Дунёда бир неча йиллардан сўнг нефть, газ ва кўмир тугайди. Шунда инсоният тараққиётини муқобил манбалар, жумладан, атом энергиясисиз тасаввур этиб бўлмайди!
Нефтьни ёқиш пулни ёқиш билан баробардир.
Д. Менделеев
Сайёрамизнинг қарийб 2 миллиард аҳолиси замонавий энергетика хизматларидан фойдалана олмайди. Энергия мавжуд ҳудудларда ҳам ундан фойдаланиш яхши йўлга қўйилмаган. Бу бир жиҳатдан табиий ресурснинг янги манбаларини қидириб топишни тақозо этади, аммо бу ҳозирга келиб бениҳоя катта иқтисодий ва сиёсий масала ҳисобланади. Шуниси ажабланарлики, атом мағзига яширинган энергияни инсон ўз измига бўйсундирар экан, нафақат тинчлик йўлида, балки ҳарбий соҳада, яъни ёвузлик учун ҳам ишлатилиш хавфи мавжуд.
Буюк юнонлар хатоси
Бутун борлиқ энг майда заррачалардан ташкил топганлиги тарихда исботланган. Лекин қадимда юнон олимлари майданинг ҳам майдаси бўлган сўнгги зарра мавжуд, у бўлинмайди, деб тасаввур этишган. Улар бу заррани атом — атомос — бўлинмас, деб атадилар. ХХ асрнинг бошларига қадар ҳатто физик олимлар ҳам юнонларнинг гапига ишониб юраверишди. Бироқ кутилмаганда атомнинг ўзи ҳам яна майда заррачалар: электрон, нейтрон, ядро сингари бўлакчалардан иборатлиги маълум бўлиб қолди. Шундай қилиб, АТОМ замони бошланди!
Тарихга назар ташласак, дунёда илк атом электр станцияси (5МВт) бундан ярим аср муқаддам — 1954 йилда собиқ Иттифоқ ҳудудида ишга туширилди. 90-йиллар бошига келиб дунёнинг 27 мамлакатида 430 дан ортиқ ядро реакторлари ишлар эди. Уларнинг умумий қуввати 340 ГВт бўлган.
Айни пайтда энергия ҳажмини оширмасдан туриб, иқтисодиётни ривожлантириб бўлмаслиги тобора аёнлашмоқда. Бу борада Эрон масаласи МАГАТE эътиборидаги муҳим муаммо бўлиб қолмоқда.
«Ҳақиқий муаммо одамнинг юраги ва тафаккурида жойлашган. Бу физикага оид бўлмаган, лекин ахлоқий, маънавий муаммодир. Одамнинг ичидаги ёвузликни ҳайдаб чиқаришдан кўра, плутоний таркибини ўзгартириш осонроқдир. Бизни хавотирга соладигани — атом бомбасининг портлаши эмас, одам юрагидаги ёвузликнинг кучидир». (Алберт Эйнштейн)
Энг муносиб ечим
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Эрондаги мавжуд барча уранни бойитиш корхоналари фаолиятини буткул тўхтатишга ундаган. БМТ атом энергияси ташкилоти Эрон ҳамкорликдан бош тортгудек бўлса, унинг масаласини Хавфсизлик Кенгашига ошириш-оширмасликни кўриб чиқади. Эрон томонига кўра, мамлакат «ядровий қурол-яроғларни тарқатмаслик» битими доирасида ядровий ёқилғи ишлаб чиқариш жараёнини олиб бориш ҳуқуқига эга. Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг билдиришича, уранни газга айлантириш фаолиятини янгидан бошлаш билан мамлакати ҳеч қандай ноқонуний ишга қўл урмаган.
Энергия ишлаб чиқариш ва истеъмоли бўйича дунёда 1-ўринда турувчи Америка кейинги 10-15 йил давомида энергия муаммосини ҳал этишни Яқин ва Ўрта Шарқ углеводород ресурсларини қўлга киритиш эвазига амалга оширмоқчи. Аммо мазкур минтақа давлатлари океан ортидан ташриф буюражак меҳмонларни қўлларини кўксига қўйиб кутиб олмасликлари ҳақиқатга яқинроқ.
