Туркиянинг Grizu-263A деб аталган биринчи мини сунъий йўлдоши SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракета ташувчисида фазовий тадқиқотлар учун муваффақиятли тарзда коинотга учирилди. Хабарларга кўра, мини сунъий йўлдошдан илк сигнал қабул қилинган.
Туркия телерадиокомпанияси (TRT) сунъий йўлдошнинг илк парвози акс этган қисқа видеолавҳани эълон қилди.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам илмий соҳадаги мазкур илғор натижани олқишлаган.
“2019 йилда TEKNOFEST танлови сунъий йўлдош модели йўналишида биринчи ўринни эгаллаган ёшларимиз томонидан яратилган Grizu-263A мини сунъий йўлдоши SpaceX томонидан орбитага учирилди. Бу лойиҳада илк бор иштирок этишни уддалаган туркиялик ёшларимиз, ўқитувчиларимиз ва лойиҳани қўллаб-қувватлаган муассасаларимизни табриклайман”, – деган Туркия раҳбари.
Илк мини сунъий йўлдош 1992 йил 3 март куни Туркиянинг Зонгулдак вилоятида шахтада рўй берган портлашда қурбон бўлган 263 нафар кончининг руҳига эҳтиром рамзи сифатида Grizu-263A деб номланган.