келмоқда. Ана шу кураш тўлқини ХАМАС сафига кирган ёш олимни ҳам ўз гирдобига олди. Эндигина университетни битириб, шу ерда ўқитувчилик қилаётган Хония 1989 йили Исроил махсус кучлари томонидан қамоққа олинди. Уч йиллик маҳбусликдан кейин у Ливан жанубига сургун қилинди. Яна муҳожирлик ва қочоқлик ҳаёти бошланди.
1990-йилларда Исроил билан Фаластин ўртасида келишув битими имзолангандан кейин Хонияга ҳам ватанига қайтишга изн берилди.
Илм ва сиёсатни биргаликда олиб борган ёш етакчи ўзи таълим олган дорулфунун декани лавозимига тайинланди. Орадан кўп ўтмай профессорлик илмий даражасини олди. Шу тариқа Фаластинда зиёли қиёфасидаги сиёсатдон етиша борди.
Сургунлик ва маҳбуслик ҳаёти ҳам Хонияни сиёсий фаолиятдан четлаштиролмади. Эндиликда ХАМАС ҳаракатида фаол ва ошкора иштирок эта бошлаган адабиёт профессори ташкилот раҳнамоси Аҳмад Ёсин назарига тушди. Кўп ўтмай, Абу ал-Обид – Исмоил Хонияга ҳаракат раҳбари ана шундай лақаб берган эди – ХАМАС девонхонасига раҳбар этиб тайинланди.
Сир эмас, ХАМАС Исроил томонидан қўпорувчи ташкилот деб эълон қилинган ва расмий Тел-Авив ҳаракатга қарши аёвсиз қуролли кураш олиб бормоқда. Сабаби аён: ХАМАС ҳаракати ташкил этилган илк даврларданоқ яҳудий давлати жаҳон харитасида мавжуд бўлишига тиш-тирноғи билан қарши эканини эълон қилган. Умуман, ҳаракат етакчилари ҳар доим ҳам Исроилга қарши кескин чиқишлари билан эътиборда бўлиб келган. Бироқ қизиқ жиҳати, Аҳмад Ёсиннинг ишонган одамларидан бўлган Исмоил Хония бирор марта ҳам Исроилга қарши очиқ-ошкора баёнот бермаган. Ўта эҳтиёткор ва сўз санъаткори бўлган сиёсатдон ҳар доим «Фаластин давлатини ташкил этиш», «оккупацияни тўхтатиш» каби қўшнилар жаҳлини чиқармайдиган умумий талаблар билан чекланган. Балки шу боисдир, Исмоил Хония ҳар дақиқа ХАМАС етакчиларини маҳв этишга тайёр турган Исроил ракеталаридан зарбасидан омон қолди. 2004 йили ХАМАСнинг асосчиси ва раҳнамоси Аҳмад Ёсин Исроил ракетаси зарбасидан ҳалок бўлди. Орадан бир неча ой ўтгач, ташкилотнинг янги раҳбари Абдулазиз Рантисий ҳам маҳв этилди. «Фақир киши панада» қабилида узоқни кўзлаб иш тутган Хония эса ҳар доим зийрак ва синчков Исроил жосуслари назаридан четда қолаверди.
2006 йил Исмоил Хония ва ХАМАС ҳаракати учун катта ўзгариш ҳамда ғалабалар даври бўлди. Йил бошида мухторият қонун чиқарувчи идораси – парламент учун ўтган сайловда кутилмаганда ХАМАС ҳаракати ғалабага эришди. Ҳукуматни Ёсир Арофатнинг узоқ йиллик бошқарув давридан буён идора қилиб келаётган ФАТХ ҳаракати илк бор мағлубиятга учради. Парламентда асосий ўринни эгаллаган партия сифатида ХАМАС ҳукумат таркибини ҳам шакллантирди. Ҳаракат аъзолари бир овоздан бош вазир лавозимига «олтин ўрталиқ» сиёсатчиси бўлган Исмоил Хонияни кўрсатишди.
Тўғриси, қўпорувчи ташкилотлар рўйхатига мустаҳкам бириктирилган ХАМАС ҳаракатининг қонуний сайловда ғалабага эришгани дунёнинг етакчи давлатларини бироз саросимага солиб қўяёзди. Пировардида, АҚШ ва Европа давлатлари эски хулосада қолди: Исмоил Хония маъмурияти қўпорувчи ҳукумат деб эътироф этилди ва Фаластинга берилаётган молиявий ёрдам ҳам тўхтатилди.
Фаластин халқаро ҳамжамият томонидан яккалаб қўйилганидан кейин мухториятда янгидан миллий бирлик ҳукумати тузилди. Пировардида, ХАМАС ва ФАТХ ҳаракати аъзолари ҳамда партиясиз арбоблардан ташкил топган миллий ҳукуматига ҳам Исмоил Хония раҳбар сифатида танланди.
Абу ал-Обид лақабини ўз устозига эҳтиром рамзи сифатида ҳамон сақлаб келаётган бош вазир асли Фаластиннинг янги авлод сиёсатдонлари гуруҳига киради. Исмоил Хония шу боис ҳукуматни шакллантиришда ҳам Ёсир Арофат давридан қолган «эски гвардия» вакилларини имкон қадар четлатиш ва янги авлод етакчиларини танлашга эътибор қаратди. Бир неча ўн йиллардан буён мухториятнинг раҳбар лавозимларини эгаллаб турган кекса арбобларнинг ҳокимиятдан четлаштирилиши эса уларни янги бош вазирнинг душманларига айлантирди.
Ҳозирги кунда Исмоил Хония ғоят мураккаб вазиятга тушиб қолган. Бир томондан, мухторият раиси Маҳмуд Аббос билан ўртадаги келишмовчиликларни бартараф этиш зарур бўлса, иккинчи томондан, халқаро ҳамжамиятни у тузган ҳукумат жангарилар ҳокимияти эмаслигига ишонтириш ва донор давлатларнинг Фаластинга кўрсатаётган молиявий ёрдамларини тиклаш талаб этилади. Боз устига, усиз бир қадам ҳам олға силжиш имконсиз бўлган Исроил билан расмий музокараларни қайта бошлаш лозим.
Фаластин мухторияти бош вазири Исмоил Хония сиёсий давраларда ўта эҳтиёткор, бирор қарор қабул қилишда етти ўлчаб бир кесадиган, узоқни кўзлаб иш тутадиган арбоб сифатида танилган. Очиғи, ярим асрдан буён тинчлик ва осойишта ҳаёт ушалмас орзу бўлиб қолаётган фаластинликлар учун ҳозирги шароитда ҳукумат бошлиғи лавозимида Исмоил Хония каби муросасоз раҳбарнинг бўлгани – айни муддао. Сабаби, бугунги кунда Фаластинда иккита фронт юзага келган.
Собиржон ЁҚУБОВ, www.hurriyat.uz