Туркия йирик маданий фестивалларга ҳозирлик кўрмоқда

Жорий йил 16 сентябрдан 23 октябрга қадар Истанбул, Aнқара, Чаноққалъа, Диёрбакир ва Кўня шаҳарларида Туркия маданият йўли фестиваллари бўлиб ўтади. Мамлакат маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил қилинган тадбирларда дунёнинг турли давлатларидан кўплаб сайёҳлар иштирок этиши кутилмоқда.

15 мингга яқин санъаткор қатнашадиган фестиваллар доирасида санъат, кино, адабиёт, рақс, мусиқа ва рақамли санъат каби 3000 дан ортиқ тадбир ўтказилади.

Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой мамлакатнинг ўзига хос меросини дунёга танитиш мақсадида ташкил этилаётган фестиваль маданият ва санъат тарғиботида ҳам муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

16-25 сентябрь кунлари Чаноққалъада бўлиб ўтадиган Троя маданият йўли фестивали кўргазмалар, концертлар, учрашув ва суҳбатлар ҳамда маҳорат дарсларидан иборат 100 дан ортиқ тадбирни ўз ичига олади. Фестиваль давомида 1000 дан ортиқ санъаткор 40 дан ортиқ майдонларда ўз чиқишларини намойиш қилади.

Истанбулда Бейўғлу, Aнқарада Маданият йўли фестиваллари 1-23 октябрь кунлари ўтказилади. Бейўғлу фестивали доирасида ташкил етиладиган 46 саҳнада 6000 дан ортиқ санъаткор чиқиш қилади.

Aнқаранинг Улус маҳалласидаги 5,7 километрли йўл бўйлаб ташкил этиладиган 70 га яқин саҳнада эса 5000 га яқин санъаткор иштирокида 500 дан ортиқ тадбир бўлиб ўтади.

Диёрбакирда 8-16 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Сур маданият йўли фестивали доирасида ташкиллаштириладиган 500 га яқин тадбир давомида 2000 дан ортиқ санъаткор ўз маҳоратини намойиш қилади.

19-халқаро Кўня тасаввуфий мусиқа фестивали ҳам санъат ихлосмандларини ўзига жалб қилса ажаб эмас. Мавлоно Жалолиддин Румий таваллудининг 815 йиллиги муносабати билан 22-30 сентябрь кунлари ўтказиладиган фестивалга Испания, Миср, Озарбайжон, Германия, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Эрондан ҳам мусиқачилар таклиф етилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Анқара ва Истанбул шаҳарларида бир вақтнинг ўзида “Пойтахт маданият йўли” ва “Бейўғлу маданият йўли” фестиваллари ўтказилган эди. Бу йил эса мезбон шаҳарлар сони 5 тага етди.