Ўзбекистонда тўртинчи бор Европа ҳаракатланиш ҳафталиги ўтказилмоқда

16-22 сентябрь кунлари Ўзбекистонда Европа ҳаракатланиш ҳафталиги (European Mobility Week) ўтказилади. Европа Иттифоқи 2002 йилдан буён ташкил этиб келаётган йирик акция мамлакатимизда тўртинчи бор уюштирилмоқда.

ЕИ делегацияси Ўзбекистон транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳри ҳокимияти ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказаётган йирик тадбир соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, шаҳар атроф-муҳитини яхшилашга хизмат қилади. Ҳафталик доирасида югуриш, велосипедда ҳаракатланиш, плоггинг, автомобилсиз кун каби тадбирлар ўтказилади.

ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ҳафталик доирасида велосипедда ҳаракатланишни тарғиб этиб, бу борада шахсий намуна кўрсатди.

Европа ҳаракатланиш ҳафталиги ЕИ томонидан Халқаро жамоат транспорти иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этиб келинади. Ҳафталикдан кўзланган мақсад ҳам инсонлар саломатлигини сақлаш, ҳам атроф-муҳит тозалигини муҳофаза этишдан иборат. Пиёда, велосипедда ёки жамоат транспортида ҳаракатланишни кенг тарғиб этиш орқали транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газлар миқдорини камайтириш, экологияни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда энергия манбаларини тежаш кўзда тутилган.

ЕИ делегацияси матбуот хизмати томонидан ушбу муҳим тадбир муносабати билан чоп этилган роликда тоза, экологик мусаффо ва замонавий шаҳарлар инсоният ҳаёти учун муҳим экани таъкидланади.

Европа ҳаракатланиш ҳафталиги йил сайин кенгайиб бораётган глобал ҳаракатга айланмоқда. Жорий йил дунёнинг 47 давлатидаги 2738 та шаҳарда (рақамлар ошиши мумкин) ушбу ҳафталик ўтказилмоқда.

Ўзбекистон 2019 йилда Марказий Осиёда биринчи бўлиб Европа ҳаракатланиш ҳафталигига қўшилган. 22 сентябрь куни республика бўйича “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинган.

“Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорида барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳокимлар ва ўринбосарларига шахсий намуна тамойили асосида ҳафтада камида бир марта автомобиллардан фойдаланмаган ҳолда ишга келиши ва кетиш тавсия этилган.