Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида жорий йил 15 сентябрь куни мамлакатда илк бор “Falling Walls Lab” танлови ўтказилди.
13 нафар иштирокчи техник фанлар, атроф-муҳит ҳимояси, таълим ва малака ошириш йўналишларидан тортиб тиббиёт соҳасигача бўлган мавзуларда қисқа тақдимот ўтказди. Танлов форматига кўра, ҳар бир иштирокчи уч дақиқа давомида матн, аудио ва видео тақдимотлар қилди ҳамда мавзу бўйича саволларга жавоб беради.
Германия элчихонаси матбуот хизматига кўра, Тошкентда тақдим этилган ғоялар жуда қизиқарли, илҳомлантирувчи ва инноватив характерга эга бўлди. Тақдимотларни турли соҳа вакилларидан иборат жюри баҳолаб борди. Танлов ҳайъатига Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Муваққат ишлар вакили Мелани Молтманн хоним раислик қилди.
100 га яқин меҳмон кузатиб борган танлов якунида ғолиблик тиббиёт фанлари доктори Расул Содиқовга насиб этди. Тошкент Тиббиёт академияси профессори Р.Содиқов юз жарроҳлиги бўйича халқаро тажрибага эга тиббиёт мутахассиси дея эътироф этилган.
Ҳайъат аъзолари профессор Р.Содиқовнинг шишларга ташхис қўйиш ва уларни даволашда лазер технологиялари имкониятлари ва уларни қўллаш ҳақидаги тақдимотини юксак баҳолади. Ғолиб 2017 йил 8-9 ноябрь кунлари Берлинда ўтказиладиган “Falling Walls Lab” танловининг финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
“Falling Walls Lab” Германия Федератив Республикаси томонидан 2009 йилдан буён бутун дунё бўйлаб ўтказиб келинадиган ва илм-фанни ривожлантиришга қаратилган танлов ҳисобланади. Ушбу танловда илм-фан ва таълим, технология ва инновация, иқтисод ва жамиятшунослик вакиллари қатнашади. Танлов икки босқичдан иборат бўлиб, аввал иштирокчи давлатлар миллий саралаш танловини ўтказади. Миллий саралаш босқичининг ғолиби Германияга таклиф этилади ва мусобақасининг финал босқичида ўз лойиҳасини намойиш этади. Финал босқичи ҳар йили 8-9 ноябрь кунлари Берлинда сиёсат, илм-фан, иқтисод, маданият ва ОАВ соҳалари вакиллари – германиялик ва чет эллик таниқли меҳмонлар иштирокида ўтказилади.