Туркия: Чаноққалъа қаҳрамонлари ҳамон тирик

Туркия тарихидаги шонли муҳорабалардан бири – Чаноққалъа жангида қозонилган ғалабанинг 102 йиллиги муносабат билан мамлакат бўйлаб байрам тадбирлари ўтказилмоқда.

18 март – Чаноққалъа шаҳидларини ёд этиш куни муносабати уюштирилган тадбирда Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон қатнашган ва нутқ сўзлаган.

Туркия етакчисига кўра, Чаноққалъа ғалабаси турк халқи ватани, дини, озодлиги ва истиқболи учун ҳар қандай синовларга тайёр эканининг яққол исботидир.

Президент Эрдўғон ўз нутқида 15 июль кунги давлат тўнтаришига уриниш чоғи бутун дунё Чаноққалъа шаҳидларининг руҳи ҳалигача тирик эканига гувоҳ бўлганини таъкидлади.

Бундан 102 йил аввал рўй берган жанг билан ўтган йил 15 июлдаги воқеаларни ўзаро муқояса этган Туркия раҳбари 15 июль кечаси энг замонавий қуроллар ҳам халқ ишончи ва қатъияти олдида чорасиз қолганига урғу берди.

18 март – Чаноққалъа шаҳидларини ёд этиш куни муносабати билан Тошкентдаги турк мактабида ҳам анжуман ўтказилди. Тадбирда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен қатнашиб, мазкур тарихий сананинг аҳамияти хусусида сўзлади. Сўнгра дипломат байрам муносабати билан уюштирилган расм, шеър, иншо ва Истиқлол маршини ифодали ўқиш танловлари ғолибларига совғалар топширди.

Чаноққалъа ғалабаси – Туркия тарихининг шонли саҳифаларидандир.

Биринчи жаҳон урушида Истанбул шаҳрига кўз тиккан Буюк Британия ва Франциянинг ҳарбий денгиз флотлари Чаноққалъа бўғозини денгиз йўли орқали босиб олишга ҳаракат қилади. Мазкур жанг Усмонлилар армияси ва денгиз кучларининг ғалабаси билан якунланади. Ғарб империялари бўғозни денгиз орқали босиб ололмагач, қуруқликдан уруш бошлайди.

Шу тариқа Чаноққалъа яқинида 1915 йил 19 февралдан 1916 йил 9 январга қадар денгизда ва қуруқликда омонсиз курашлар кечади.

Биринчи жаҳон урушида бурилиш ясаган ушбу муҳорабада турк халқи улкан жасорат ва минглаб шаҳидлар эвазига Чаноққалъа бўғозини сақлаб қолади.

Туркия ушбу ғалабани алоҳида қадрлайди. Миллат зиёлилари Чаноққалъа қаҳрамонлари ва шаҳидлари асло унутилмаслигини таъкидлаб келади.

С.Салим