Ўзбекистон ва Туркия ўртасида қардошлик ва биродарликка асосланган ҳамкорлик поёнига етаётган 2018 йилда янги босқичга чиқди дейиш мумкин. Йил давомида томонлар турли даражада делегациялар алмашди, сиёсатдан тортиб маданиятга қадар – турли соҳаларда битим ва меморандумлар имзоланди. Қолаверса, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) мамлакатимизда турли лойиҳаларни амалга оширди. Қуйида Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги бўйича 2018 йилда рўй берган энг муҳим 5 воқеани ёдга олиб ўтамиз.
1. 2018 йил апрель-май. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатимизда меҳмон бўлди. Давлат ташрифи асносида Туркия етакчиси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзоларига мурожаат қилди. Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз мурожаатида “Тамаддун бешиги бўлган бу замин Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби жаҳон илм-фани равнақига улкан ҳисса қўшган алломаларни, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби маънавий раҳнамоларни тарбиялади”, дея Ўзбекистон аҳлига ўз эҳтиромини билдирди.
Ташриф доирасида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, энергетика, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24 та ҳужжат имзоланди.
Бундан ташқари, Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида 50 дан ортиқ янги инвестициявий лойиҳалар бўйича умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг битимлар имзоланди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган Қўшма баёнотни имзоладилар.
2. 2018 йил сентябрь. Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Бинали Йилдирим мамлакатимизга расмий ташриф билан келди. Олий мартабали меҳмонни 24 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди. Мулоқотда томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
“Ўзбекистон ва Туркия халқлари муштарак тарих ва эътиқодга эга. Халқларимиз ўртасидаги қардошлик бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, биродарликнинг илдизлари олис ўтмишга бориб тақалади”, – деди Бинали Йилдирим.
Туркия парламенти раҳбари 24 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида ҳам учрашувлар ўтказди.
3. 2018 йил октябрь. Кимё бўйича Нобель мукофоти соҳиби, асли туркиялик атоқли олим Азиз Санжар Ўзбекистон Миллий университети таклифига кўра юртимизда меҳмон бўлди. Мазкур ташриф Turkish Airlines авиакомпанияси ва TİKA кўмагида ташкил этилди. АҚШнинг Шимолий Каролина университети профессори Азиз Санжар Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов билан учрашди.
16 октябрь куни Ўзбекистон Миллий университетида “Азиз Санжар: сарҳадсиз билим ичра кечган ҳаёт” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Анжуман якунида Азиз Санжарга ЎзМУ фахрий доктори унвони берилди.
Атоқли олим Азиз Санжар Ўзбекистонга келганидан ғоят мамнун экани, негаки, бу замин унинг учун қадрли эканини қайд этди.
“Мен қардошларим билан дийдорлашгани келдим. Менга берилган Нобель мукофоти аслида барча туркий халқларга тегишлидир”, – деди олим.
Туркий оламнинг номдор олими, хусусан, замонавий билимлар, Ғарб фани ютуқларини ўзлаштириш муҳим эканига эътибор қаратди.
“Илм-фансиз жаҳонда ҳурмат-эътибор қозониб бўлмайди. Бунга эса турк дунёси бир ёқадан бош чиқарибгина эришиши мумкин. Ҳамкорликда ишлашда гап кўп. Бизни умумий тил, дин ва тарихий илдизлар боғлаб туради. Биргаликда кўп ишларга қодирмиз, жумладан, илм-фан соҳасида ҳам юксак чўққиларни эгаллай оламиз”, – деди Азиз Санжар.
4. 2018 йил ноябрь. Ўзбекистон фуқароларининг Туркияда визасиз қолиш муддати 30 кундан 90 кунга узайтирилди. Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 10 ноябрь куни шу ҳақдаги қарорга имзо чекди. Расмий Анқара 2007 йилда Туркияга туристик мақсадларда 30 кунгача бўлган муддатда келувчи фуқароларга виза режимини бекор қилган эди. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам 2017 йил октябрида Туркия ватандошлари учун визани расмийлаштиришни соддалаштирди, жорий йил февралда эса ушбу мамлакат вакиллари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этди.
5. 2018 йил декабрь. Туркия Президентининг тегишли қарорига кўра, Меҳмет Сурейя Эр (Mehmet Süreyya Er) ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди. Меҳмет Сурейё Эр 2012-2018 йилларда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) вице-президенти лавозимида фаолият юритган. Унга қадар Туркия Бош вазири идорасида халқ дипломатияси бошқармасида масъул лавозимда ишлаган. 2004−2010 йилларда эса АҚШдаги Мичиган университетида (АҚШ) туркийшунослик фанидан дарс берган. Фалсафа доктори (PhD) Меҳмет Сурейя Эр ўзбек, инглиз, француз, араб, рус, форс ҳамда бошқа тилларни билади.
Эслатиб ўтамиз, Аҳмад Башар Шен 2016 йил 13 декабрдан Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида фаолият юритиб келди. Дипломатнинг Ўзбекистондаги икки йиллик фаолияти таҳлилчилар томонидан сермаҳсул дея баҳоланди.
С.Салим