Тез орада Тошкентда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ишга тушади. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
ЎзА хабарига кўра, Тошкент шаҳрининг “Ҳазрати Имом” мажмуаси (Ҳастимом) ёнида қад ростлаётган марказ 9 гектар майдонни эгалламоқда. Унинг таркибида юртимиздаги ислом оламига оид қимматли манбаларни жамлаган музей ҳам ташкил этилади. Хусусан, машҳур “Катта Лангар Қуръони” ва дунё цивилизацияси тарихидаги энг нодир манба ҳисобланган “Усмон Мусҳафи” ҳам музейдан ўрин олади.
Марказ раҳбари Шоазим Миноваровга кўра, музей қурилиши 2022 йилнинг тўртинчи чорагида якунланади.
Маълум қилинишича, қурилиш давомида 20 та турли даражадаги ташрифлар амалга оширилиб, хорижий делегациялар, шунингдек, ЮНEСКО, АЙСEСКО, ИРСИКА каби халқаро ташкилотлар вакиллари билан бевосита қурилиш майдонида учрашувлар ўтказилган, бинонинг лойиҳаси, ички ва ташқи дизайни, музей экспозициялари мазмуни бўйича таклифлар олинган.