Тошкентда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган 56-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза, жами 10 та медални қўлга киритди, деб хабар берди “Дунё” АА.
Президент таълим муассасалари агентлиги маълумотига кўра, пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида олимпиада ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда навбатдаги халқаро олимпиаданинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимиз тарихида алоҳида из қолдирганини таъкидланди.
Халқаро олимпиаданинг 10 нафар иштирокчиси – россиялик 5 нафар ўқувчи, Туркия, Исроил, Беларусдан бир нафардан ўқувчи олтин медалга муносиб топилди. Улар орасида Ўзбекистондан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Азимжон Жамолов ҳам биринчи ўринга лойиқ топилди.
Олимпиаданинг мутлақ ғолиблигига ҳамда Россия Фанлар академияси академиги Валерий Лунин номидаги махсус пул мукофотига россиялик Игнатий Тарабрин муносиб топилди.
Қайд этилишича, ўтган бир ҳафта давомида турли мамлакатлардан ташриф буюрган 100 нафарга яқин истеъдодлар нафақат ўзаро куч синашишди, балки билим ва тажрибаларини оширишиб, янги дўстлар орттиришди, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Тошкент, Самарқанддаги қутлуғ қадамжоларни зиёрат қилдилар.