Жорий йил 28 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель учрашув ўтказди. Мазкур музокара якунида матбуот учун қўшма баёнот эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, самимий ва дўстона руҳда ўтган музокаралар чоғида Шавкат Мирзиёев ва Шарль Мишель кейинги йилларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани ва кенг кўламли тус олганини тасдиқлади.
Томонлар Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни ва ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини олқишлади.
Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлаш ва уларни янада чуқурлаштириш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очадиган, сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик ва инсон капитали йўналишларидаги масалаларнинг кенг доираси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим дастлабки босқичда имзоланганини олқишлади.
Президентлар ушбу муҳим ҳужжат имкон қадар тез фурсатда имзоланиши ва ратификация қилинишига умид билдирди.
Томонлар халқаро ишларда ва икки томонлама муносабатларда БМТ Устави ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф қилинган нормаларига қатъий риоя қилишларини, ҳамкорликни тенг ҳуқуқлилик, ўзаро англашув ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойиллари асосида қўллаб-қувватлашлари ва ривожлантиришларини таъкидладилар.
Евроиттифоқ томони Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлашини, улар барқарор бўлиши ва ортга қайтмаслигига умид билдирди.
Президентлар инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлиги соҳасидаги конструктив мулоқот ва фаол ҳамкорликни юксак баҳолади. Ўзбекистон ва ЕИнинг бу борадаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга бундан буён ҳам кўмаклашишга томонлар қатъий интилади.
Европа кенгаши Президенти Ўзбекистон раҳбариятининг гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар, ёшлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибори ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади ҳамда ЕИ ушбу соҳалардаги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмакни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. ЕИ инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тўлиқ ҳурмат қилиш муҳимлигини қайд этди.
Қўшма баёнотда ҳамкорликни турли йўналишларда ривожлантиришга хайрихоҳлик билдирилган.