Тошкентда олмон тилининг ёш билимдонлари беллашди

Тошкентда олмон тили бўйича ифодали ўқиш танлови бўлиб ўтди. Анъанавий равишда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ўтказиб келинаётган танловда мамлакатнинг турли вилоятларидан келган 40 нафар мактаб ва академик лицей ўқувчилари ўзаро беллашди.

Ёш билимдонларнинг олмон тилидаги матнларни ифодали ўқиши ҳамда уни идрок этиш қобилияти Гёте институти, Германия элчихонаси ҳамда Хориждаги мактаблар марказий бошқармаси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

“А” гуруҳида Темур Раззоқов (Хоразм), Гулноз Каяева (Самарқанд) ҳамда Низомиддин Шамсиев (Тошкент), “В” гуруҳида Ферузабону Ражабова (Бухоро), Онахон Илҳомбекова (Хоразм) ҳамда Отабек Шавкатов (Тошкент), “С” гуруҳида Гўзалхон Турсунова (Наманган), Моҳира Исмоилова (Хоразм) ҳамда Шаҳло Суюнова (Қашқадарё) 1-3 ўринларни эгалладилар.

Ғолибларни Германия элчихонасининг маданият ва матбуот ишлари бўйича атташеси Horieh Adlkhah хоним табриклади.

Маълумотларга қараганда, ҳозирда Ўзбекистондаги 1600 мактабнинг 300 мингдан зиёд ўқувчиси олмон тилини ўрганмоқда. 10 та мактабда олмон тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. 6 та ўрта таълим мактаби эса олмон тили бўйича диплом (DSD) бериш ҳуқуқига эга.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 4 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган анъанавий олмон тили ўқитувчиларининг 14-анжуманида Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер Ўзбекистон олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этган эди.

Шу мавзудаги мақола:

Тошкентда олмон тили бўйича энг яхши ёш нотиқлар аниқланди. 16.03.2017