Хитой элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорликка юқори баҳо берди

12 февраль куни “Туркистон” саройида Хитой янги йили – Баҳор байрамига бағишланган концерт дастури бўлиб ўтди. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзлаган Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе меҳмонларни шарқона янги йил билан табриклади. Хитой тақвимига кўра, бу гал янги йил 8 февраль санасига тўғри келди.

Дипломат ўз нутқида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка юқори баҳо берди.

Қайд этилишича, ўтган 2015 йил Хитой ва Ўзбекистон учун муҳим ҳодисаларга бой бўлди. Хитойда япон истилочиларига қарши ҳамда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги тантанали нишонланди. Хитой юани Халқаро валюта жамғармаси томонидан махсус тўлов валюталари рўйхатига киритилди. Шунингдек, Хитой олими илк бор Нобель мукофотига сазовор бўлди. Ўзбекистонда эса муҳим сиёсий воқеа – Президент сайлови бўлиб ўтди.

Жорий йил Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида Тошкентда бир қатор тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. 

“Ўтган йили ХХР Раиси Си Цзиньпин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов икки бора учрашди, бир марта телефон орқали мулоқотда бўлди. Шунингдек, ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг учинчи мажлиси ва бизнес форум муваффақиятли ўтказилди. Буюк ипак йўлининг иқтисодий белбоғини яратиш бўйича ҳамкорликдаги ишлар жадал суръатда амалга оширилмоқда. Парламентлараро, партиялараро алоқалар ҳамда маданият ва таълим жабҳасидаги ҳамкорлик янада фаоллашди”, – деди элчи Сунь Лицзе.

Дипломат янги йилда ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида барча чоралар кўрилишига ишонч билдирди.

Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудидан келган Ашула ва рақс ансамбли ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга манзур бўлди. Хитой, уйғур, ўзбек сингари ўндан ошиқ миллат вакилларидан иборат мазкур ансамблга 1949 йилда асос солинган. Ижодий жамоа дунёнинг 90 дан ошиқ давлатида Чин давлатининг камалакдек сержило санъатини намойиш этган.

Собир Салим