Бутун дунёни ҳарбсиз эгаллаган АҚШ доллари тақдири Хитойга боғлиқ дейилса, ғалати туюлиши, бу гапга кўпчилик ишонмаслиги ҳам мумкин. Лекин қанчалик ажабтовур бўлмасин, бу гапда маълум маънода жон бор. Айни пайтда Хитой ғазнасида оз эмас, 1,3 триллион доллар миқдорида валюта захираси сақланади. Агар ушбу улкан маблағ бирданига бозорга чиқарилса борми, пул массаси кескин ортиши туфайли доллар қадри тушиб кетиши мумкин…
Хитой ҳукумати ўз ғазнасидаги ана шу катта захирадан АҚШ билан музокаралардаги позициясини мустаҳкамлаш йўлида фойдаланишга қарор қилган кўринади. Яқинда расмий Пекин АҚШ миллий валюта — Хитой юани қадрини оширишни талаб қилиб босим ўтказишда давом этса, ихтиёридаги катта миқдорда долларни бозорга чиқариши ҳақида огоҳлантирган. Ҳозиржавоб Хитой матбуоти бу ҳолатни ядро қуроли қўллаш билан қиёслаган.
АҚШ ҳукумати Хитой раҳбариятидан тобора қадрини йўқотаётган юан курсини оширишни кўпдан бери талаб қилиб келади. Лекин бошқа сиёсий шартлар каби мазкур талабга ҳам Пекин расмийлари кўпда рўйхушлик беришавермайди.
Хитой томонининг Вашингтон талабига эътибор бермаётганини икки жиҳат билан изоҳлаш мумкин. Биринчи жиҳат мамлакат ташқи сиёсати билан боғлиқ. Дунё майдонида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб келаётган Хитой бошқа мамлакатларнинг, хусусан, геосиёсатдаги рақобатчи давлатларнинг талабларини кўпинча эътиборсизлик билан қолдиради. Ҳукумат кўпинча сиёсий характерга эга талабларнинг тан олинишини хатоларни эътироф этиш билан баробар деб билади.
Иккинчи жиҳат соф иқтисодий манфаатга дахлдор. Хитой ҳукуматининг миллий валюта — юан қадрини паст ҳолда сақлашга уринаётгани ва курсни кўтариш ҳақида сўровларни рад этаётганини бундан мамлакат иқтисоди катта фойда олаётгани билан изоҳлаш мумкин. Масалан, ўтган икки йил давомида юан қадри бор-йўғи 9 фоизга ўсди. Хитой валютаси курсининг долларга нисбатан паст юриши эса миллий ишлаб чиқарувчиларга қўл келмоқда: улар нисбатан арзон баҳода сотиб олинган хом ашё асосида тан нархи паст ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришяпти. Пировардида, биргина 2006 йилда АҚШнинг Хитойга нисбатан тўлов мувозанати камомади 232,5 миллиард долларга етди. Хитойнинг профицити (фойдаси) эса 177,5 миллиард долларни ташкил этди.
Юан курси ҳозир ҳам пастлигича қоляпти. Бу эса табиий равишда Америка маҳсулотларининг Хитой моллари билан рақобатлашувини янада қийинлаштиряпти. Қўшма Штатлар иқтисодий доираларининг талабларига эса Хитой томони таҳдид билан жавоб қиляпти.
Буюк девор мамлакати ғазнасида сақланаётган 1,3 триллион долларнинг муомалага чиқарилиши пул қадрсизланиши билан бирга яна бир оғир иқтисодий оқибатга олиб келиши мумкин. Гап шундаки, зикр этилган маблағнинг катта қисми — 900 миллиард доллари АҚШ қимматбаҳо қоғозлари, ғазначилик облигациялари билан кафолатланган. Табиийки, уларнинг бир пайтда муомалага чиқарилиши қимматли қоғозлар бозорида устама фоиз нархини кескин оширади. Бу эса Америка ипотека бозорига тузуккина зарба бўлади.
АҚШ доллари қадр-қиммати мамлакат олтини билан мустаҳкамланган. Бу эса доллар курсининг юқори кўрсаткичда сақлаб туриш омили саналади. Тарихда долларнинг олтин билан кафолатланиши миллий иқтисодга салбий таъсир кўрсатган ҳолатлар ҳам кузатилган. Масалан, 1965-1967 йилларда АҚШ франтсузларга доллар эвазига жуда катта миқдорда қимматли металл беришга мажбур бўлган. Айтишларича, ўшанда доллар билан тўлдирилган кемада Америкага келган франтсуз раҳбари Шарл де Голл мамлакатнинг 3 минг тонна олтинини олиб кетган экан.
Ҳозир кемага юк бўладиган даражадаги пулни олтинга айирбошлаш имкони йўқ. Лекин бугунги ҳолат ҳам кўп жиҳатдан ўша 1960-йиллар даврини эслатади. Ҳозир ҳам худди бундан ярим асрча олдин бўлганидек улкан доллар захирасига эга бўлган давлат Қўшма Штатлар иқтисодига дахл қилиб турибди. Давр бошқа, рақобатчи давлат бўлак. Лекин ҳолат ва оқибат бир.
С. Камол, Ҳуррият.уз
П.С. Доллар курсининг тушиши фақатгина Америка миллий иқтисодига таъсир этиб қолмай, бутун дунё бозорида акс-садо бериши турган гап. Негаки, бугун жаҳон иқтисоди кўп жиҳатдан АҚШ доллари билан чамбарчас боғланиб кетган…