АҚШнинг халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID) Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги ва Корпоратив бошқарув бўйича илмий марказ билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳукумати, хусусий сектор ва халқаро ҳамжамият вакиллари учун Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш жараёни бўйича бир қатор семинарлар ўтказди. Семинарларга ЖСТ масалалари ҳамда Марказий Осиё ва бутун дунёда савдо масалалари бўйича катта тажрибага эга халқаро эксперт таклиф этилди.
Хусусан, жорий 24 январда бўлиб ўтган семинарда давлат органларнинг 50 дан зиёд вакили иштирок этди.
“ЖСТга аъзолик бутун дунё учун Ўзбекистон халқаро савдо ташкилотининг аъзоси эканлиги, мамлакат “бизнес учун очиқлигини” англатувчи муҳим аломат бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга қўшилиши Ўзбекистон билан ЖСТнинг бошқа аъзолари, шу жумладан, Қўшма Штатлар ўртасидаги икки томонлама савдодан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради”, – деди семинарда сўзга чиққан USAIDнинг Ўзбекистондаги директор Гэри Роббинс.
Халқаро эксперт ва USAID ходимлари, шунингдек, ЖСТга аъзо бўлиш учун USAID билан келгуси ҳамкорликни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан ҳам учрашди.
Ўзбекистон ҳукуматининг яқинда берган баёноти мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлишдан манфаатдорлигини тасдиқлайди. Жараённи аниқ тушуниш Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга, чунки ЖСТга аъзо бўлиш борасидаги ҳаракатлар 15 йиллик танаффусдан сўнг тикланмоқда. Ташкил этилган семинарлар айни шу мақсадга – жараённи теран англашга хизмат қилгани билан аҳамиятлидир.
ЖСТ мамлакатлар ўртасидаги савдо қоидалари билан шуғулланувчи ягона глобал ташкилот ҳисобланади. ЖСТга аъзолик рақобатбардошликни оширишга, савдо ҳажмини оширишга ва бунда бутун дунёда қоида ва таомилларнинг изчиллик билан қўлланилишига кўмаклашади.