“Ўзбекистон–Жазоир” дўстлик жамияти ташкил этилмоқда

9 январь куни Тошкентда “Ўзбекистон–Жазоир” дўстлик жамиятини ташкил этиш ташаббус гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон илм-фан, маданият ва санъат намояндалари ҳамда Жазоирнинг юртимиздаги элчихонаси вакиллари қатнашди.

Жазоирнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насер Бушерит йиғилганларни қутлаб, дўстлик жамиятининг ташкил этилиши икки мамлакат ва халқ ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

“Биз 2015 йилдаёқ дўстлик жамиятини ташкил этиш масаласини кўтарган эдик. Аммо, афсуски, ўшанда ушбу ғоя амалга ошмай қолди. Чунки Ўзбекистон томонининг барча шарт ва талабларини бажариш имконияти йўқ эди. Ўтган муддат давомида Ўзбекистонда кўплаб ўзгаришлар рўй берди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида ҳам ўзгаришлар бўлди. Яқинда ушбу қўмита раиси билан учрашдим ва у мазкур лойиҳага катта қизиқиш билдирди. Таъкидлаш жоизки, дўстлик жамиятини ташкил этиш таклифи ўзбекистонлик дўстларимиздан чиққан эди”, – деди Насер Бушерит.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ҳам дўстлик жамиятини тузиш ғоясига розилик берган.

“Жазоир ушбу жамиятни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр. Менинг мамлакатимда ҳам “Жазоир–Ўзбекистон” дўстлик жамияти тузилади. Ўзбекистондаги фаолиятимни якунлаб ватанимга қайтгач, ана шу жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга ваъда бераман”, – деди Жазоир элчиси.

Ташаббус гуруҳи аъзолари учрашувида янги жамиятнинг низоми лойиҳаси муҳокама этилди. Уни такомиллаштириш юзасидан фикрлар билдирилди. Шунингдек, йиғилишда дўстлик жамиятининг раиси, раис ўринбосари ва ижрочи директори каби лавозимларга номзодлар тасдиқланди.

Низом лойиҳаси таклифлар асосида мукаммаллаштирилиб тасдиқлангач, жамиятни рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигига мурожаат қилинади.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон–Жазоир” дўстлик жамиятини ташкил этиш таклифи илк бор 2015 йил ноябрда ўзбекистонлик бир гуруҳ фаоллар ва ижодкорлар томонидан илгари сурилган эди.

С.Салим

Шу мавзудаги мақола:

Насер Бушерит: “2019 йил Жазоир ва Ўзбекистон ҳамкорлигида янги саҳифа очади”. 30.10.2018