Жорий йил 17 сентябрдан Виолен де Вильмор хоним Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида иш бошлади.
Элчихона матбуот хизмати хабарига кўра, де Вильмор хоним Франция ишбилармонлар ҳаракати миссияси (МЕДЕФ Интернасиональ) доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган. Мамлакатимизнинг меҳмондўстлиги ва турли соҳалардаги салоҳияти унда катта таассурот қолдирган.
Қолаверса, дипломат Франция Ташқи ишлар вазирлиги Континентал Европа бошқармаси (бошқарма Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни ҳам мувофиқлаштиради) бошлиғи ўринбосари сифатида фаолият юритган. Демак, у бу жиҳатдан ҳам Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон билан яқиндан таниш.
Янги элчи Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсат, саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, маданият, лингвистика, таълим, техника ва технология соҳаларидаги робитани янада кучайтиришга эътибор қаратади.
Ўзбекистон томонига ишонч ёрлиғи топширгунга қадар дипломат ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказишни режалаштирган.
Виолен де Вильмор 1959 йилда туғилган. Париж университети (тарих, иқтисодиёт ва рус тили) ҳамда Лондон бизнес мактабини (менежмент) тамомлаган. 1985 йилдан буён Франция ташқи сиёсат маҳкамаси тизимида фаолият юритиб келмоқда. 2007-2009 йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг бошқарув масалалари, 2009-2013 йилларда эса Ғарбий ва Шимолий Европа ҳамда Болтиқбўйи бўлимларини бошқарган. 2013-2016 йилларда Континентал Европа бошқармаси (Шарқий Европа, Болқон, Кавказ ва Марказий Осиё) бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Виолен де Вильмор Франциянинг “Хизматлари учун” миллий ордени билан мукофотланган.
Эслатиб ўтамиз, Франциянинг Ўзбекистондаги аввалги элчиси Жак-Анри Эльс жорий йил августда ўз дипломатик фаолиятини якунлади.