Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 13 январдаги фармонига мувофиқ, Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бир гуруҳ ходимлари ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. 14 январь куни ушбу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар беради.
Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев барча ҳарбий хизматчиларни ва соҳа фахрийларини мазкур шонли сана билан табриклади.
Сўнгги йилларда мудофаа тизимининг жанговар салоҳиятини ошириш бўйича жуда катта ишлар қилинди. Ҳарбий бошқарув тизими деярли янгидан барпо этилди. Ҳарбий-маъмурий секторлар тузилди. Қўшин турлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича таъсирчан механизмлар йўлга қўйилди. Энг мураккаб вазифаларни ҳам тезкорлик билан бажаришга қодир бўлган бўлинмалар ташкил этилди. Қўшинларнинг жанговар ва руҳий тайёргарлик даражаси ошди.
Маросимда унвон тўғрисидаги гувоҳномалар, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.