Боку Бутунжаҳон ахборот агентликлари конгрессига мезбонлик қилди

16 ноябрь куни Озарбойжон пойтахти Бокуда V Бутунжаҳон ахборот агентликлари конгресси, Осиё ва Тинч океани мамлакатлари ахборот агентликлари ташкилотининг (ОАNА) XVI Бош ассамблеяси тантанали тарзда очилди. АЗЕРТАДЖ агентлиги хабарига кўра, Ҳайдар Алиев номидаги марказда ўтган маросимда Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев қатнашди ва маъруза қилди.

“Глобал миқёсдаги муҳим тадбирни ўтказаётганимиздан фахрланамиз. Бу тадбирни мамлакатимиз ютуқларининг эътирофи ўлароқ қабул қиламиз”, – деди Илҳом Алиев.

Қайд этилишича, Озарбойжон халқаро майдонда катта обрўга эга саналади. Бир неча йил аввал 155 мамлакатнинг қўллови билан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига сайлангани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Илҳом Алиев Озарбойжон ҳам Ислом ҳамкорлиги ташкилоти, ҳам Европа Кенгаши аъзоси эканини таъкидлади. Мамлакатда мультикультурализм анъаналари шаклланиб, турли халқ ва миллатлар тотув яшаётгани халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.

Тантанали очилиш маросимида ЮНЕСКО бош директори Ирина Бокованинг қатнашчиларга видеомурожаати намойиш этилди. Мазкур нуфузли ташкилот бош директори ўринбосари Гетачуи Энгида эса иштирокчиларни шахсан қутлади.

Шу тариқа Боку уч кун давомида нуфузли анжуманга мезбонлик қилди. V Бутунжаҳон ахборот агентликлари конгресси, Осиё ва Тинч океани мамлакатлари ахборот агентликлари ташкилотининг (ОАNА) XVI Бош ассамблеяси ҳамда МДҲ давлат ахборот агентликлари раҳбарлари кенгашида 80 мамлакатнинг 190 ахборот агентлиги бошлиқлари ва вакиллари қатнашди.

Конгресс доирасидаги сессияларда Бутунжаҳон конгресси, шунингдек, OANA, EANA, FANA каби халқаро уюшмалари президентлари, Associated Press, Reuters, Sinxua, Anadolu, TASS, France Press, Press Association, EFE, Yonhap, Kyodo, TT, SPA, BTA, AAP, İRNA, DPA, Notimex, ATPE каби нуфузли ахборот агентликлари раҳбарлари маъруза қилди.

Тадбир якунида АЗЕРТАДЖ агентлиги Конгресс раислигига сайланди. Демак, 2016-2019 йилларда мазкур халқаро тузилмага Озарбойжон ахборот агентлиги етакчилик қилади.

Осиё ва Тинч океани мамлакатлари ахборот агентликлари ташкилоти 1961 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан минтақа ахборот агентликлари ўртасида ахборот алмашувига кўмак бериш мақсадида ташкил этилган. Халқаро тузилма 35 мамлакатнинг 43 ахборот агентлигини бирлаштиради.

Дарвоқе, 17 ноябрь куни Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев V Бутунжаҳон ахборот агентликлари конгресси вакилларини қабул қилди. Конгресс президенти, Cаудия Арабистонининг SPA ахборот агентлиги раҳбари  Абдуллоҳ бин Фаҳд Ал-Ҳусайн нуфузли тадбир юқори савияда ўтказилганини қайд этиб, бунинг учун Озарбойжон раҳбарига ташаккур билдирди.