2019 йилнинг 15-16 март кунлари Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Туркия вакиллиги ташаббуси билан Туркиянинг Кўня шаҳрида «Икки қардош давлат: Туркия — Ўзбекистон ва истиқболдаги муносабатларда менинг ўрним» номли анжуман ташкил қилинди. Салжуқ университети мезбонлик қилган мазкур анжуманда Туркиянинг турли олий таълим муассасаларида тадқиқот олиб бораётган ўзбекистонлик докторантлар ўз илмий ишларини ёритишга қаратилган маърузалари билан иштирок этдилар.
Тадбирнинг очилиш қисми икки давлатнинг миллий мадҳияларининг янграши билан бошланиб, Ўзбекистон ва Туркия муносабатларига доир видеолавҳа намойиши билан давом этди. Анжуманнинг очилиш маросимида Салжуқ университети Туризм факультети декани профессор Нежми Уяник, Салжуқ тумани ҳокими Аҳмет Пекятирмажи, Салжуқ университети ректори профессор Мустафо Шаҳин, Салжуқ университети ижтимоий фанлар институти мудири профессор Мустафо Демиржи, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Туркия вакили Эргаш Жумаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқаларга доир нутқ сўзлаб, анжуман ишига муваффақият тиладилар.
Хорижий турклар ва қардош халқлар бошқармаси Ўрта Осиё бўйича масъул ходими Энгин Вурал ўз нутқида Туркияда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ва ёш тадқиқотчилар фаолиятини юқори баҳолаб, анжуманнинг ўзбекистонлик талабаларнинг бевосита ташаббуси билан амалга оширилиши бошқарма тарихида илк маротаба кузатилаётганини таъкидлаб ўтди.
Анжуман ўз ишини турк тили ва адабиёти; тарих, фалсафа ва сиёсат; соҳалараро тадқиқотлар мавзуларида 3 йўналишда олиб борди. Иштирокчилар анжуман якунида «Келажакка оид лойиҳалар» мавзусида ташкил қилинган йиғилишда икки давлат муносабатларини ривожлантириш борасидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан қатнашдилар.
Анжуманнинг маданий дастури доирасида Кўня шаҳри бўйлаб саёҳат амалга оширилди. Анжуман иштирокчилари Кўнянинг тарихий-маданий обидалари, шу жумладан, Жалолиддин Румий музейи, Юсуф оға қўлёзмалар кутубхонаси, Салжуқийлар даврига оид мадрасалар, римликларнинг қадимий масканларидан бири Силле кўҳна шаҳри ва унда жойлашган христианликка оид қадимий черков ва монастирлар, Кўнянинг сўлим гўшаларидан Силле парки, Тропик капалаклар боғига саёҳат уюштирдилар.