26 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг саккизинчи раунди доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, ҳарбий-техникавий, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатлар ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазирлар, шунингдек, долзарб халқаро масалаларни ҳам муҳокама қилган.
Музокаралар якунида А.Комилов ва М.Човушўғли икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири А.Комилов туркиялик ҳамкасби билан музокаралар якуни юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот берди.
Қайд этилишича, сиёсий маслаҳатлашувларнинг 8-раунди анъанавий Ўзбекистон-Туркия алоқаларига мос равишда очиқ, қизғин, самарали ва юқори савияда ўтган.
“Бўлиб ўтган суҳбат ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда аксарият долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, шунингдек етакчи халқаро ташкилот ва институтлар, биринчи навбатда БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доираларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича позицияларимизнинг ўхшаш ва мувофиқлигини тасдиқлади”, – дейилади баёнотда.
Сиёсий маслаҳатлашувлар якунлари бўйича ўзаро алоқаларнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжаллаган мақсад ва вазифаларини белгилаб берувчи муҳим келишувларга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 16 декабрда тан олган. 1992 йил 4 мартда икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро 90 дан ошиқ ҳужжат, жумладан, Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
Айни вақтда юртимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Тўқимачилик, қурилиш, меҳмонхона бизнеси, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда фаолият юритаётган турк ширкатларида 50 мингга яқин ишчи ўрни яратилган.
Шу мавзудаги мақола:
Мавлут Човушўғли: Хорижда FETÖга тегишли саксонга яқин тузилма ёпилди. 15.12.2016