Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири, буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланади. Бу борада Ўзбекистон Президентининг қарор қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатда юбилей доирасида мамлакатимиздаги Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни таъмирлаш, шоир меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, санъат асарлари ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли даражада сақлаш учун зарур шароит яратиш, хорижда сақланаётган ноёб қўлёзмалар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тадқиқ қилиш вазифалари белгиланган.
Қайд этилишича, ўзбек, рус ва инглиз тилларида “Бобур энциклопедияси”нинг тўлдирилган учинчи нашри яратилади, “Бобур” китоб-альбоми, Бобур асарлари луғати, шоир девонининг мукаммал нашри чоп этилади. “Бобурнома” асарининг замонавий ўзбек ва қорақалпоқ тилларига табдили яратилади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483–1530) қолдирган бебаҳо илмий-ижодий мерос нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.