Туркманистон тарихий сайёҳлик бўйича энг яхши йўналиш деб топилди

Италиянинг Rai Tre телеканали 2018 йилда саёҳат учун энг яхши йўналишлар бўйича ижтимоий сўров ўтказди. Сўров натижаларига кўра, Туркманистон тарихий саёҳат бўйича энг яхши йўналиш деб топилган.

Оrient.tm ахборот агентлиги хабарига кўра, сўров давомида дунёнинг турли мамлакатларида бўлган сайёҳ томошабинларнинг фикри ўрганилган.

Туркманистон сайёҳлар учун қизиқарли бўлган кўплаб тарихий масканларга эга. Масалан, Олтинтепа шаҳри “Туркманистон Стоунҳенжи” деб аталади. Манбаларга кўра, қадимий шаҳарга бронза  даврида (милоддан аввалги 2300-1900 йиллар) асос солинган. Бу ерда сайёҳлар Элам ва Шумер ёзуви пайдо бўлгунга қадар истифода этилган пиктограммалар билан танишишлари мумкин.

Парфия давлатининг кўҳна кентлари, хусусан, унинг маданий пойтахти Қадимги Ниса шаҳри ҳам сайёҳларни олис ўтмиш сари етаклайди. Марғиёна давлатининг шаҳар ва қўрғонлари ҳам сирли тарихдан нақл қилади.

Туркманистоннинг шарқий минтақаси эса ўрта асрларга хос осори атиқаларга бой. Бу даврда минтақада масжид, мадраса, карвонсарой, тимлар ва мақбаралар барпо этилди. Хусусан, мақбаралар ўзига хос меъморий шаклда бунёд этилган. Масалан, Марвдаги Султон Санжар, Кўҳна Урганчдаги Нажмиддин Кубро, Фахриддин Розий, Султон Такаш мақбаралари сиркорлик ва нақшкорлик усулида серҳашам безатилган. Шунингдек, Ал-Арслон, Тўрабек хоним, Остона бобо каби мақбаралар, Қутлуғ Темур сингари миноралар бу ерда маданият ва илм-фан гуллаб яшнаганидан далолат беради.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил декабрь ойида Туркманистонда Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган тарихий-маданий обидаларда тадқиқот ва қазилма ишларини олиб боришни кўзда тутувчи давлат дастури қабул қилинди.