Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Буюк Британиянинг “The Economist” нашрида чоп этилган мақоласида расмий Анқара нима учун Швеция ҳамда Финляндиянинг НАТОга киришига қарши чиқаётгани сабабларини тушунтирди.
Мақолада НАТОдаги ҳамкорлар Туркиянинг мазкур тузилмага қўшган ҳиссасини унутиб қўйганлари баён этилган.
“Туркиянинг НАТО жамоавий хавфсизлигидаги ҳиссасини қадрлаб келган ҳамкорларимиз миллий хавфсизликка таҳдид йўқолиши билан (Туркиянинг ҳиссасини) унутдилар. Туркиянинг муҳим аҳамиятини Болқондаги инқироз каби беқарор даврларда ёдда тутган ҳамкорларимиз узоқ муддатли барқарорликка Туркиясиз эришиб бўлади дея хато ўйладилар”, – деб ёзади Р.Т.Эрдўғон.
Туркия раҳбари айрим аъзо давлатларнинг НАТО борасидаги пухта ўйланмаган фикрларини танқид қилар экан, ҳарбий иттифоқнинг муҳим эканини урғулаган. Айни чоқда, халқаро тузилма замонавий талаб-эҳтиёжларга кўра ислоҳ этилиши лозимлигини таъкидлаган.
Эрдўғон, хусусан, НАТО тизимида терроризмга қарши кураш қониқарли эмаслигини қайд этган. Мақолада айтилишича, расмий Анқара НАТОни геосиёсий тангликларга тайёр бўлишга ундаб келган, аммо бу даъват эътиборсиз қолдирилган. Украина уруши эса бу даъват қанчалар тўғри бўлганини тасдиқламоқда.
Мақолада Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши масаласида расмий Анқара позициясига ҳам ойдинлик киритилган. Туркияга кўра, Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қабул қилиниши ўз хавфсизлиги ва ташкилот келажаги учун хавф туғдиради.
Маълум бўлишича, Туркия мазкур давлатларга “Курдистон ишчилар партияси” деб аталган террорчи ташкилоти ва унинг аъзоларига доир аниқ далилларни тақдим этган, аммо улар терроризмга қарши курашда етарли эътибор қаратмаган. Расмий Анқарага кўра, Стокҳолм ҳамда Ҳелсинки Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан террор ташкилоти сифатида тан олинган PKK/PYD террорчи ташкилотларини ҳар қандай шаклда қўллаб-қувватлашни бас қилиши керак.
Мақолада, шунингдек, Туркияга қурол етказишга қўйилган эмбарго ҳам иттифоқчиларга ярашмаган чора деб баҳоланган. Керакли қадамлар ташланмаса, Туркия бу борадаги позициясини ўзгартирмайди.
“Терроризм на дин, на миллат ва на ирққа мансуб. НАТОнинг асосий мақсадларидан бири ҳар бир аъзо давлат тинч аҳолига зарар етказишни кўзлаган ҳар қандай ташкилотга қарши турмоғи лозим. Бу борада бирор бир давлат имтиёзга эга бўлиши мумкин эмас”, – деб ёзади президент Эрдўғон.
Таъкидланишича, НАТО аъзолари террорга қарши курашда иккиёқлама стандартларни йўл қўяр экан, ҳарбий иттифоқ обрўси поймол бўлиши ҳеч гап эмас.