Туркия элчиси: Таълим – Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири

Туркия Ўзбекистон билан маданият-гуманитар жабҳа, хусусан, таълим соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади. Бу ҳақда қардош ўлканинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар 2 июль куни Тошкентда ўзбекистонлик оммавий ахборот воситалари вакиллари билан норасмий форматда ташкил этилган учрашувда маълум қилди.

Таълим жабҳасидаги алоқалар ҳақида гапирар экан, дипломат жорий йил 28 июнь куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон ва Туркия Республикалари ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилишини ёдга олди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Туркия томонидан вице-президент Фуат Октай ҳамраислик қилди. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги, шу жумладан, таълим йўналишидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Маълум қилинишича, Тошкентда ўтиши кутилаётган Стратегик ҳамкорлик кенгаши иккинчи йиғилиши кун тартибига ҳам турли соҳалар қаторида таълимга доир дастурларни янада кенгайтириш масаласи киритилган.

Элчи Олган Бекар журналистлар билан мулоқот давомида сиёсат, туризм, соғлиқни сақлаш каби йўналишдаги ҳамкорликка доир саволларга ҳам батафсил жавоб берди.

“Турк ва ўзбек халқларининг бир-биридан ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. Айрим сабабларга кўра биз бир-биримиз билан маълум муддат айро қолдик. Робиталаримизнинг ҳозирги босқичида янада яқинлашув ва ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади”, – деди Туркия элчиси.

Элчи О.Бекар жорий йил 23 апрель куни Президент Ш. Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширган.
Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати

О.Бекар Туркиянинг Ўзбекистондаги – “ота юрт”даги элчиси бўлиб ишлаш икки карра шараф эканини  алоҳида таъкидлади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Олгар Бекар 1969 йили Туркиянинг Гулнар шаҳрида туғилган. Анқара университети сиёсатшунослик факультетини тамомлаган. Вена (Австрия) университетида сиёсий фанлар доктори илмий даражасини олган.

Туркиянинг Озарбойжон, Германия, Сомали каби давлатларидаги дипломатик ваколатхоналарида ҳамда мамлакат ташқи ишлар вазирлигида масъул лавозимларда фаолият юритган.

О.Бекар жорий йил март ойидан юртимизда фаолият юритмоқда. У 23 апрель куни Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширган.

С.Салим