Анқара шаҳридаги Бештепе миллий конгресси ва маданият марказида Туркия президентининг маданият ва санъат соҳасидаги мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Мукофотни ғолибларга президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон топширди.
2022 йилда миллий мукофотга мусиқа йўналишида Ажда Пеккан, расм йўналишида профессор Сулаймон Саим Текжан, кино йўналишида Йилмаз Эрдўғон, театр йўналишида Айла Алган, фан ва маданият йўналишида профессор Хайриддин Караман, адабиёт йўналишида Явуз Булент Бакилер, мультфильм-анимация йўналишида Варол Яшароғлу, гастрономия йўналишида ака-ука Ўмур ва Юнус Эмре Аккорлар, рақс-балет йўналишида Тан Сағтурк, меъморчилик йўналишида Ҳилми Шеналп, ҳунармандлик йўналишида Севан Бичакчи, анъанавий санъат йўналишида Гулбун Месара сазовор бўлди. Садоқат мукофотига эса марҳум Ошиқ Вейсел лойиқ кўрилди.
Президент Эрдўғон мукофотни топшириш маросимида сўзлаган нутқида санъаткорлар, адабиёт билимдонлари, барча зиёлиларни қутлади. Хусусан, у мусиқа соҳасида мукофотга лойиқ кўрилган Ажда Пекканни санъат оламининг чинорларидан бири деб атади. Профессор Сулаймон Саим Текжаннинг эса наққошлик, ҳайкалтарошлик йўналишидаги асарлари, маърифий фазилатларини эътироф этди. Йилмаз Эрдўғон, Айла Алганнинг театр ва кино ривожига қўшган ҳиссаси ҳам алоҳида баҳоланди.
Р.Т.Эрдўғон олимларнинг мамлакат тараққиётидаги муҳим ўрни ҳақида гапирар экан, “Бизнинг эътиқодимизда олимлар пайғамбарларнинг меросхўри сифатида кўрилади” деб таъкидлади.
Фан ва маданият йўналишида давлат мукофотига лойиқ кўрилган профессор Хайриддин Караман Туркияда ислом илмларини пухта эгаллагани, бағрикенглиги, камтарлиги ва ўзига хос асарлари билан танилган.
“Мусулмонлар дуч келаётган савол ва муаммоларга замонавий ечим излаётган, ислом фиқҳидан, ижтиҳод эшигини очиқ тутиш учун тинмай меҳнат қилаётган устозимизнинг обрў-эътибори, мамлакатимиз cарҳадларидан ҳам ташқарига чиққан. Туркиянинг биринчи имом-хатиб битирувчиларидан бири сифатида устозимиз Хайриддин Караманнинг имом-хатиб авлодини тарбиялашдаги хизматлари катта. Айниқса, у шахсан менинг ҳам устозим бўлгани учун ҳурматимни билдираман”, деди Туркия президенти.
Адабиёт соҳасида мукофотга лойиқ кўрилган Явуз Булент Бакилер бетакрор шеърлари, саёҳатнома, биографиялари билан тилга тушган. Эрдўғон Бакилернинг нутқи қаламидек кучли эканини таъкидлаб, уни “турк тилининг буюк ҳимоячиси” деб атади.
“Бизнинг маданиятимиз – севги маданиятидир. Биз яшаётган география шоирларни султон ва султонларни шоир қиладиган, каломдан ва қаламдан куч-қудрат пайдо бўладиган унумдор ўлкадир” деган нотиқ марҳум Ошиқ Вейселнинг тарихий хизматини ёдга олди.
Туркия етакчиси мамлакатдаги барча истеъдод эгалари эътиқоди, насл-насабидан қатъи назар қадрланишини таъкидлади.
“Биз ўз санъаткорларини ажратган эмас, балки санъаткорларини бағрига олган Туркия ўлароқ ҳаракат қиламиз. Бўйнида қамоқ ҳукми билан мангуликка жўнаб кетган устоз Нажиб Фозилга ҳурмат кўрсатганимиздек, бирпартиялилик даврида зиндонларда ётган Нозим Ҳикматни ҳам ҳимоя қиламиз”, дея хулоса қилди Р.Т.Эрдўғон.