Хитой ҳам атом энергостанциялари ҳиссасини мунтазам ошириб бораётган давлатлардан. Маълумотларга кўра, ядро энергетикасини ривожлантириб бориш дастурида 2020 йилга қадар барча станциялар қувватини етти баравар — 40000 МВт гача ошириш кўзда тутилган. Ҳар бири қарийб 1,5 млрд. доллар бўлган 30 га яқин янги ядро реакторлари қуриш мўлжалланган. Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб станциялар қурилиши ҳам ошади. Эслатиб ўтамиз, 2004 йил сентябр ойида Америка компанияларига Хитойда АЭСни лойиҳалаштириш ва қуришга ҳалал бераётган икки давлат ўртасидаги тўсиқларнинг олиб ташланиши ҳам очиқ айтилган эди.
Ҳиндистон ва Индонезия ҳам яқин 25 йил ичида атом энергетикаси қувватини 5-10 баравар оширишга интилмоқда. Ядро энергетикаси энергия ишлаб чиқаришнинг энг табиий тури ҳисобланади. Шу жиҳатдан мазкур бойликка эҳтиёж ва талаб йилдан йилга ошиб бораётгани бежиз эмас. Бошқача айтганда, ядро энергетикаси энг самарадор манба саналади. Негаки, унда бошқа барча ёнилғи турларига нисбатан энергияга тўйинтирилганлик даражаси юқори. Турли башоратларга кўра, 2050 йилга бориб дунё энергия истеъмоли 15 дан 25 млрд. тоннага етади. Бу миқдордаги ноядровий энергияни сарфлаш табиий ресурсларнинг сезиларли даражада камайиши ва иқлим исишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли яқин ярим аср мобайнида ядро энергетикаси бу борада энг муносиб ечим бўлиши мумкин. ХХИ асрнинг биринчи ярмида дунё кун тартиби бутун инсоният учун энергетика муаммоси қай тариқа ҳал қилиниши билан белгиланади. Углеводородлар асосига қурилган энергетика яқин 10 йил давомида тугаши кузатилмоқда. Янги манбалар очилиши тобора камайиб бораётгани соҳа мутахассисларининг хавотирига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, яқин 30-50 йил ичида углеводород энергияси ўрнини ядро энергиясига дахли бўлмаган бошқа муқобил турлар қоплай олмайди. Агар ядро энергетикаси тезликда ривожланмаса, у ҳолда 10 йиллардан сўнг дунё энергетик етишмовчилик домида қолади.
Буни ҳал қилиш учун инсоният қаршисида икки йўл бор: биз ё энергия истеъмоли ва энергия самарадорлигининг янги даражасига чиқишимиз лозим ёки энергия истеъмолини тобора тежаш йўлига ўтишимиз керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам энергия муаммоси оқибати ўлароқ, жаҳонда ресурслар учун якуни йўқ курашлар бошланади.
Беҳбуд БОТИРОВ. «Ҳуррият» газетасидан олинди
Қизиқарли фактлар:
· Муқобил энергия манбалари йўналишида Тошкентдаги «ФОТОН» корхонасида ҳам диққатга молик ишлар қилинмоқда. Муҳандислар қуёш нурларини электр энергиясига айлантирадиган турли қувватдаги мосламаларни ишлаб чиқаришмоқда. Бу нафақат Ўзбекистон учун балки қуёш йил 12 ой кўриниб турадиган жуда кўп мамлакатлар ҳудудида асқотиши турган гап.
· Дарвоқе, майда зарралар энергиясини юзага чиқариш бобида физиканинг янги йўналиши — нанотехнологияларига катта умид билан қаралмоқда. Нима учун деб сўрарсиз? Тасаввур қилинг: атом бомбаси портлаган пайтдаги энергия тандирдаги олов тафтидан неча баравар кучли? Худди шундай нано зарралар ҳаракатида яширинган қувват атом қуролидан шу қадар кучлидир!
· Уран 235 нинг 90 фоизли критик массасида занжир реакцияси бошланиши учун содда қилиб айтганда, атом портлаши юз бериши учун 50кг уран керак. Худди шу мақсадда плутоний ишлатилса, 10 кг етарли бўлади. Лекин уни қандай портлатиш махфий сирдир.