Туркия Ғалабанинг 95 йиллигини байрам қилмоқда

Туркия Республикаси мамлакат ҳаётидаги муҳим сана, 30 август – Ғалаба кунини кенг тантана қилмоқда. Шу муносабат билан Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам қабул маросими уюштирди.

Дипломатлар, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги тадбирда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг байрам нутқини ўқиб эшиттирди.

“Турк халқи 1919 йилда Самсунда Ғозий Мустафо Камол раҳнамолигида бошлаган истиқлол учун кураш, йўқчилик ва машаққатларга қарамай, 30 август куни Бош қўмондонликнинг Майдон курашидаги ғалабаси билан якунланди… Бу ғалаба сиёсий ва ижтимоий аҳамияти жиҳатидан тарихни бошқа ўзанга буриб юборди, империалистларга қарши истиқлол кураши олиб бораётган кўплаб мазлум халқларга илҳом ва умид манбаси бўлиб хизмат қилган. Туркия 95 йил аввал бўлганидек, ўз иқтисодий ва сиёсий мустақиллигига қаратилган таҳдидларни, ҳужум ва қўпорувчилик ташаббусларини бартараф этиш борасида қатъият кўрсатиб келмоқда. FETO, ИШИД, PKK, PYD каби қўли қонга ботган террорчилик ташкилотларига қарши қонун, адлия ва демократия доирасида биз олиб бораётган кураш бу масалага алоҳида аҳамият қаратаётганимизнинг исботидир”, – дейилади Туркия Президенти нутқида.

Туркияга қарши тиш қайраган ташқи душманларнинг ҳамон кўплиги 2016 йил 15 июлдаги давлат тўнтаришига уринишда яна бир бор исботланди.

“Азиз халқимиз 15 июлда давлат тўнтаришга уриниш пайти “Ё истиқлол, ё ўлим!” танлови билан юзма-юз қолди ҳамда достонларга лойиқ жасорат кўрсатиб, нималарга қодирлигини намойиш этди. Турк халқи ўша тунда 250 нафар шаҳид ва 2193 қаҳрамон эвазига нафақат тўнтаришга уринишни бартараф этди, балки ўз юртига муҳаббати, демократия ва эркинликка ҳурматини ҳам кўрсатди”, – дейилади Ражаб Тоййиб Эрдўғон нутқида.

Қайд этилишича, Туркия бу кураш орқали нафақат ўз фуқаролари, балки глобал хавфсизликка ҳам катта ҳисса қўшмоқда. Бу йўлда эса мамлакат “Бир халқ, бир байроқ, бир ватан ва бир давлат” ғояси атрофида жипслашган халққа ҳамда дўст ўлкаларга таянади.

Тадбирда Туркия истиқлоли учун курашган зотлар эҳтиром ила ёдга олинди.

30 август – Ғалаба куни (Zafer Bayramı) Туркия ҳамда бутун дунёдаги турклар томонидан байрам қилинади. 1922 йили 30 август куни Думлупинардаги мустақиллик учун ҳал қилувчи курашда Туркия ўғлонлари душман қўшини устидан ғалаба қозонган эди. Бу кун тантанали тадбирлар, парад ва ҳарбий маршлар уюштирилади. Туркия кўчалари миллий байроқ ва Мустафо Камол Отатурк портретлари билан безалади.

С.Салим