Тошкентда “Озарбайжонни кашф эт” ҳужжатли фильми тақдимоти бўлиб ўтди

10 май куни Тошкентдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида Озарбайжон умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази томонидан ташкил этилган маърифий тадбирда дипломатлар, халқаро ташкилотлар ва давлат идоралари вакиллари, Ўзбекистон маданият намояндалари, журналистлар ва маҳаллий озарбайжонлар иштирок этдилар.

Маросим иштирокчилари меҳмонхона залида атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ҳаёти ва фаолияти, Озарбайжон эришган ютуқлар, сайёҳлик имкониятлари ва миллий маданиятига бағишланган кўргазма билан танишдилар.

Тадбирда сўзга чиққан Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Қулиев умуммиллий раҳбар Ҳайдар Алиевнинг ҳаёти ва фаолияти, мустақил Озарбайжоннинг меъмори ва асосчиси сифатидаги хизматлари ҳақида гапирди. Элчи Ҳайдар Алиев ғояларини муваффақиятли давом эттираётган президент Илҳом Алиев мамлакат иқтисодий қудратини ошириш йўлида муҳим ишларни амалга оширгани, бу йўналишдаги тадбирлар давом эттирилаётганини таъкидлади. Шунингдек, элчи 44 кунлик Ватан уруши ва Озарбайжон армиясининг ёрқин ғалабасига тўхталди.

Дипломат, шунингдек, Ҳ.Алиевнинг Озарбайжон–Ўзбекистон дўстона алоқаларини мустаҳкамлашдаги тарихий хизматларини юқори баҳолади.

Сўнгра “Озарбайжонни кашф эт” лойиҳаси доирасида шу номдаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Картинада Озарбайжоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, пойтахт Боку, Габала, Шеки, Ганжа, Нахчивон ва Шушанинг диққатга сазовор жойлари, сайёҳлик имкониятлари, тарихий обидалар, миллий пазандалик анъаналари акс эттирилган.

Қайд этиш жоизки, ҳужжатли фильм Озарбайжон Диаспоралар билан ишлаш давлат қўмитаси кўмагида Ўзбекистоннинг “Saqich Creative Media” компанияси томонидан cуратга олинган. Ғоя муаллифлари – Самир Аббосов, Элшан Намозли ва Гулнора Асадовалардир.

Тадбир сўнгида иштирокчиларга Ўзбекистон ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи “Fly Khiva” авиакомпанияси томонидан Тошкент–Боку рейси учун “Оловлар юртига саёҳат” номли купон туҳфа қилинди.