Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ факультетининг ўттиздан ортиқ талабаси “ЕИнинг мини-модель-2017” интерфаол ўйинида иштирок этди. ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва ТДЮУ ҳамкорлиги маҳсули бўлган тадбир ЕИнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот кампанияси доирасида ташкиллаштирилди.
“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш – Европа Иттифоқи фаолиятининг Ўзбекистон Республикасидаги устувор йўналишларидан биридир. Биз ҳамиша турли томонларнинг мулоқоти ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини, шу жумладан, таълим, маданият ва спорт масалаларини муҳокама қилиш юзасидан майдон яратиш тарафдори бўлиб келганмиз. Бугунги ўйинимиз – шундай майдоннинг ажойиб намунасидир. Бугун талабалар инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинлиги юзасидан чуқур билимини намойиш этди”, – деди ЕИнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Эдуардс Стипрайс.
“ЕИнинг мини-модель-2017” ўйини доирасида талабалар ўзларини инсон ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш соҳасида ЕИ мамлакатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича дипломатлар ролида синаб кўрдилар. Ўйиндан кўзланган мақсад талабаларда танқидий тафаккур, оммавий чиқиш қилиш ва музокаралар олиб бориш малакасини такомиллаштириш, тадқиқот услуби ва усуллари билан таништириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий қадриятларни тарғиб этишдан иборатдир.
Интерфаол ўйиннинг барча иштирокчилари соврин ва сертификатлар, ғолиблар эса махсус совғалар билан тақдирланди.