Украина сайловдан сўнг

Украинада якшанба куни президент сайловининг иккинчи тури бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси овозларнинг деярли 100 фоиз қисмини ҳисоблаб чиқди. Натижалар эса сайловда мухолифат вакили сифатида қатнашган Виктор Юшенко ғалаба қозонганини кўрсатмоқда.

99,59 фоиз овоз ҳисоблангандан кейинги натижалар қуйидагича: Виктор Юшенко учун электоратнинг 52,11 фоиз қисми (15 миллион 81 минг 156 киши) овоз берган. Виктор Януковични эса 44,09 фоиз сайловчи (12 миллион 761 минг 72 киши) қўллаб-қувватлаган. 2,34 фоиз аҳоли эса ҳар икки номзодга қарши овоз берган.

Виктор Юшенко ҳисоблаш жараёни бошлангандан 5 соат ўтибоқ ғалабага эришганини эълон қилди. Пойтахтнинг бош майдонида йиғилган ўз тарафдорлари олдида сўзга чиққан мухолифат етакчиси ушбу ғалаба бутун украиналиклар эришган улкан муваффақият эканини таъкидлади ва ўз тарафдорларини Марказий сайлов комиссияси натижаларни расман эълон қилгунга қадар тарқалмасликка чақирди.

Амалдаги бош вазир Виктор Янукович эса ҳали мағлубиятни тан олганича йўқ. Янукович штаби сайлов жараёнида амалга оширилган сохталиклар учун иккинчи тур натижалари устидан Олий судга шикоят қилишини маълум қилган. Номзоднинг Марказий сайлов комиссиясидаги вакили Нестор Шуфрич сайлов жараёнидаги қонунбузарликларни исботлаб берувчи далиллар мавжудлигини таъкидлаган. Агар мағлуб бўлган тақдирда кучли мухолифатни ташкил этишга қарор қилган Янукович Юшенко билан музокараларга энди йўл йўқлигини билдирган.

Президентлик муддати тобора охирлаб бораётган Леонид Кучма сайлов якунланиши билан ютқазган томон ўз мағлубиятини тан олиши кераклигини таъкидлаган. «Умид қиламанки, бу сўнгги сайлов бўлади», — деган Кучма ОАВга берган интервьюсида.

Украина ўтган овоз бериш тадбири дунёнинг турли давлатларидан келган 12 мингдан ошиқ кузатувчи томонидан назорат қилиб борилди. Иккинчи тур биринчисидан фарқ қилиб, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари томонидан ижобий баҳоланди. ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси раиси Брюс Жорж Украинадаги сайлов демократик стандартларга яқинлашганини эътироф этди.

Европарламент вице-президенти Ятсек Саруш-Волский наздида ҳам Украина президентлик сайлови адолатли ва ҳаққоний ўтди. Дастлабки тур натижалари ноқонуний деб эълон қилган АҚШ томони бу сафарги овоз бериш жараёнини демократик руҳда ўтди, дея эътироф этмоқда. АҚШ томонидан кузатувчи сифатида қатнашган конгрессмен Жим Колби сайлов жараёнида қонун бузилишлари бўлмаганини айтган. «Биз бир қанча сайлов участкаларида бўлдик ва у ерларда қонун талаби доирасида ҳаракат қилишаётгани гувоҳи бўлдик», — деган у «Интерфакс»га берган интервьюсида.

Европа ва Американинг муносабатига қарама-қарши ўлароқ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан ташриф буюрган кузаутувчилар президентлик сайловида қонунбузарликлар кўп учраганини айтишмоқда. Уларнинг фикрича, сайлов жараёнида 1000 га яқин қонун бузилиш ҳолати кузатилган.

Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги сайлов бўйича баёнот берганича йўқ. Лекин ўтган сафар Виктор Янукович ғалабага эришгани тўғрисидаги хабар тарқалгандаёқ унга бир эмас, икки бор табрик йўллаган Федерация раҳбари ҳозиргача Юшенкога қутлов мактуби йўлламаганидан ҳам унинг Украинадаги ўзгаришларга муносабатини билиш мумкин. Маълумотларга қараганда, Виктор Янукович сайлов кампанияси учун 392 миллион доллар маблағ сарфлади. Юшенко эса тарғибот-ташвиқот учун ундан анча кам — 46 миллион доллар ажратди.

Жаҳон матбуоти баҳоси

«Овоз бериш жараёнида аввалгилардан фарқ қилиб, муаммолар камроқ бўлди. Кутилган оммавий тартибсизлик ва жанжаллар бўлмади. Бир ойда уч маротаба овоз беришга мажбур бўлган украиналиклар профессионал сайловчига айланишаёзди. Халқ сиёсий воқеалар таъсирида сўнгги пайтда фавқулодда якдиллик ва ушюқоқлик намойиш этди».

«Независимая газета»

«48 миллион аҳолига эга бўлган ва Европа Иттифоқи ҳамда Россияни ажратиб турган мамлакат — Украинада ўтган президентлик сайловида Виктор Юшенконинг ғалаба қозонгани улкан геосиёсий аҳамиятга эга воқеа бўлди».

«Таймс»

«Украина мустақилликка эришгандан буён ўтган 13 йил давомида мамлакат Кремл соясида яшашга мажбур бўлди. Бугун эса Киев кўчаларида ғалаба ва озодлик шамоли эсмоқда».

«Дейли телеграф»

«Агар янги сайланган президент демократия талабларига содиқлигини билдирса ва НАТО билан алоқаларни яхшилаш тарафдори бўлса, Америка президенти Жорж Буш зудлик билан уни Вашингтонга расман таклиф қилиши керак. Ушбу ташриф Америка томонининг янги ҳукуматни нечоғли қўллаб-қувватлашини ифода этади».

«Файненшл таймс»

Собиржон Ёқубов