2019-2020 йиллар давомида Ўзбекистоннинг НАТО билан ҳамкорлиги Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси кўмагида амалга оширилади. Жорий йил 4 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистоннинг НАТО билан алоқа элчихонаси ваколати Латвия элчихонасидан Туркия элчихонасига топширилгани маълум қилинди.
Маросимда сўзлаган Туркиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен Ўзбекистон НАТО билан 1992 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келаётгани, эндиликда бу борада Туркия элчихонаси кўмак беришга тайёрлигини қайд этди.
Дипломатга кўра, расмий Анқара бутун дунёдаги, жумладан, минтақада тинчликни қарор топтириш борасида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Хусусан, НАТОнинг АҚШдан кейинги иккинчи қудратли давлати cифатида Косоводан Ироққа қадар – дунё мамлакатларида барқарорликни таъминлаш ишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Туркиянинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг эса Туркияни ишончли ҳамкор деб атаган.
“НАТО ўз ваколатхонасига эга бўлмаган давлатларда алоқа элчихонаси ваколатини аъзо мамлакатлар дипломатик ваколатхонасига топширади. Туркия учун Ўзбекистон алоҳида қимматга эга давлат саналади. Шу боис биз Брюсселга – НАТО раҳбариятига ушбу ваколатни элчихонамизга топширишларини сўраб мурожаат қилдик. Таклифимиз қўллаб-қувватланди. Қардош Ўзбекистонда ушбу шарафли вазифани бажариш ишониб топширилганидан икки карра хурсандмиз”, – деди элчи Аҳмет Башар Шен.
Элчига кўра, бу борада Туркия катта тажрибага эга. Масалан, яқин йилларда турк дипломатик ваколатхоналари Ироқ, Босния ва Герцеговина каби мамлакатларда ҳам алоқа элчихонаси вазифасини муваффақиятли бажарди.
“НАТО минтақада, хусусан, Афғонистонда тинчликни сақлаш бўйича кўплаб ишларни амалга оширмоқда. Бу борада эса Ўзбекистоннинг ўрни ва аҳамияти катта. Дейлик, Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами ҳам Ўзбекистон орқали ўтади. Ўз навбатида, Афғонистонда барқарорлик ўрнатилишидан Ўзбекистон ҳам манфаатдор. Шу боис бу жабҳада ҳам ўзаро ахборот алмашувини кучайтиришга ҳисса қўшиш ниятидамиз. Сирасини айтганда, икки ўртада кўприк бўлишга ҳаракат қиламиз”, – деди Туркия элчиси.
Қайд этилишича, Туркия элчихонаси ваколатли дипломатик миссия сифатида ўзбекистонликлар НАТО ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлишига эътибор қаратади. Шу билан бирга, келгуси икки йил давомида НАТО вакиллари ўртасидаги учрашувларни мунтазам ташкил қилиш режалаштирилган.
Элчи Аҳмет Башар Шен Туркия элчихонаси ушбу шарафли, айни чоқда, масъулиятли вазифани бажариш учун НАТОга аъзо давлатлар элчихоналари билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишини таъкидлади.
Туркия Шимолий Атлантика Иттифоқи – НАТОга 1952 йил 18 февралда, яъни тузилма ташкил этилганидан уч йил ўтиб аъзо бўлган. Ўртаер денгизи ва Яқин Шарқ минтақасида стратегик нуқтада жойлашган Туркия қарийб 70 йилдан бери НАТОнинг ишончли аъзоси бўлиб қолмоқда. Расмий Анқара Шимолий Атлантика Иттифоқи шафелигида тинчликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган дастурларда фаол иштирок этиб келади.
С.Салим