Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Туркия Республикасининг 93 йиллиги муносабати билан мактуб йўллади.
Жадал иқтисодий тараққиёт, кучли демократия, инсон ҳуқуқлари қадриятларига садоқат, қатъий ва кўп векторли ташқи сиёсат боис Туркия минтақа ва бутун дунё учун илҳом манбаи бўлмоқда, дейилади Туркия етакчиси мактубида.
Мамлакатнинг 81 музофоти ҳамда хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарда ўқиб эшиттирилган мактубда 15 июль кунги давлат тўнтаришига уриниш ҳам эслаб ўтилган. Таъкидланишича, халқ бир ёқадан бош чиқарар экан, Фатҳулла Гулен бошчилигидаги FETÖ террорчи ташкилоти ва бошқа бузғунчи гуруҳларнинг мамлакатни парчалаб ташлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари асло рўёбга чиқмайди.
“Республика эълон қилинганининг 100 йиллиги санаси – 2023 йилга қадар олдимизга қўйган мақсадларни амалга оширишда фуқароларнинг Ватан ҳимояси йўлидаги қатъияти кафолат бўлади”, – дейилади Туркия Президенти мактубида.
Давлат раҳбари мактубида Туркиянинг 2200 йиллик тарихга эга давлатчилиги, хусусан, Салжуқийлар ва Усмонийларнинг бой мероси ҳам ёдга олинган.
Туркия Республикаси сўнгги йилларда катта ютуқларга эришди ва дунёнинг етакчи давлатлари сафидан ўрин олди, дейилади мактубда.
Туркия Республикаси эълон қилинганининг 93 йиллиги муносабати билан мамлакат пойтахти Анқарада қатор расмий тадбирлар уюштирилди. Хусусан, мамлакат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғон бошчилигидаги давлат ва жамоат арбоблари Республика асосчиси Мустафо Камол Отатурк қабрига гулчамбар қўйди.
Шунингдек, Миллий байрам муносабати билан Президет саройида расмий қабул маросими ташкил этилди. Унда мамлакат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғон, парламент спикери Исмоил Қаҳрамон, бош вазир Бинали Йилдирим билан бирга 2000 га яқин меҳмон қатнашди.
29 октябрь – Республика эълон қилинган кун муносабати билан Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам Тошкентда расмий қабул маросими уюштирди.
Эслатиб ўтамиз, 1923 йил 29 октябрда Туркия Буюк Миллат Мажлиси томонидан Туркия республика деб эълон қилинган. Ўшандан буён мазкур сана мамлакат миллий байрами сифатида тантана қилинади.
Собир Салим